Шу муносабат билан Пусан шаҳрида бўлиб ўтган тадбирда Ўзбекистоннинг Сеулдаги элчихонаси ходимлари, Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг Корея Республикасидаги вакиллари, Пусандаги олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар ва хорижлик меҳмонлар иштирок этди.
Тадбирда сўнгги пайтларда Ўзбекистонда ёшлар масаласига давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири сифатида қаралаётгани, ёшларга билдирилаётган ишонч йилдан йилга мустаҳкамланиб, уларнинг жамиятда фаол бўлиши, ўқиб илм олиши ва юрт равнақи йўлида муносиб меҳнат қилиши учун барча имкониятлар яратилаётгани таъкидланди.
Қайд этилдики, юртимизда ёш авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, айниқса хорижда таълим олаётган ҳамда меҳнат қилаётган ёшлар билан олиб борилаётган ишларни тизимли йўлга қўйиш борасида амалий ишлар қилинмоқда. Ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга зарур шарт-шароитлар ва имкониятларни яратиб бериш борасида мустаҳкам ҳуқуқий база яратилиб, бу тизим замон талабларига ҳамоҳанг равишда такомиллаштириб борилмоқда.
Бугунги тадбир замирида ҳам давлатимиз томонидан белгилаб берилган ёшлар келажаги билан боғлиқ ҳар қандай вазифа бирламчи аҳамиятга эга экани ётибди.
Тадбирда «Пусандаги ўзбекистонлик талабалар уюшмаси»нинг ушбу шаҳардаги ўнгга яқин олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик ёшларни бирлаштирувчи ташкилот бўлишига ишонч билдирилди.
- Уюшмани ташкил этишдан асосий мақсад Жанубий Кореянинг Пусан шаҳрида жойлашган олий ўқув юртларида бакалавриат, магистратура, докторантура йўналишларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талаба юртдошларимизни бир жамоа бўлиб бирлаштириш, уларга керакли маслаҳатлар бериш, уларни юртимизда амалга оширилаётган ижобий ислоҳотлар билан таништириш, мамлакатимизнинг бой тарихий, маданий ва туристик салоҳиятини хорижликлар орасида кенг тарғиб этишга қаратилган, -деди «Пусандаги ўзбекистонлик талабалар уюшмаси» етакчиси, Пукёнг миллий университети талабаси Муҳаммаджон Бекмирзаев.
Бундан ташқари, Пусан шаҳрида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабаларни ва илмий изланишлар олиб бораётган ёш олимларни турли семинар ва анжуманлар ташкил этиш орқали бирлаштириш, талабаларимиз иштирокида қатор маданий ва маърифий тадбирлар ҳамда турли спорт мусобақаларини ташкил этиш, Ўзбекистон фуқароларига таълим, суғурта, виза ва бошқа ҳуқуқий масалалар бўйича консалтинг ёрдам кўрсатиш, мунтазам равишда турли стипендия дастурлари ҳақида маълумот бериш ва уларга ариза топшириш бўйича йўл-йўриқ кўрсатиш, турли йўналишларда таҳсил олаётган ва изланаётган талабаларимиз учун ягона тармоқ яратиш ҳам олдимизга қўйилган вазифалардан саналади.
- «Пусандаги ўзбекистонлик талабалар уюшмаси»нинг ташкил этилиши хорижда таълим олаётган ўзбекистонликлар билан ишлаш, жумладан, улар билан мунтазам равишда мулоқот олиб бориб, ёшларни қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган ишларимизнинг давомидир,- деди Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг Корея Республикасидаги ваколатхонаси раҳбари Елена Чуянова. – Истиқболда Ассоциациямиз қошида ташкил этилган «Пусандаги ўзбекистонлик талабалар уюшмаси» фаоллари билан биргаликда ёшларимиз учун фойдали бўлган қатор лойиҳаларни амалга оширишни режалаштирганмиз.
Иштирокчилар, шунингдек, мамлакатимизда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларнинг устувор йўналишлари ва Бош қомусимизга киритилаётган ўзгаришларнинг мазмун-моҳияти билан ҳам таништирилди. Янгиланаётган Конституция юртимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги ривожига хизмат қилиши, энг аввало «Инсон қадри учун» ғоясини устувор йўналиш сифатида белгилаши қайд этилди.
Талабалар янгиланаётган Конституциямизда ёшлар масаласи алоҳида боб даражасига олиб чиқилаётганидан мамнун эканликларини айтиб, жорий йил 30 апрель куни ўтказиладиган «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида»ги Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича референдумда фаол иштирок этишларини билдирди.