Беларуснинг Витебск вилояти делегацияси Қашқадарё вилояти билан ҳамкорлик бўйича қатор шартномалар имзолади, деб хабар беради  вилоят хокимлиги ахборот хизмати.

Қайд этилишича, Беларусь делегацияси 10-13 октябрь кунлари Қашқадарёда бўлган ва ишчи сафари чоғида томонлар Беларусь товарларини Ўзбекистон бозорига етказиб бериш масалаларини муҳокама қилган.

Витебск вилоят ижроия қўмитаси маълумотларига кўра, гўшт ва сут маҳсулотлари, электр жиҳозлари ва кабел маҳсулотлари Ўзбекистон томонида алоҳида қизиқиш уйғотган.

Йиғилишда имзоланган импорт-экспорт шартномалари ҳажми 3 миллион долларни ташкил этган. Бунга нефть саноати учун маҳсулотлар, ўлчов асбоблари ва ускуналари киради.

Бундан ташқари, ҳудудлар ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик тўғрисида битим тузилган. Икки томоннинг эркин иқтисодий зоналари ҳамда гўшт-сут саноати корхоналари дирекциялари ҳам ҳамкорлик меморандумларини имзолаган.

Витебскдан Ўзбекистон бозорига етказиб берилаётган маҳсулотларнинг қарийб ярмини дори воситалари, гўшт, қуруқ сут, болалар овқатлари, полиетилен ташкил этади. Қарама-қарши йўналишда, асосан, мева ва сабзавотлар, шунингдек, иплар ва мис симлар экспорт қилинади.