Маълумки, давлатимиз ўзининг жаҳон майдонидаги ўрни ва аҳамиятини янада мустаҳкамлаб, ҳар жабҳада, хусусан, маданият ва санъат соҳасини ривожлантириш ва тарғиб этиш, юртимизнинг дунё маданий маконига фаол интеграциялашувини таъминлаш соҳасини инновацион ривожлантиришга қаратилган тизимли чора-тадбирларни амалга оширди.

 Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 2 февралдаги “Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг қабул қилиниши соҳани янада такомиллаштириш борасида муҳим қадамлардан бири бўлди.

Мазкур қарорнинг мазмун-моҳиятини кенг тушунтириш ва қарор ижросини таъминлаш мақсадида, Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли туманида бўлдик. Дастлаб, маданият марказлари ҳамда болалар мусиқа ва санъат мактабларида бўлиб, маданият ва санъат соҳаси вакиллари билан учрашдик. Мулоқотда ҳар бир раҳбар ва ходимларнинг қарор ижросига жиддий ёндашган ҳолда шахсий масъулиятни янада ошириш, ўз фаолиятини белгиланган чора-тадбирлар асосида ташкил этиш ҳамда соҳани ривожлантиришга оид ташаббус ва маданий лойиҳалар устида кўпроқ ишлаш каби масалалар хусусида тўхталдик.

Мулоқотлар якунида, эътибор қаратиш лозим бўлган жиҳатларга оид кўрсатма, топшириқ ва таклифларни бериб ўтдик.

Айтиш керакки, республика ҳудудлари ўртасида ўзаро маданиятлар алмашинувини йўлга қўйиш ҳам соҳани ривожлантиришнинг муҳим омилларидан биридир. Мисол учун, Қорақалпоғистонда аския санъатини, Самарқандда бахши-жиров термаларини ривожлантириш ҳам маданиятлар интеграциясига замин яратади. 

Бир сўз билан айтганда, маданият ва санъатнинг тараққиёт йўлини белгилаган мазкур қарорнинг ижросини қатъий назоратга олиш масъулияти зиммамизда ва доимий эътиборимизда бўлган асосий вазифадир.

 Озодбек Назарбеков,

Маданият вазири