Вилоят марказидаги «Баркамол авлод» мактабида жойлашган бу янги маскан кутубхона, компьютер лабораторияси, анжуманлар зали ҳамда АҚШда бакалавриат ва магистратура йўналишлари бўйича таълим олмоқчи бўлган ёшларга бепул маслаҳат кўрсатувчи EducationUSA маркази синфхонасидан иборат.

Марказий Осиёда фаолият юритаётган шу каби масканлардан энг йириги ҳисобланган Америка бурчаги АҚШдаги таълим даргоҳларига мос услубда қайта қурилиб, замонавий компьютер ва бошқа зарур ускуналар билан жиҳозланган, юқори тезликдаги интернетга уланган.

Бу ерда барча учун инглиз тилидаги анъанавий ва электрон китоблар ҳамда таълим ва маданиятга оид бошқа ресурслардан, шунингдек, компьютер лабораториялари хизматидан бепул фойдаланиш имконияти яратилган. Айни пайтда янги марказда инглиз тилини ўрганиш бўйича клублар ташкил этиш, шу тильдаги фильмлар намойишларини ўтказиш, АҚШлик экспертлар иштирокидаги турли дастурларни амалга ошириш режалаштирилган.

Маросимда таъкидланганидек, Қарши шаҳридаги Америка бурчаги дунёнинг 140 дан ортиқ мамлакатларида очилган 600 дан зиёд шу каби марказлар тармоғига қўшилади. Масканда танлов асосида саралаб олинган маҳаллий мутахассислар билан бир қаторда Фулбрайт дастури бўйича Ўзбекистонга келиб, бевосита Қашқадарёда фаолият юритаётган АҚШлик ўқитувчилар ҳам таълим беради. Шунингдек, бу ерда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси ходимлари ва Америкадан ташриф буюрган таниқли шахслар – ёзувчилар, мусиқачилар ва бошқалар иштирокида ҳам турли тадбирлар ўтказилиши кўзда тутилган, деб хабар беради Қашқадарё вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.

AMERICAN COUNCILSнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Уильям О‘оаркнинг айтишича, тез орада Ўзбекистоннинг яна бир қанча шаҳарларида ҳам Америка бурчаклари очилиши мўлжалланмоқда. Хусусан, шу йилнинг охиригача бундай маскан Самарқанд шаҳрида фаолият бошлаши мумкин.