7 сентябрь куни Республика “Ҳунарманд” уюшмасида “Атлас байрами” VII Халқаро анъанавий тўқимачилик фестивалига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда фестивални ташкил этиш ва ўтказишда бевосита иштирок этаётган ташкилотлар, халқаро ҳамкорлар, соҳа мутахассислари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Матбуот анжуманида 12–19 сентябрь кунлари Марғилон шаҳрида ўтказиладиган “Атлас байрами” фестивалининг мақсад ва вазифалари, дастуридан ўрин олган тадбирлар, халқаро ҳамкорлик ва миллий ҳунармандчиликни замонавий дизайн ҳамда тадбиркорлик билан уйғунлаштириш масалалари ҳақида маълумот берилди.

— Бугун ҳунармандчиликни миллий мерос сифатида асраш билан бирга, уни замонавий ҳаёт билан боғлашимиз керак. Атлас ва адраснинг қўл меҳнати билан тўқилиши қанчалик муҳим бўлса, улар асосида замонавий маҳсулотлар яратиш, янги дизайнларни жорий этиш, бренд сифатида тарғиб қилиш ва хорижий бозорларга олиб чиқиш ҳам муҳим. “Атлас байрами”нинг асосий мақсади ҳам анъана ва замонавийликни уйғунлаштиришдан иборат, — деди Республика “Ҳунарманд” уюшмаси раиси Расулжон Мирзааҳмедов.

Фестиваль — анъана ва янги имкониятлар майдони

Жорий йилги фестиваль дастури кенг қамровли бўлиб, унда 21 та давлатдан 66 нафар хорижий меҳмон ҳамда Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан 100 нафардан ортиқ маҳаллий ҳунарманд иштирок этади.

12–16 сентябрь кунлари Марғилон ҳунармандчиликни ривожлантириш марказида Марказий Осиё давлатлари вакиллари иштирокида ҳунармандчилик, этно-дизайн ва тадбиркорлик бўйича тренинг ўтказилади. 17 сентябрь куни фестивалнинг расмий очилиш маросими, халқаро илмий-амалий конференция ва инновацион дизайн бўйича менторлик дастури натижаларининг мода намойиши ташкил этилади.

18 сентябрь куни ипак ишлаб чиқариш ва тўқимачилик соҳасида B2B ва G2B халқаро учрашувлар ҳамда халқаро мода кўргазмаси ўтказилади. 19 сентябрь куни эса Марғилон шаҳар тарихи музейида халқаро анъанавий тўқимачилик ва фото кўргазмалар очилади. Фестиваль доирасида маҳорат дарслари, ҳунармандчилик ярмаркаси ва халқ сайиллари ҳам ташкил этилади.

— ЮНЕСКО учун бу дастур шунчаки фестиваль ёки ҳунармандчилик байрами эмас. Бу — анъаналар ортида турган инсонлар, уларнинг билим ва кўникмалари, усталар, дизайнерлар ва ушбу меросни давом эттираётган ёш авлодга бағишланган тадбирдир. 12–16 сентябрь кунлари ўтказиладиган тренингда анъанавий ҳунармандчилик замонавий дизайн ва амалий бизнес кўникмалари билан уйғунлаштирилади. Маданий меросни асрашнинг энг самарали йўлларидан бири ҳунармандларга ўз касби орқали барқарор даромад топиш имконини яратишдир, — деди ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Сара Ношади.

Фестивалнинг яна бир муҳим жиҳати — халқаро тажриба алмашинуви ва ҳамкорлик учун янги имкониятлар яратишидир. Хорижий ва маҳаллий ҳунармандлар, дизайнерлар, ишлаб чиқарувчилар, тадбиркорлар ҳамда соҳа мутахассислари ўртасидаги мулоқот миллий ҳунармандчилик маҳсулотларини янги бозорларга олиб чиқишга хизмат қилиши кутилмоқда.

— “Атлас байрами” йилдан-йилга иштирокчилари ва мазмун-моҳияти билан кенгайиб бормоқда. Бу йил фестиваль доирасида B2B ва G2B учрашувларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Чунки ҳунарманд ўз маҳсулотини намойиш қилиши бир масала, уни янги харидор, ҳамкор ва бозорга олиб чиқиши эса бошқа масала. Фестиваль ана шу икки имкониятни бирлаштиради, — деди Республика “Ҳунарманд” уюшмаси раиси Расулжон Мирзааҳмедов.

Ёшлар ва ижодкорлар учун янги имкониятлар

Матбуот анжуманида Фарғона вилоятида ҳунармандчиликни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳам қайд этилди. Айни пайтда вилоятда 3 минг 170 нафар “Ҳунарманд” уюшмаси аъзоси фаолият юритмоқда. 2022–2024 йилларда эса уста-шогирд анъанаси асосида 29,2 мингта иш ўрни яратилган.

Анжуман давомида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга мутасаддилардан батафсил жавоб олдилар.

Умуман, “Атлас байрами” миллий ҳунармандчиликни асраш, уни замонавий дизайн ва бизнес билан уйғунлаштириш, ёшларни касбга жалб этиш ҳамда маҳаллий ҳунармандларни халқаро майдонга олиб чиқишга қаратилган муҳим тадбир сифатида аҳамият касб этмоқда.

Фестиваль 17–19 сентябрь кунлари Марғилон шаҳрида асосий тадбирлар билан давом этади.

Зулхумор Акбарова