Намозшом. Бизни “Бурҳониддин Марғиноний”га олиб бораётган ҳайдовчининг бир сония бўлса-да, оғзи тинмайди. Йўл бўйи аския қилади, қизиқ гапларни айтади. Икки йил олдин бу муҳташам мажмуа ўрни шўраю янтоқдан бўлак нарса ўсмайдиган бўз ер бўлганини, бир кечада устига бахмал гилам тўшалган-у, фусункор шаҳарча олиб келиб қўйилганини, энди Марғилонга шунчаки кириб бўлмаслигини айтиб мақтанар, ҳодисаларни бўрттириб сўзлаб бераётганидан ўзи ҳам завқланар эди.
Уни тинглаб, бир жойда ўқиганим қизиқ воқеа эсимга тушади. Бир куни савдогар кичкина ўғлини отга мингаштириб, Ўшдан Қўқонга қараб йўл олади. Марғилоннинг Тақачилик даҳасига етганида “Қани энди отдан тушинг, ўғлим, бу ерларда отда юриб бўлмайди, Марғилонга кириб келяпмиз”, деб боласини даст кўтариб отдан тушириб қўяди. Болакайнинг оёғи қавариб кетади, йиғлайди, хархаша қилади, лекин то Марғилондан чиқиб кетгунича отаси уни отга миндирмайди. Шаҳар қибласидаги бир даҳадан ўтгандан сўнг “Энди отга минсак бўлади, тойчоғим, қани, келинг-чи”, деб ўғлини Қўқонга олиб кетади.
Марғилоннинг ўзгача муҳити мана шундай қутлуғ заминда камол топган қанчадан қанча ориф зотларнинг, авлодларининг баракоти, ҳидояти шарофати билан шаклланганига тобора ишониб борарканман, бу пайтда шерикларим ҳайдовчидан ҳудудга нега Марғилон номи берилгани, бу сўз нимани англатишини сўради. Зукко одам экан, шартта ўз мулоҳазасини билдирди: “Марғ” — майсазор, ўтлоқ деган маънони англатишини биламан, шунда Марғилон — яйловзор мазмунини беради, янаям олимлар аниғидан хабардор”. Агар бирор ном жой, халқ, аҳолининг фаолияти, тақдири билан боғлиқ равишда юзага келишини ҳисобга олсак, бу фаразда жон бор. Шаҳар Марғилонсой ҳавзасидаги кенгликда, унумдор заминда пайдо бўлган.
Марғилон номининг келиб чиқиши маҳаллий халқ орасида шоҳ Искандар номи билан боғланиши тўғрисидаги ривоятлар мавжуд экани ёдимга тушади. Интернетдан электрон шаклини юклаб
оламан-у, қўйнида тилла беркитаётган одамдек букилиб ўқийман. Исҳоқхон
Ибратнинг “Ҳазрати Искандар замонларида ақсойи шарқға борганларида Фарғона
ерида бир-икки Форсистондан муҳожир бўлиб келиб ўлтирган бечора деҳқони
бодиянишинлар бор экан. Подшоҳга арзи аҳвол қилмоқ бўлиб, пешкаш учун нону туз
ўрниға бисотларидаги товуқларини пишириб ҳазрати Искандарга тутган эканлар.
Анда ҳазрати Искандар савол қилубдурларки, бу нимадур, деб. Анда арз
қилғувчилар форсий лафзда жавоб берубдурларки мурғу нон, яъни товуқ билан нон
деганларида, подшоҳ Искандар арзларинг нимадир, деганларида: “Арзимиз, бул
турғон жойимизни шаҳар қилиб берсангиз”, деганларида, умаролари ичидан бир
бофаросат соҳиби ақл кишини таъйин қилиб, шаҳар қилмоқға амр қилғон эканлар. Ул
кишининг оти Фарғона баҳодир экан. Ул киши неча йиллар ҳаракат қилиб, ҳар
шаҳардан ва ҳар хонадан одам олиб, ўтқузуб, оти “ҳархона” деб қўюб, “ҳархона”ни
Фарғона ўқуб, пархона, парғона деб ўқуб ва ҳам ул муассис кишини исми қавийроқ
бўлиб, Фарғона умумий иқлимга исмдур. Чунончи, мунга далил Марғинонда подшоҳ
Искандар деган ийдгоҳ мазор бордур, ул киши тушган ерлардур”.
Бундай маълумотлар, шубҳасиз, ривоят
бўлса-да, унда қайд этилган “деҳқон”, “бодиянишин”, “нон” ва “мурғ” каби
сўзларда Фарғона водийси, хусусан, Марғилонсой воҳасининг табиати, аҳолисининг
тили, ижтимоий ва хўжалик ҳаёти умумий манзараси акс топган.
Орифлар сандиғи
Асрлар мобайнида Марғилон ислом оламига олиму фозилларни етиштириб берди. Марғилонлик уламоларнинг фиқҳ, қиёс, тарих илмига қўшган ҳиссаси беқиёс. Шунинг учун ҳам Марғилон “Сундуқ ул-орифийн” (Орифлар сандиғи) номи билан шарафланади.
Хитойдан бошланган Буюк ипак йўли Ўрта
ер денгизи ҳавзасидаги ўлкаларгача бориб етган. Жумладан, Рим империяси
савдогарлари ушбу йўлдан ўз манфаати учун фойдаланган. Бу йўлнинг Фарғона
— Қашқар йўналиши ҳатто XIX асрда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Шунинг
учун водийдаги иқтисодий ва маданий ҳаётда бу савдо йўлининг аҳамияти
катта бўлган. Айниқса, VII аср бошларида Фарғона ихшиди (ҳокими) ва Хитой
императорлари орасидаги дипломатик алоқалар янада кенг йўлга қўйилган.
Карвонлар водий орқали ўтиб, бу ердаги шаҳарларда савдо-сотиқ ҳам қилган.
VII-IX асрларда фарғоналиклар боғ барпо
этишда анчагина муваффақиятга эришган. Хитой манбаларига кўра, император
саройига Фарғона диёридан кўплаб нодир дарахт турларини олиб келиб ўтқазиш
одат тусига кирган. Шундай дарахтлардан бири ҳақида хитой манбаларида жуда
кўп гапирилган. Бу дарахтнинг номи хитой тилида “Сол” деб аталган.
Хитойликлар Фарғонадан келтирилган бу дарахтдан қурол-яроғ ясашда фойдаланган.
Сол дарахти хитойда ноёб бўлиб, уни кўпайтириш мақсадида император махсус
фармон чиқарган. “Тан хонадони тарихи” асарида келтирилишича, VIII аср
ўрталарида императорнинг Фарғонадаги вакили Хитойга бир неча юз туп сол
дарахти кўчатидан юборган. Фарғона ҳукмдорлари ва Хитой императорларининг
бир-бирига кўплаб қимматбаҳо буюмлар юбориб туриши одат тусига кирган.
Масалан, 737 йилда Хитой маликасига Фарғона ҳунармандлари томонидан ишланган
ва ҳайратомуз безатилган коптоклар жўнатилган эди. Бундай коптоклар
маликанинг энг севимли ўйинчоғига айланган. Бундан ташқари, Фарғонада ишлаб
чиқарилган турли-туман соч бўёқлари ҳам хитой аёлларининг суюкли атторлик
молларидан эди. Айниқса, Фарғонада ишлаб чиқарилган шиша идишларнинг Хитойда
нархи жуда баланд бўлган.
XI-XII асрларда Буюк ипак йўлининг шимолий Фарғона орқали ўтган тармоғи Ахсикентдан сўнг иккига бўлинган. Бири Миён Рудан орқали Ўзганд томон йўналган бўлса, иккинчиси Марғилонга борган. Жанубий Сўх Ҳайдаркон ҳудудида тоғ-кон саноатининг тезкорлик билан ривожланиши натижасида Буюк ипак йўлининг Жанубий Фарғона (Хўжанд — Риштон — Қубо — Ўш) орқали ўтган тармоғи XI асрдан бошлаб Сўх — Ҳайдаркон — Ўҳна — Қадамжой — Водил орқали ўтиб Марғилонга келган. Табиий экологик шароитнинг қулайлиги ҳамда Фарғона орқали ўтган Буюк ипак йўлининг шимолий ва жанубий тармоқлари Марғилон орқали ўтиши XI-XIII аср бошларида уни энг буюк шаҳарлардан бирига айлантирди.
Гўри аввал
Уфқ гардишидан бир терак бўйи баландликда
муаллақ турган қуёш нурлари мевали дарахтларни бўяган, тандирдай қиздирган
кунда силласи қуриёзган шаҳарни кечки олағовур ва жонсараклик тутган, бир қадар
салқин шабада эса бошлагани учун кўкда қалдирғочлар шодиёнаси авжида. Мажмуани
кўришимиз билан бир нарсага амин бўлдик: не-не бек-тўралар, аллома-ашрафлар,
ёқавайрон гадою қаландарлар, аламнок ошиқ мажнунлар, ҳунарманд-зироатчилар
карвони тинмаган бу ҳудуднинг бугун мутлақо ўзгача қиёфа касб этиши шаҳарга
тарихий қудратини янги қувватда, янги услубда қайтарибди.
Марғилон, аввало, ҳунармандлар шаҳри
сифатида ҳамда фозил-уламолари номи билан ўтмишда донг чиқарган Фарғона водийси
шаҳрининг номидир. Қолаверса, ўрта асрларда ислом ҳуқуқшунослиги ривожига
беқиёс ҳисса қўшган Бурҳониддин Марғинонийдек буюк алломалар диёри. Марғилон ўз
бошидан қора кунларни кечирган даврларда ҳам одамлар унинг улуғворлигини доимо
ёдда сақлаган. Шунинг учун бўлса керак, ҳозирги кунларда ҳам халқ орасида унинг
номини эъзозловчи ҳар хил ҳикоялар, улуғ шахслар номи билан боғлиқ ривоятлар
сақланиб қолган. Марғилоннинг ҳозирги гўзал
боғ-роғлари, камалак шуъласидек ранг-баранг
товланувчи атлас-адраслари, машҳур ҳофизлари
куйлаган мумтоз наволар унинг узоқ ўтмиш маданиятининг ёрқин тимсолидир.
Ўрта асрларда “Илм дарахтининг асоси
Маккада, аммо ҳосили Хуросонда пишадур” деган нақл машҳур бўлган. Бинобарин,
Мовароуннаҳр диёри, жумладан, Фарғона водийсидан етишиб чиққан олимлар ислом
оламининг йўлчи юлдузларига айлангани тарихдан маълум. Ислом оламида донг
таратган машҳур юртдошларимиздан бири — фиқҳ, яъни ислом ҳуқуқшунослиги
илмининг энг забардаст алломаларидан “Бурҳониддин вал милла” номи ила
шарафланган буюк фақиҳ Имом Абулҳасан Бурҳониддин Али ибн Абу Бакр ибн
Абдулжамил ал-Фарғоний ар-Риштоний ал-Марғинонийдир.
Таъкидланганидек, “соҳиби Ҳидоя” диний
илмларнинг барчасини эгаллаган қомусий олим эди. У ҳуқуқшунос, тарихчи,
тилшунос ва адабиётшунослик фанларини мукаммал эгаллаган. Масалан, у “Китоб
ул-машойих” асарида замонасининг машҳур шайхлари тўғрисида ёзар экан, тарихчи
олимлар сингари маълумот беради. Қолган соҳаларда унинг истеъдоди “ал-Ҳидоя”
асари орқали яққол намоён бўлади. Ҳуқуқ, тил ва адабиёт қонунларига тўла
асосланган ҳолда битилган мазкур асар ўзининг мукаммаллиги билан ҳам шуҳрат
қозонган. Бурҳониддин Марғинонийни дунёга танитган асар “ал-Ҳидоя” эканини яхши
биламиз. Бинобарин, “ал-Ҳидоя” ислом ҳуқуқшунослигининг энг асосий
қўлланмаларидан. Бу асарда дастлабки фиқҳ олимларининг энг йирик асарларидаги
бош ғоя ва мазмун жамланган. Шу боис, ҳам Заҳириддин Муҳаммад Бобур бу тўғрида
ёзар экан “Яна соҳиби Ҳидоя ким, Имом Абу Ҳанифа мазҳабида “Ҳидоя”дин
мўътабарроқ китоби фиқҳ кам бўлғай, Фарғонанинг Марғинон отлиқ вилоятидандур,
ул ҳам дохили Мовароуннаҳрдур”, дейди.
— Мен бир марғилонлик сифатида Марғиноний
ҳақида камида уч-тўртта афсона-ривоят биламан, — дейди марғилонлик Пўлат
Шермаматов. — Буларнинг ҳақиқатга қанчалик яқин экани, очиғи, муҳим эмас, гап
ушбу улуғ зотнинг халқ хотирасида, миллатнинг маънавий қатламида шу тарзда
қолгани. Келинг, энг қизиғини айтиб берай.
Ривоятларга кўра, ҳазрат Бурҳониддин
Марғиноний Гўри аввал маҳалласига биринчи марта дафн этилган. Сабаби у зот
сакта (мияга қон югуриб вақтинча беҳуш ётиш) касали билан оғриган экан. У
зотнинг шогирдлари, ёру биродарлари “Ҳазрат вафот этдилар”, деб ушбу жойга, Марғилон
шаҳрининг энг марказий жойига дафн этади. Бурҳониддин Марғинонийни қабрига
қўйиб кетаётганларида яқинларидан бири унинг вафот этганини эшитиб, олисдан
Марғилон сари йўлга чиқади. У етиб келгани
заҳоти шогирдларига қарата:
— Ҳазрат Бурҳониддин бир китобни бошлаган
эди. Шул китоб ёзилиб битдими? Шуни бир кўрсам эди, — дейди. Айтишларича, бу
китоб “Ҳидоя” бўлган. Бурҳониддин Марғиноний китобнинг биринчи муқовасида:
— Бисмиллаҳир раҳмонир раҳийм, кимда-ким
чоршанба куни иш бошласа, ана шу иш битмасдан қолмас, — деб ёзган экан. Савол
берган киши мазкур жумлаларни ўқиб бўлгач, жонҳолатда:
— Бу зот ҳали ҳаёт, чунки китоб ярмига
борибди. Ҳазратимни қаерга дафн этдиларингиз, деб сўрабди. Шунда шогирдларидан
бири Бурҳониддиннинг қабри қаерда эканини айтади. Бироқ бу жавобдан қониқмаган
ўша киши:
— Ёзилаётган китоб ва айтилган ҳикматга
биноан бул зот ҳали ҳаёт. Қабрга бориб, хабар оламиз, — дейди.
Барчаси ортига қайтиб келиб, қабрни очиб қараса, Бурҳониддин тирик. Шунда билибдиларки, вақтинчалик беҳушликдан фориғ бўлгач, у зот яна ўзига келган экан. Ўзига келган ҳазрат Бурҳониддин: “Мени оламдан ўтди, деб оила аҳлларим, шогирдларим жанозамни ўқиб, қабрга қўйишибди-да, буёғи энди Оллоҳдан”, дея Қуръон тиловати билан машғул экан. Унинг тириклигини кўрган шогирдлари хурсандликдан уввос кўтариб, фарёд қилган экан. Воқеа шу тарзда яхшилик билан ниҳоясига етганидан сўнг улуғ зот “Ҳидоя”ни ёзишда давом этган. Ул зотнинг биринчи нурли қабри шу ерда бўлиши сабабли бу маскан “Гўри аввал” номини олган, дейишади.
Адабий туризм ва Мирзакарим қутидор ҳовлиси
— “Бурҳониддин
Марғиноний” мажмуаси эртакларда айтилиб, китобларда ёзилган афсонавий шаҳарни
ёдга солади, тўғрими? —
дейди “Бурҳониддин Марғиноний” илмий-маърифий ва туризм мажмуаси — “Водий
гавҳари” туризм дирекцияси директори Шуҳрат Абдусаломов. — Мажмуанинг асосий
йўналишларидан бири, шубҳасиз, буюк аллома Бурҳониддин Марғинонийнинг бой илмий
меросини ўрганиш ва кенг тарғиб қилишдир. Шу билан бирга, ҳудудда қадимий
ҳунармандчиликни асраб-авайлаш, зиёрат туризмини ривожлантириш ва маҳаллий
ҳамда хорижий сайёҳлар учун янги имкониятлар яратиш кўзда тутилган. Икки
босқичда амалга оширилаётган ушбу йирик лойиҳа якунига етгач, у Фарғона
водийсининг ҳақиқий “ташриф қоғози”га айланади. Бу эса нафақат Фарғона вилояти,
балки бутун мамлакат туризм салоҳиятини янада юксалтиришга хизмат қилади.
Қутидорнинг ҳовлисини кўрдингизми? Фарғона, Марғилон деганда, беихтиёр “Ўткан
кунлар”ни, Отабек ва Кумушни эслаймиз. Мажмуани бунёд этишда шу жиҳат ҳам
эътиборга олинган. У ерда “Отабек ва Кумуш уйи” музейи ташкил этилган. Унинг
деворларида “Ўткан кунлар” романи саҳналари жонлантирилиб, адабиёт ва тарихни
уйғунлаштирган ноёб муҳит яратилган. Бу жуда катта қадам. Расман энди адабий
туризмга йўл очилди. Мана, масалан, Италиянинг Верона шаҳрига борган ҳар биттa
турист Ромео ва Жульеттанинг уйи ҳамда ўша машҳур балконини кўришга ошиқади.
Гарчи бу персонажлар шунчаки адабий сюжет ва гўзал афсона маҳсули бўлса-да,
бутун дунё сайёҳлари у ерга чин дилдан ишониб боради, ўша алламбало деворларга
эҳтиром кўрсатиб, муҳаббат мактубларини қолдиради. Ёки Лондондаги “221Б
Бейкер-стрит” манзилини олайлик. Сэр Артур Конан Дойл ўз асарларида яратган
Шерлок Холмс бутунлай хаёлий қаҳрамон бўлишига қарамай, бугун ушбу квартирада
унинг бетартиб хонаси, трубкаси ҳамда антиқа скрипкаси аниқ деталларгача
жонлантирилган уй-музей фаолият юритмоқда. Миллионлаб инсонлар бу уйни реал
тарихий обидадек томоша қилади. Хўш, нега энди бизда ҳам шундай уйлар
бўлмаслиги керак?!
Ҳар бир миллат равнақи учун ақл-заковат
билан бирга шижоату матонат ҳам керак. Бу борада аждодларнинг ибратли ҳаёти,
улар қолдирган асарларни билиш жуда муҳим. Чунки тарих улуғлар сўзи билан
айтганда, “ўтганлар, яшаётганлар ва ҳали туғилмаганлар ўртасидаги иттифоқ”дир.
“Ўткан кунлар” шундай асар. Бу китобда
халқнинг муҳим тарихий босқичдаги аҳволи руҳияси, маънавий-эътиқодий қиёфаси ва
тахминий келажаги яхлит ҳолда ўз аксини топган. Ушбу ҳовли, Кумуш, қутидор
билан боғлиқ жуда қизиқарли воқеалар мавжуд. Масалан, Шеркон Қодирийнинг “Ўткан
кунлар”га қайтиб…” мақоласида “қутидор” атамасига эътибор қаратилган. XIX асрда
Қўқон хонлиги даврида халқдан, бозордан ва бошқа тадбирлардан йиғиб олинадиган
солиқ пулларини қутисида сақлаб, сўнг хон хазинасига топширадиган сарой
амалдори қутидор деб аталган.
Бу лавозимда, албатта,
бировнинг ҳаққидан қўрққан, омонатдор, ҳалол шахс ишлаган бўлиши керак. Балки
асардаги Мирзакарим қутидор тарихий шахс ёки номи ўзгартирилиб, шу лавозимда
ишлаган бирор киши бўлиши ҳам мумкин. Унинг ҳақиқатан сарой амалдори бўлганини
асар қаҳрамони Ҳасаналининг “Амакингиз сиз (Отабек)ни саройларга ҳам олиб тушар
эдилар”, деган сўзидан ҳам билиб олсак бўлади.
Китобда қутидор меҳмон кутиш борасида хотинига бир неча кўрсатма беради ва “Варақи пишириб қўйингиз”, дейди. Ўқувчида “Нега айнан варақи?” деган савол туғилиши табиий. Айтишларича, илгари Марғилонда ҳурматли меҳмон шарафига, албатта, варақи пиширилиб, дастурхонга тортилар экан. Ҳозир уни “қўқон сомса”, дейишади. Бундан англаш мумкинки, Қодирий бир жой ҳақида ёзганда ўша ернинг урф-одатларини ҳам жуда синчковлик билан ўрганган. Буни ёзувчининг “Мен материални ўрганиш маҳалида энг майда нарсалар (деталлар)га ҳам аҳамият бераман”, деган таъкидидан ҳам англаш мумкин.
* * *
Тенгсиз меъморий
гўзаллик. Иморатларнинг ичи ва таши ганч ҳамда ёғоч безаклар билан билан
зийнатланган, айвонларга туширилган нозик нақшлар турфа жилоланиб кишини
ҳайратга солади. Мирзакарим қутидорнинг ҳовлисига ўтишим билан атрофим
ўзгаради. Ажабо, шундоқ рўпарамда кимхоб камзул, сиёҳранг рўмол ўраган тик
қоматли хушрўй қиз табассум қилади, мўъжаз меш оғзини боғлайди. Қизки, ўн
еттига тўлган ё тўлмаган, сарвдек нозик қадди-басти бир латиф, ҳаё пардасига
ўралган хушбичим юзи бир тоза, бодом қовоқлари иҳотасидаги кўзлари бир оҳуваш.
Азалу абад меъмори берган гўзал ҳусни малоҳати билан нафақат ушбу жойни, балки
бутун оламни мунаввар айлаганини билмас эди… Чавандозга ўхшайди. Нарироқда
сувлиқ чайнаб депсинаётган от шуники бўлса керак. Нақшинкор юганига ҳар турли
мунчоқлар, эгар-жабдуғига дуру садафлар қадалган, узангиси кумушдан ясалган
ушбу от қўш қанотли эканини кейин пайқадим. Ҳа, бу Фарғона “самовий” оти эди.
Чавандозлик ҳадисини пухта эгаллаган қиз отга сакраб минади. “Карвондан ортда
қолманг!” деб бир нигоҳ ташлайди-ю, кўкка ирғишлаб кишнаётган бедови сағрисига
қамчи уради, шамол каби елиб кетади…
Тасаввуримда ушбу манзара нақшланиб
қолади. Еру кўкни сабуҳий мусиқа қамрайди. Даъваткор наво қаламнинг уйғонган
руҳи ва журъати билан қовушади. Қалам қувватга энади, илҳомга етишади, сўнг уни
тўхтатиб бўлмай қолади: ҳаммасини борича ёзишга киришаман!
Азизбек ЮСУПОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири