Тадбирда сўз олган Республика Маънавият маркази қошидаги Маърифат тарғиботчилар ва Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоира, фалсафа фанлар доктори Шаҳло Аҳророва тил борасидаги фикрларини шундай дея изоҳлади:
«Дунё олимларининг тил борасида келтирган фактларини эслаб ўтсак: Бундан неча минг аср илгари одамлар сўзлашадиган тилларнинг сони 9 мингтагача етган бўлса, бугунги кунда сайёрамизда 6 мингта тил мавжуд бўлиб, уларнинг 90 фоизи йўқолиб кетиш арафасида турибди. Нега, деган савол ҳар биримизда туғилиши табиий. Бу асосан цивилизация туфайли маданиятидан айрилаётган кам сонли миллатларнинг тилларидир. Бу тилларда сўзловчи аҳолининг айримлари ёзувига эга бўлсада, айримлари бундан бебаҳра. Масалан, лотин тили бу ўлик тил ҳисобланади. Бу тильда бадиий асарлар битилмайди, китоблар ҳам ёзилмайди. Яна шундай Aфрика тилларида сўзлашувчи аҳолининг 80 фоизи ҳамон ўз ёзувига ҳам эга эмас. Олимларнинг фикрича, 25 йилдан сўнг ҳозир муомалада бўлган тилларнинг ўнтасидан биттаси сақланиб қолинар экан ва ҳар йили шу тиллар орасидан камида иккитаси муомаладан чиқиб кетаркан.»
– Шу ўринда айтиш жоизки, юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг «Кимда-ким ўзбек тилининг бор латофатини, жозибаси ва таъсир кучини, чексиз имкониятларини ҳис қилмоқчи бўлса, мунис оналаримизнинг аллаларини, минг йиллик достонларимизни, ўлмас мақомларимизни эшитсин, бахши ва ҳофизларимизнинг сеҳрли қўшиқларига қулоқ тутсин», деган ўзбек тили хусусидаги доно фикрлари барчамизни она тилимизга бўлган меҳримизни ошириши табиий, – дейди Депонинг маънавий-маърифий ишлар бўйича тарғиботчиси Гулчеҳра Ёқубова. –– Дарҳақиқат, инсон ўз она тили билан улғаяди, ўз она тилида фикр юритади, камолга етади. Мана шу тил билан яшаб ўтади. Комилликнинг биринчи белгиси ҳам тильда намоён бўлади. Зеро, нутқнинг гўзаллиги, тилнинг бурролиги, ифоданинг аниқлиги инсон учун ўзига хос ҳусндир. Бу давлат тилига бўлган эътибор эса охир-оқибат жамиятни, миллатни бутун дунёга танитиб, унинг нуфузини оширади ва тараққиёт сари бошлайди.
Анжуманнинг бадиий қисмида депонинг истеъдодли ўғил-қизлари томонидан ўзбек тили тўғрисида ифодали ўқилган шеърлар ва ижро этилган куй-қўшиқлар ҳамда тайёрланган саҳна кўринишлар тадбирнинг кўтаринки руҳда ва юқори савияда ўтишига омил бўлди.
Феруза ХУДОЙҚУЛОВА,
«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ
Ахборот-таҳлилий медиа маркази мухбири