Маълум бўлишича, Қарши шаҳридаги деҳқон бозори раиси ва назоратчиси ўзаро тил бириктириб, бозор ҳудудида янги қурилган 110 кв.м майдонли савдо дўконини тадбиркор номига расмийлаштириб бериш эвазига фуқародан 80 минг АҚШ доллари талаб қилган. Улар олдиндан 30 минг АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан уларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди ва 28, 211-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Яна бир ҳолат Бухоро шаҳридаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари улгуржи бозорида аниқланган. Бозор раҳбари ва иш юритувчиси ўзаро тил бириктириб, бозор ҳудудида енгил конструкцияли савдо дўкони қуриб, тадбиркорлик фаолияти юритиш учун 120 кв.м ер майдони ажратиб бериш эвазига фуқародан 11 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланган.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “а, в” бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.