Дастлабки фестиваль доирасидаги биргина “Риштон мовий афсонаси” кўргазмасида кулолликнинг 800 хилдан ортиқ нодир кўринишлари намойиш қилинган, тарихий зиёратгоҳлари, ҳунармандлигию миллий либослари, урф-одат ва қадриятлари, айниқса, халқ оғзаки ижоди тараннум этилганди.
Президентимизнинг 2022 йил 29 июлдаги “Туркий давлатлар билан туризм соҳасидаги ҳамкорликни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилда Фарғона вилояти ҳокимлиги, Маданият ва туризм вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги томонидан Халқаро туркий маданият ташкилоти — ТУРКСОЙ билан ҳамкорликда Қўқон шаҳрида илк бор Туркий тилли ёшлар фестивали ўтказилмоқда.
Фестиваль ёш авлоднинг халқларимиз тарихи ва миллий-маданий меросига меҳрини ошириш, Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар билан туризм соҳасидаги ҳамкорликни тарғиб қилиш, ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш, туризм соҳасига кенг жалб этиш, истиқболли ғоя ва лойиҳаларини амалга ошириш мақсадида ташкил этилди.
11 июль куни тантанали очилган тадбирда фестивални ҳар икки йилда ўтказиб туриш белгилангани эслатиб ўтилди.
Фестиваль иштирокчилари 3 кун давомида китобхонлик куни, миллий ва этноспорт турлари бўйича мусобақалар, маданий-кўнгилочар тадбирлар, ёшлар учун бизнесни ташкил қилиш, ҳунармандлик маҳсулотларини тайёрлаш бўйича давра суҳбатлари иштирокчиси ҳамда гувоҳи бўлишади. Бундан ташқари, ёшлар таниқли театр ва кино ижодкорлари билан ижодий мулоқотлар қилиши, мамлакатимиздаги хорижий элчихоналар вакиллари билан учрашувлар ўтказиши кўзда тутилган. Туркий тилли ёшларнинг дўстлик кечаси, Қўқон шаҳридаги диққатга сазовор жойларга саёҳат, миллий ҳунармандлик маҳсулотлари кўргазмаси, Риштондаги халқаро кулоллик маркази ҳамда Учкўприк туманидаги “Меҳригиё” кичик корхонасининг лаванда боғларига ташриф ёшларда унутилмас таассурот қолдиришига шубҳа йўқ.
Дарвоқе, фестивалга юртимизнинг барча ҳудудларидан, шунингдек, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Туркиядан жами 200 нафардан зиёд фаол ёш ва талаба таклиф этилган.
Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари Хуршид Аҳмедовнинг айтишича, очиқ мулоқот руҳида ўтказилаётган тадбирлар давомида ёшларимиз қардош мамлакатлардан келган тенгдошлари билан ҳамкорликда кейинги фаолияти учун муҳим бўлган ғоя ва лойиҳалар борасида фикр алмашмоқда. Бунинг учун B2B форматда учрашувлар ташкил этиляпти, тадбиркорлик субъекларини таклиф этган ҳолда барча имкониятлар яратиб берилмоқда.
Халқаро фестивал 15 июль куни шаҳардаги Ўрда майдонида тантанали якунланади.
Муножат МЎМИНОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири