Махсус штаб «Ўзтрансгаз» АЖга қарашли Муборак магистраль газ қувурлари бошқармаси тасарруфидаги компрессор станцияси, газ тақсимлаш станциялари, Қарши шаҳри, Ғузор, Қамаши, Яккабоғ Косон ва Шаҳрисабз туманларидаги соҳага оид объектлар фаолияти билан танишиб чиқди.
Қашқадарё вилояти истеъмолчиларига куз-қиш мавсумида жами 1 929,1 миллион куб метр табиий газ етказиб берилади. Бу ўтган мавсумга нисбатан 1,1 фоизга кўпга кўпни ташкил қилади. Вилоятда 140 100 та табиий газ истеъмолчилари мавжуд.
Истеъмолчиларни табиий газ билан таъминлаш учун 3 461,3 километр газ қувурлари ва 5 423 та газ тақсимлаш пунктларидан фойдаланилади.
Апрель ойидан бугунга қадар вилоятдаги газ қувурларининг 3,5 километр қисми мукаммал таъмирланди ва 3,2 километр реконструкция қилинди.
Шу йил 1 октябрдан бошлаб 15 та махсус техника ва 60 нафар ходимлардан иборат 15 та бригада фаолияти йўлга қўйилади.
Шунингдек, суюлтирилган газ истеъмолчиларига куз-қиш мавсумида жами 66 506 тонна суюлтирилган газ етказиб берилади. Бу ўтган мавсумга нисбатан 47 фоизга кўпроқни ташкил қилади. Вилоятда жами 615 581 та суюлтирилган газ истеъмолчилари мавжуд бўлиб, уларни суюлтирилган газ билан таъминлаш учун 19 та автоцистерна ва 149 та ISUZU автомашинаси жалб этилган, деб хабар беради Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.