Хабар берганимиздек, пойтахтимизда вазирлик, ҳокимлик, ташкилот ва идоралар раҳбарларининг давлат тилида иш юритиш бўйича маслаҳатчилари иштирокида “Тилимиз тараққиёти йўлида бирлашсак, улкан қудратмиз” шиори остида биринчи республика семинари бўлиб ўтди.
Кеча семинар қатнашчилари Ёзувчилар уюшмасининг катта маросимлар залида бўлиб ўтган Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси томонидан анъанавий тарзда ташкиллаштириб келинаётган “Қадринг баланд бўлсин, она тилим!” республика танлови ғолибларини тақдирлаш маросимида ҳозир бўлди.
Танлов Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 21 октябрдаги “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқейини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ҳамда 2020 йил 20 октябрдаги “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари ижросини таъминлаш, давлат тилининг ҳаётимиздаги ўрни ва нуфузини ошириш мақсади, шунингдек, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг 34 йиллигига бағишлаб ўтказилди.
Тадбирда Давлат тилини ривожлантириш департаменти масъул ходимлари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) ҳокимларининг давлат тили бўйича маслаҳатчилари, тилшунос, адабиётшунос олимлар, шоир ва ёзувчилар, оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳам иштирок этди.
Департамент раҳбари Нодир Холбўтаев ўз сўзида ўзбек тилининг нуфузини ошириш борасидаги саъй-ҳаракатлар, тизимли ишларга тўхталиб, семинар иштирокчиларининг келгуси ишларига муваффақият тилади. Мамлакатимизда Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун – миллат, маънавият ва маърифат байрами сифатида кенг нишонланаётгани, кейинги йилларда она тилимиз мавқеи ва мақомини юксалтириш борасидаги ишлар мутлақо янгича босқичга кўтарилгани ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.
– Маънавиятнинг муҳим асосларидан бири бу тил ва маънавий меросга муносабатдир. Юртимизда бу соҳага кўрсатиб келинаётган узлуксиз ва қатъий эътибор, тил ва адабиёт, маънавият ва маърифатга миллат кўзгуси ва халқ руҳи сифатидаги қарашлар ҳамда ёндашув ҳамма ерда ҳам мавжуд эмас, – дейди маданият вазирининг давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси Шавкат Ортиқов. – Сўнгги йилларда мамлакатимизда ўзбек тилини ривожлантириш, унинг ҳаётимиздаги ўрни ва таъсирини ошириш борасида янги босқич бошланганига бугун ҳаммамиз гувоҳмиз.
Маълумки, ҳар бир халқнинг тили шу давлатнинг тимсоли, мулки, руҳи, маданий ва маънавий бойлиги, қолаверса, шу миллатнинг маданияти, урф-одати, турмуш тарзини ифодаловчи энг муҳим воситадир. Шукрки, мустақиллик шарофати билан она тилимиз, бебаҳо бойлигимиз ўзимизга қайтди. Бу йўлда не-не аждодларимиз заҳмат чекиб, меҳнат қилган, умрларини бағишлаган.
Улуғ мутафаккир бобомиз Ҳазрат Алишер Навоий ўзбек тилининг ўз даврида таомилда бўлган бошқа тиллардан асло қолишмаслигини, аксинча энг бой ва қадимий тил эканини асарлари, хусусан, беш достондан иборат “Хамса”си орқали исботлаб берган. Бинобарин, бу тилнинг “Навоий тили” деб аталиши ҳам бежиз эмас.
“Ҳаммамизга аёнки, кўп миллатли халқимизни юксак маърифатли жамият барпо этишдек эзгу мақсад йўлида жипслаштириш, юртдошларимиз қалбига ягона Ватан, умумий фаровон келажак туйғусини сингдиришда ўзбек тили бирлаштирувчи аҳамиятга эгадир”, деган эди давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев. Шу маънода “Қадринг баланд бўлсин, она тилим!” танлови ўз олдига қўйган ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузини ошириш, давлат тилини миллий қадрият сифатида тарғиб қилиш, унга нисбатан миллий ғурур ҳиссини тарбиялаш, энг муҳими, давлат тилига оид муаммоларни ҳал қилишда илмий-амалий ёндашувни ривожлантириш каби мақсадларга эришиш йўлида дадил қадам ташламоқда, дейиш мумкин.
Бу йил танлов “Давлат тили устуворлиги таъминланган энг намунали ҳудуд” ва “Давлат тилида иш юритиш йўлга қўйилган энг яхши тизим” йўналишларида ташкил этилди. Биринчи йўналишда Бухоро вилоятининг Шофиркон тумани, иккинчи номинация бўйича Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ғолибликни қўлга киритди.
Шунингдек, танловда фаол иштирок этган туман ҳокимликлари ҳамда республика идоралари вакиллари Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармасининг махсус совғалари билан рағбатлантирилди.
Бундан ташқари, ўзбек тилининг қудрати ва гўзаллигини тараннум этган ҳамда жой номлари ҳақида маълумот берувчи “Она тилим – мангу маконим”, “Ўзбекистон жой номлари” китобларини тайёрлаш ва нашр этишда фаол қатнашган ижодкорлар, Давлат тилини ривожлантириш департаментининг телеграм ижтимоий тармоғидаги канали орқали ўтказилган “Она тилим – ғурурим, фахрим” танловининг ғолиблари эсдалик совғалари ва китоблар жамланмалари билан тақдирланди.
– Ҳар бир ишда кўзланган мақсадга эришиш учун ҳамжиҳатлик катта аҳамият касб этади, – дейди экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирининг давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси Матназар Элмуродов. – Ўзбек тили жонажон Ватанимизда яшаётган барча фуқароларимиз учун азиз ва қадрли тилга айланиши, унинг жозибадорлигини ошириш учун ҳаммамиз биргаликда ҳаракат қилишимиз, ислоҳотларни ўзимиздан бошлашимиз, тилимиз учун жон куйдиришимиз зарур. Бунда дахлдорлик туйғуси жуда муҳим ўрин тутади. Яъни тилимизга бўлган ҳурматимиз уйда, кўчада, жамоат жойларида, ўқув-таълим муассасаларида яққол сезилиши, сўзлашув маданиятимизда ўз ифодасини топиши шарт.
Нодир МАҲМУДОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири