“Central Asia Distribution” МЧЖнинг расмий вакили —  дистрибьютори Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига мурожаат қилди. Мурожаатда республика ҳудудида “Angel Дрожжи хлебопекарные сухие активные”, “Angel разрыхлитель теста”, “Angel Дрожжи хлебопекарные сухие инстантные”, “Дрожа Baker Dream”  савдо белгиси  остидаги маҳсулотларнинг қалбакилаштирилган нусхалари сотилаётганини маълум қилиб, ушбу ҳолатга қарши курашишда амалий ёрдам берилиши, шунингдек, компания савдо шохобчаларида қалбаки маҳсулотлар сотилишининг олдини олиш бўйича зарур чоралар кўрилишини сўради. Бу борада олиб борилган ишлар ҳақида агентлик ахборот хизмати хабар бермоқда.

Истеъмолчиларни сифатсиз маҳсулотлардан ҳимоя қилиш мақсадида ҳудудларда жойлашган бозорлар ва савдо дўконларида контрафакт ҳамиртуруш маҳсулотларини аниқлаш юзасидан Агентликнинг ҳудудий тузилмалари томонидан 64 та мониторинг кузатувлари амалга оширилди. Мониторинг натижасида Агентлик томонидан 54 та ҳолатда (85 фоизида) савдо ва хизмат кўрсатиш жойларида маҳсулотларнинг мавжуд ҳолатларда унинг юридик шахс номи  ва савдо шохобча жойи қайд этилиб, сўнг  мутасадди ташкилотларга зарур чораларни кўриш учун маълумотнома юборилди.

Таъкидлаш жоизки, истеъмолчилар саломатлигига жиддий хавф солиши мумкин бўлган нархи паст контрафакт маҳсулотларнинг сотуви ортиб бораётгани кўплаб истеъмолчиларни ўзига жалб этмоқда.

Аммо хамиртуруш бактериясининг бардошли эканлиги ҳақида истеъмолчи ҳеч қандай маълумотга эга эмас. Аслида хамиртуруш ишлаб чиқариш махсус санитария-гигиена қоидаларига риоя этилган шароитда ишлаб чиқарилиши шарт. Акс ҳолда бундай маҳсулот инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатиши аниқ.

Қонунга мувофиқ, истеъмолчи ўзи сотиб олган товар (иш, хизмат) санитария-гигиена, шу жумладан, радиология, эпидемияга қарши талабларга ва амалдаги бошқа нормалар ҳамда қоидаларга риоя этган ҳолда ишлаб чиқарилган ёки бажарилган бўлишига ва унинг ҳаёти, соғлиғи, атроф-муҳит учун хавфсиз бўлишига, шунингдек, унинг мол-мулкига зарар етказмаслигига кафолат берилишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.