Туман ҳокимлигининг хабарига кўра, бугун ҳам туман бўйлаб кузатилган баракали ёғингарчилик тоғ жинсларининг сурилиб, автомобил йўлларига чиқиб қолишига сабаб бўлди.

Вазиятни назоратга олиш ва транспорт ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш мақсадида тегишли ташкилотлар томонидан зудлик билан тезкор ишчи гуруҳ тузилди. Махсус техникалар жалб этилган ҳолда олиб борилган тезкор тозалаш ишлари натижасида йўллар қисқа фурсатда тоғ жинслари ва лойқалардан холи қилинди.

Муҳими, содир бўлган табиий ҳодиса оқибатида аҳоли пунктларига ёки фуқароларнинг уй-жойларига ҳеч қандай зарар етмаган. Айни дамда автомобиллар йўлларда одатдаги тартибда, ҳеч қандай чекловларсиз ҳаракатланмоқда.

Мутахассислар об-ҳавонинг ўзгарувчанлигини инобатга олиб, фуқаролардан ёмғирли кунларда эҳтиёткор бўлишни, айниқса, тоғли ҳудудларда ҳаракатланишда хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилишни сўраб қолади.