Замонавий озиқ-овқат рационига кирадиган ультра қайта ишланган маҳсулотлар буйрак саломатлигига салбий таъсир кўрсатади. Яъни улар тана аъзоларнинг сурункали касалликлари ривожланишини тезлаштириши мумкин. Лодз тиббиёт университети олимлари Nutrients журналида чоп этилган тадқиқот шарҳида шундай хулосага келишди, деб хабар берди lenta.ru.
Тадқиқотчилар ўта қайта ишланган (ультра) озиқ-овқатларнинг сурункали буйрак касаллиги ривожланишига таъсири ҳақидаги маълумотларни ўрганишди. Бундай маҳсулотларга қуйидагилар киради: газланган ширин ичимликлар, тайёр таомлар (яъни музлатилган ва қайта қизитиладаган егуликлар), колбаса ва қайта ишланган бошқа хил гўшт маҳсулотлари, чипслар, ширинликлар, дўкон пишириқлари ва баъзи тез тайёрланадиган таомлар.
Бундай овқат одатда кўп миқдорда туз, кўп шакар қўшилган, тўйинган ёғлар ва озуқавий қўшимчаларни ўз ичига олади, аммо клетчатка ва фойдали моддаларнинг камлиги билан ажралиб туради.
Таҳлил шуни кўрсатдики, ўта қайта ишланган маҳсулотларни кўпроқ истеъмол қилиш сурункали буйрак касаллиги ривожланиш хавфининг ошиши, буйрак фильтрацияси тезлигининг тезроқ пасайиши ва аллақачон мавжуд бўлган касалликнинг ривожланишини тезлаштириши билан боғлиқ.
Олимларнинг фикрича, салбий таъсир бир неча механизмлар билан боғлиқ бўлиши мумкин. Бундай озиқ-овқат сурункали яллиғланиш, оксидланиш стресси, қон босимининг кўтарилиши ва моддалар алмашинувининг бузилишига олиб келади. Бу жараёнлар буйрак тўқималарига аста-секин зарар етказиши мумкин.
Тадқиқот муаллифларининг таъкидлашича, ўта қайта ишланган маҳсулотларни камроқ қайта ишланган озиқ-овқатлар, жумладан, сабзавотлар, бутун донлар, дуккаклилар ва бошқа юқори толали маҳсулотларга алмаштириш буйрак саломатлигини ҳимоя қилиш стратегияларидан бири бўлиши мумкин.