Узоқ умр кўриш бўйича мутахассис Эндрю Стиль «Ёши йўқ одам: қаримасдан кексайиш илми» китобида одамларга кексайиш жараёнини сусайтиришга ёрдам берадиган энг яхши маслаҳатлар билан ўртоқлашди.
Китобда у одамларнинг қариш жараёнини улар ўйлагандан кўра кўпроқ назорат қилиш мумкинлигини тушунтиради.
«Биламан, кўпчилигимиз қариш жараёни муқаррар, деб ўйлаймиз. Кексайганда касал бўлиш хавфи юқори, ажинлар пайдо бўлади, биз рангпар бўлиб қоламиз. Aммо аслида, қаришнинг ҳужайра ва молекуляр сабаблари асосида ётган белгиларга таъсир қилиб, биз уни глобал миқёсда секинлаштира оламиз», — деди Стиль Британиянинг Today телеканалидаги чиқиш пайтида.
Олим ўз ҳаётига киритган еттита соғлом одат ҳақида ўртоқлашди:
Жисмонан фаол бўлинг, аммо меъёрни тарк этманг
Стиль камҳаракат турмуш тарзидан сақланиш ва ҳар соатда камида беш дақиқа фаол ҳаракат қилишни тавсия қилади. Спорт билан умуман шуғулланмайдиган одамлар кунига 10 дақиқалик юришдан ҳам фойда кўради. Аммо агар биз кўпроқ фаол ва машаққатли спорт турлари ҳақида гапирадиган бўлсак, машғулотлар миқдори ҳар доим ҳам соғлиқ учун фойдали бўлавермайди. Шу маънода, кунига 30 дақиқалик машғулотда тўхташ яхшидир. Узоқроқ машқ қилиш катта фойда келтирмайди ва ҳатто зарар етказиши мумкин.
Етарли даражада ухланг
AҚШ Миллий уйқу Жамғармаси маълумотларига кўра, катта ёшдаги соғлом инсон 7-9 соат, болалар эса ундан ҳам кўпроқ ухлаши керак. Ортиқча ухлаш эса соғлиққа зарар етказиши мумкин.
Озиқ-овқат қўшимчалари ва витаминларни истеъмол қилманг
Эндрю Стилнинг сўзларига кўра, витаминлар ва бошқа озуқавий қўшимчаларни шифокор тавсиясисиз қабул қилишдан фойда йўқ. Одамлар мувозанатли овқатланиш ва қуёш остида вақт ўтказиш орқали барча керакли витаминларни олади. Ўз навбатида, озиқ-овқат қўшимчаларини ишлатиш инсон умрини узайтирмайди, балки уни бироз қисқартиради.
Шимолий ҳудудларда қишда Д витамини ва ҳомиладорлик пайтида фолий кислотасини истисно тариқасида ичиш мумкин.
Сабзавотларни кўпроқ, гўштни эса камроқ истеъмол қилинг
Ўсимлик таркибидаги фойдали дармондорилар юрак-қон томир касалликлари ва ўлим хавфини камайтириши мумкин. Ҳайвон ёғларидан эса парҳез қилиш керак. Бундан ташқари, сабзавотларда бошқа озиқ-овқатларга қараганда калория миқдори озроқ бўлади, шунинг учун бу овқатлар сизни соғлом сақлашга ёрдам беради.
Қон босими ва пульсингизни кузатиб боринг
Стиль сизга қон босимини уй шароитида кузатиб боришингизни маслаҳат беради. Бундай назорат айниқса, қачонки шифокор ҳузурида сизнинг босимингиз ва пульсингиз юқори бўлса, яъни «оқ халат синдроми» ўзини кўрсатадиган поликлиникаларга қараганда аниқроқ маълумот беради.
Оғиздаги соғлиғингизни кузатиб боринг
Олимнинг таъкидлашича, тишларингизнинг соғломлиги ҳатто юрак-қон томир касалликлари ва деманцияни олдини олиш учун ҳам муҳимдир. Бу ерда оғизда бактериялар келтириб чиқарадиган сурункали яллиғланиш ҳам назарда тутилган.
Парҳезга ҳаддан ташқари ружу қўйманг
Парҳез тутиш инсон умрини узайтириши мумкинлиги тўғрисида ҳозирча аниқ маълумот йўқ. Стилнинг таъкидлашича, вақти-вақти билан озиқ-овқат маҳсулотларини чеклаш тана вазнини камайтиришга ҳам ёрдам бермайди.