Таъкидлаш жоизки, мазкур мажмуа 1998 йил 17 февралда “Ўзбекнефтгаз” ҳамда дунёга машҳур бўлган Германия, Италия ва Япония компанияларини ўз таркибида мужассам этган Консорциум ўртасидаги шартнома асосида қурилган. Қурилиш ва фойдаланишга топшириш ишлари ниҳоясига етгач, 2002 йилнинг август ойида Шўртан газ кимё мажмуасида биринчи “Ўзбек полиэтилени” ишлаб чиқарилган.

Айни пайтда бу ерда 3 минг 854 нафар ишчи меҳнат қилмоқда.

Президентимизнинг 2017 йил 11 майдаги ва 2018 йил 3 февралдаги қарорига асосан мажмуанинг ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш мақсадида инвестиция лойиҳа ишлаб чиқилган. Унга кўра, йилига 3,6 миллиард метр куб газ чуқур қайта ишланиб, Евро-5 стандартига жавоб берадиган 1,5 миллион тонна синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқарилади. Ушбу завод Шўртан газ кимё мажмуасига яқин жойлашгани умумлашган инфратузилма объектларидан фойдаланишда қулайлик яратади.

Бу ерда жорий йилнинг ўтган 9 ойида 3,224 миллард метр куб хом-ашё гази қайта ишланди. Натижада 2,761 миллиард метр куб табиий газ, 101,9 минг тонна полиэтилен, 90,2 минг тонна суюлтирилган газ, 81,7 минг тонна газ конденсати  ва 0,8 минг тонна олтингугурт ишлаб чиқарилди.

– Бундай ишлар нефт-газ соҳасида биринчи кластер яратиш имконини беради. Ушбу корхоналар келгусида кимё, автомобилсозлик, туризм, фармацевтика, тўқимачилик ва бошқа соҳаларни янада ривожлантиришга хизмат қилади, — дейди “Шўртан газ кимё мажмуаси”ни раҳбарининг биринчи ўринбосари Зокир Эшмуродов. – 150 гектардан ортиқ майдонга эга корхонада йилига 3,9 миллиард метр кубгача табиий газ қайта ишланиб, 3,5 миллиард метр куб газ, 125 минг тоннадан ортиқ полиэтилен грануласи, 100 минг тоннадан ортиқ суюлтирилган газ, 100 минг тоннадан ортиқ газ конденсати, 1,5 минг тонна олтингугурт грануласи тайёрланади. Шунингдек, 750 минг кв/метрдан ортиқ алюмин композитли панеллар, 4,5 минг тоннадан ортиқ полиэтилен қувурлар, шланглар, уловчи қисм (фитинг)лар ва томчилаб суғориш тизимлари ҳамда бошқа турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда.

Мажмуада яна бир лойиҳа амалга оширилмоқда. Бу корхона қувватини 125 минг тоннадан 505 минг тоннагача ошириш имконини беради. Бунда Uzbekistan GTL заводида ишлаб чиқариладиган синтетик нафтани қайта ишлаб, янги турдаги полиэтилен ва полипропилен ишлаб чиқариш кўзда тутилган.

Лойиҳанинг асосий мақсади – Углеводород хом ашёсини қайта ишлашни чуқурлаштириш эвазига юқори қўшимча қийматга эга бўлган полимер маҳсулотлари турларини кўпайтириш орқали соҳанинг экспорт салоҳиятини юксалтириш ҳамда импорт ўрнини босувчи хом ашё материаллар ишлаб чиқаришни кўпайтиришдир. Мазкур инвестицион лойиҳани қисқа фурсатларда ишга тушириш мўлжалланган бўлиб, Uzbekistan GTL заводидан келадиган йилига 430,0 минг тонна синтетик нафта ва табиий газ таркибидаги этанни қайта ишлаш ҳисобидан қўшимча 280 минг тонна полиэтилен, 100 минг тонна полипропилен, 50 минг тоннагача пиролиз дистилляти ишлаб чиқариш кўзда тутилган. Натижада яна  800 та янги иш ўринлари яратилади.