2025 йил ана шу жараённинг мантиқий давоми сифатида олий таълимдаги ўзгаришларнинг миқдорий кенгайишдан сифат жиҳатидан такомиллашувга йўналган янги босқичини яққол намоён этди.
Сўнгги йилларда олийгоҳлар сони деярли уч баробар ошиб, 2025 йилда 207 тага етди. Талабалар сони эса 1,7 миллионни ташкил қилди. Бу рақамлар ортида фақат статистик ўсиш эмас, балки жамиятда билимга эҳтиёж ўсиб бораётгани, олий таълимнинг ижтимоий мобиллик ва шахсий камолот омили сифатида англанаётгани мужассам.
Тизимнинг кенгайиши инфратузилмавий асослар билан мустаҳкамланди. Янги олий таълим муассасалари, ўқув бинолари, талабалар турар жойлари ва замонавий лабораториялар барпо этилди. Энг муҳими, ўқитиш мазмуни ўзгарди. Миқдорий ўсиш сифатни ошириш орқали таъминланди. Барча олий таълим муассасаларида кредит-модул тизими жорий этилиши, ўқув дастурларининг халқаро университетлар тажрибаси асосида қайта кўриб чиқилиши олий таълимни замонавий билим иқтисодиёти талабларига мослаштирди. Ўқитиш сифатини баҳолаш, шаффофлик ва академик масъулият тамойиллари тизимнинг ички меъёрига айлана бошлади.
Шу маънода, ортда қолган йил Ўзбекистон олий таълими тарихида шунчаки навбатдаги ислоҳот йили эмас, балки мақсад ва мазмунни аниқ белгилаб олиш даври сифатида аҳамият касб этди.
Битирувчи — меҳнат бозори учун муҳим субъект
Замонавий таълим тизими самараси фақат ўтилган дарс соатлари ёки берилган дипломлар билан эмас, балки ёш мутахассиснинг меҳнат бозорида ўз ўрнини топа олиши билан ўлчанади. Шу маънода, 2025 йил Ўзбекистон олий таълимида “таълим — иш — касбий барқарорлик” занжирини шакллантиришда муҳим босқич бўлди.
Аввало, олий таълим муассасалари ва иш берувчилар ўртасидаги ҳамкорлик тизимли тус олди. Олийгоҳлар ҳузурида иш берувчилар иштирокида таълим дастурларини қайта кўриб чиқиш, амалиёт мазмунини аниқ иш ўринларига йўналтириш ва битирувчи компетенцияларини реал иқтисодий талабларга мослаштириш жараёнлари фаоллашди. Бу ҳамкорлик формал келишувлар доирасида чекланиб қолмай, таълим жараёнининг таркибий қисмига айлана бошлади.
2025 йилда битирувчиларни ишга жойлаштиришга қаратилган институционал механизмлар ҳам кенгайтирилди. Хусусан, “Келажакка қадам” дастури доирасида олий таълим муассасалари, банклар ва хусусий сектор ўртасида ўзига хос экотизим шакллантирилди. Натижада минглаб битирувчи талабалар ўз бизнес лойиҳаларини тақдим этиш, молиявий қўллаб-қувватлаш ва тадбиркорликка қадам қўйиш имкониятига эга бўлди. Мазкур жараён иш билан таъминлаш тушунчасини фақат тайёр иш ўрни билан чекламай, ёшларни иш яратувчи субъект сифатида кўришга хизмат қилди.
Дуал таълим тизими эса таълим билан иш ўртасидаги узилишни бартараф этишда ҳал қилувчи омилга айланди. 2025 йилда дуал таълимни ташкил этиш тартиби тасдиқланиши олий таълим муассасаларига иш берувчилар билан ҳамкорликда кадр тайёрлашни ҳуқуқий ва ташкилий жиҳатдан мустаҳкамлаш имконини берди. Бу модель доирасида талабалар ўқиш жараёнидаёқ ишлаб чиқариш муҳитига кириб бориб, назарий билимини амалий кўникмалар билан уйғунлаштириш имкониятига эга бўлди. Натижада битирувчи учун “биринчи иш жойи” муаммоси аста-секин ўз долзарблигини йўқота бошлади.
Умуман олганда, бугун битирувчиларни ишга жойлаштиришга таълим сифатини баҳолашнинг асосий индикаторларидан бири сифатида қаралмоқда.
Халқаро очиқлик — глобал рақобат майдонида янги босқич
Таълим энди фақат ички эҳтиёжларни таъминлаш воситаси эмас, балки мамлакатнинг ташқи интеллектуал имижи, иқтисодий рақобатбардошлиги ва “юмшоқ куч” салоҳиятини шакллантирувчи стратегик ресурс сифатида намоён бўлмоқда. Бу жараён, аввало, халқаро таълим дастурларини жорий этиш ва таълим хизматлари экспортини ривожлантириш орқали амалий мазмун касб этди.
Касбий таълим соҳасида халқаро стандартларни жорий этишга қаратилган ишлар аниқ натижалар берди. Жумладан, 2025 йилда 47 та техникумда 27 та касб йўналиши бўйича халқаро таълим дастурлари асосида 4149 ўқувчи қабул қилиниши касбий таълимни глобал меҳнат бозори талабларига мослаштиришда муҳим қадам бўлди. Бу кўрсаткич касбий таълим тизимида илгари мавжуд бўлган маҳаллий йўналтирилган моделдан халқаро компетенцияларга асосланган тайёргарликка ўтиш бошланганини англатади. Таълим мазмуни стандартлашуви, баҳолаш тизимининг халқаро мезонларга яқинлашуви ва иш берувчилар билан ҳамкорликда шаклланган ўқув режалари мазкур йўналишнинг барқарор ривожланишига хизмат қилмоқда.
2025 йилга келиб, Ўзбекистон олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган хорижлик талабалар сони 19 минг 862 нафарга етди. Бу кўрсаткич ўтган йилларга нисбатан 125 фоизлик ўсишни ташкил этиб, мамлакатимизнинг минтақадаги таълим марказларидан бирига айланиб бораётганини тасдиқлайди. Халқаро талабалар контингенти кенгайиши таълим хизматлари экспорти ҳажмида ҳам ўз ифодасини топди. 2025 йилда таълим экспорти 35,2 миллион долларни ташкил этиб, бу борада 148 фоизлик ўсишга эришилди. Бу рақамлар таълимни иқтисодиётнинг мустақил ва даромад келтирувчи тармоғи сифатида шакллантириш имконияти мавжудлигини яққол кўрсатади.
— Халқаро таълим дастурлари ва хорижий талабаларни жалб этиш сиёсати фақат иқтисодий манфаат билан чекланмайди, — дейди олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг биринчи ўринбосари Сардор Ражабов. — Бу жараён миллий таълим тизимини ташқи баҳолаш механизмлари билан боғлайди, академик муҳитда рақобат ва очиқликни кучайтиради, профессор-ўқитувчилар ҳамда талабалар учун янги интеллектуал уфқлар очади. Энг муҳими, таълим орқали шаклланаётган халқаро алоқалар узоқ муддатли дипломатик ҳамда маданий ҳамкорлик учун мустаҳкам пойдевор ҳозирлайди.
Халқаро таълим йўналишида қилинган ишлар Ўзбекистон олий ва касбий таълимида миқдорий кўрсаткичлардан ташқари, мазмун, нуфуз ва стратегик аҳамият нуқтаи назаридан ҳам сифат жиҳатдан янги босқич бошланганини кўрсатмоқда. Хусусан, 47 та техникумда Германия, Англия, Швейцария ҳамда Жанубий Кореянинг нуфузли таълим ташкилотлари билан ҳамкорликда 27 та касб бўйича халқаро таълим дастурлари асосида ўқитиш йўлга қўйилди. Бу, аввало, касбий таълим мазмунини замонавий технологиялар, ишлаб чиқариш маданияти ва халқаро малака талаблари билан бойитиш имконини берди. Ушбу ҳамкорлик фақат ўқув режаларини кўчириш ёки алоҳида фанларни жорий этиш билан чекланмади. Халқаро таълим дастурлари доирасида ўқитиш натижаларини баҳолаш, амалий машғулотлар улушини ошириш, иш берувчилар иштирокида компетенцияларни шакллантириш каби тамойиллар тизимли жорий этилди. Натижада техникум битирувчиси муайян касбни эгаллаш билан бирга, уни халқаро стандартлар даражасида амалга ошириш салоҳиятига эга мутахассис сифатида тайёрланмоқда. Айниқса, Германия ва Швейцария тажрибасига асосланган дуал таълим касбий таълимни ишлаб чиқариш билан узвий боғлашга хизмат қилмоқда. Англия ва Жанубий Корея билан ҳамкорликдаги дастурлар эса таълимда инновацион технологиялар, рақамли ечимлар ва замонавий бошқарув ёндашувларини жорий этишга туртки бермоқда. Бу хилма-хиллик миллий касбий таълим тизимини бир томонлама эмас, балки кўп векторли ривожланиш йўлига олиб чиқмоқда.
Муҳандислик мактаблари: билимдан ечимга олиб борадиган янги модель
Энг муҳим институционал янгиликлардан бири муҳандислик таълимини мазмунан қайта ташкил этишга қаратилган илғор муҳандислик мактаблари ташкил этилганидир. Ушбу ёндашув орқали муҳандислик таълимини анъанавий назарий тайёргарлик доирасидан чиқариб, аниқ технологик ечимлар, амалий тадқиқотлар ва саноат эҳтиёжлари билан узвий боғлаш мақсад қилинди. Хусусан, олийгоҳларда “яшил” энергетика, машинасозлик, сунъий интеллект, транспорт, қурилиш ва саноат каби стратегик аҳамиятга эга йўналишларда 14 та муҳандислик мактаби ташкил этилди. Бу мактаблар мамлакат иқтисодиётида узоқ муддатли рақобатбардошликни таъминловчи соҳаларга қаратилган бўлиб, муҳандислик тафаккурини замонавий технологиялар билан уйғун ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Муҳандислик мактаблари ташкил этилиши таълим ва ишлаб чиқариш ўртасидаги анъанавий узилишни бартараф этишга қаратилган тизимли ечим сифатида намоён бўлади. Ушбу мактабларда таълим жараёни фақат аудитория билан чекланмай, лаборатория тадқиқотлари, саноат корхоналари билан қўшма лойиҳалар, стартап ташаббуслар ва инновацион ишланмалар орқали бойитилмоқда. Натижада муҳандис кадр тайёрлаш жараёни “билим бериш”дан “инженерлик ечими яратиш” босқичига кўтарилмоқда. Айниқса, “яшил” энергетика ва сунъий интеллект йўналишидаги муҳандислик мактаблари глобал тенденциялар билан ҳамнафас ривожланаётгани эътиборга молик. Бу йўналишларда тайёрланаётган мутахассислар нафақат ички бозор эҳтиёжларини таъминлаш, балки халқаро лойиҳаларда иштирок этиш салоҳиятига эга кадрлар сифатида шаклланмоқда. Шу билан бирга, машинасозлик, транспорт ва қурилиш соҳаларидаги муҳандислик мактаблари миллий саноатни технологик модернизация қилиш, маҳаллий ишлаб чиқаришни чуқурлаштириш ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар яратишга хизмат қилмоқда.
Муҳандислик мактабларида муҳандис муаммони кўра олади, уни таҳлил қилади ва жавобгарликни ўз зиммасига олган ҳолда ечим таклиф этадиган ижодкор мутахассис сифатида тарбияланади. Таълим жараёнида фан, технология ва инновация бир бутун занжирга айланиб, ёшларнинг илмий салоҳияти реал иқтисодий қиймат касб эта бошлайди.
Умуман олганда, муҳандислик мактаблари сифат ўзгаришининг ёрқин намунаси бўлиб, таълимни миллий тараққиётнинг технологик драйверига айлантириш йўлида қўйилган стратегик қадам сифатида баҳоланади.
Натижага ўтиш даври
2025 йилда шаклланган институционал пойдевор 2026 йилга келиб, таълим тизимини янада чуқур ислоҳ қилиш, меҳнат бозори, халқаро стандартлар ва инвестиция муҳити билан узвий боғлашни тақозо этмоқда. Шу маънода, 2026 йил учун белгиланган устувор вазифалар таълим соҳасида миқдорий кўрсаткичлар билан бирга аниқ натижаларга эришишни кўзда тутувчи янги босқични ифода этади.
Аввало, ёшларни эрта касбий йўналтириш масаласи тизимли ёндашув асосида ҳал этилади. 2026 йилда умумтаълим мактабларининг 9-синф битирувчиларидан 30 фоизини техникумларга қамраб олиш режалаштирилгани таълим траекториясини илк босқичданоқ мақсадли белгилашга қаратилган муҳим қарордир. Бу ёндашув орқали “мактаб — техникум — иш ўрни” занжири барвақт шаклланиб, ёшларнинг меҳнат бозорига мослашуви тезлашади.
Касбий таълимда халқаро ўлчовни кенгайтириш ҳам устувор йўналишларидан бири бўлади. Жумладан, 100 та техникумда халқаро таълим дастурлари асосида кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилади. Бу орқали касбий таълим миллий эҳтиёжлар билан чекланмай, глобал меҳнат бозори талабларига мос кадрлар тайёрлашга хизмат қилади.
Халқаро аккредитациядан ўтган таълим дастурлари сони 120 тага етказилиши режалаштирилгани мазмунни халқаро баҳолаш механизмлари орқали такомиллаштиришга қаратилган. Бу жараён университетларни ички рақобатдан ташқи академик рақобат муҳитига олиб чиқиб, таълим сифатига талабни оширади.
Таълим соҳасини ривожлантиришда инвестиция омили ҳам ҳал қилувчи аҳамият касб этади. 2026 йилда жами 80 миллион доллар миқдорида хорижий инвестиция маблағларини ўзлаштириш режалаштирилган бўлиб, шундан 51 миллион доллари давлат кафолатидаги лойиҳалар ҳиссасига тўғри келади.
Шу билан бирга, олий таълимда инфратузилмавий имкониятларни кенгайтириш ҳам давом эттирилади. Олийгоҳларда қўшимча 4000 ўқув ўрни очилади. Бу талаб ва демографик босимни ҳисобга олган ҳолда кўрилаётган тизимли чорадир. Ниҳоят олий таълимнинг халқаро очиқлигини таъминлаш мақсадида олийгоҳлар томонидан хорижий фуқароларга грант бериш амалиётини қўллаш кўзда тутилмоқда. Бу ташаббус таълимни фақат хизмат экспорти эмас, балки интеллектуал ҳамкорлик ва маданий мулоқот воситаси сифатида ривожлантиришга хизмат қилади.
Белгиланган вазифалар таълим тизимини натижага йўналтирилган, халқаро стандартларга мос ва инвестициявий жиҳатдан жозибадор тизимга айлантиришни мақсад қилади. Бу эса янги Ўзбекистонда таълимни стратегик тараққиётнинг энг муҳим устунларидан бири сифатида мустаҳкам қарор топаётганини яна бир бор тасдиқлайди.
Рисолат МАДИЕВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири