Давлат тест маркази мутахассилари абитуриентларда пайдо бўлаётган мазкур саволга жавоб берди:
— Қайд этиш лозимки, қабул параметрларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлашда Давлат тест маркази иштирок этмайди. Бу масала Давлат тест маркази ваколатига кирмасада, кўпчиликда тушунмовчилик бўлаётгани сабабли қуйидагиларни маълум қилмоқчимиз:
Маълумки, 2022 йил 17 май куни Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги томонидан олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисида қарор лойиҳаси эълон қилинди.
Мазкур қарор лойиҳасига эътибор қаратилса, унинг 2-бандида 2022-2023-ўқув йилидан бошлаб молиявий ва академик мустақиллик берилган олий таълим муассасаларининг тўлов-контракт асосидаги қабул параметрлари олий таълим муассасалари Кузатув кенгашлари томонидан мустақил белгиланиши қайд этилган.
Шунингдек, қарор лойиҳасининг иловаларидан кўриш мумкинки, молиявий ва академик мустақиллик берилган олий таълим муассасаларида фақатгина давлат гранти асосидаги қабул параметрлари кўрсатилган. Тўлов-контракт асосида қабул параметрлари эса кўрсатилмаган.
Қарор лойиҳасида мазкур олий таълим муассасалари учун тўлов-контракт асосидаги қабул параметрларининг келтирилмагани қабул параметрлари камайтирилибди деган янглиш фикрга олиб келмаслиги лозим.
Албатта, қабул параметрлари қанчалик ўзгарганини барча олий таълим муассасалари учун қабул параметрлари тасдиқланганидан сўнг билиш мумкин.