Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ўртасида Қашқадарё вилоятида стартап лойиҳаларини молиялаштириш бўйича танлов ташкил этиш юзасидан ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Меморандумни инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов ҳамда Қашқадарё вилояти ҳоким Зоир Мирзаев видеоконференс алоқа орқали ўтказилган учрашувда масофадан имзолади.
Меморандум Қашқадарё вилоятида илмий ва инновацион фаолият билан шуғулланиб келаётган фуқароларни қўллаб-қувватлаш, стартап лойиҳаларини тенг улушларда молиялаштириш бўйича ўзаро ҳамкорлик фаолиятини йўлга қўйиш ва ушбу йўналишда танлов ташкил этиш мақсадида тузилди.
Мазкур имзоланган ҳужжатда Қашқадарё вилояти ҳокимлиги томонидан вилоятдаги фуқароларнинг аниқ амалга ошириш механизмлари, муддати ва дастлабки натижалари кўрсатилган стартап лойиҳаларини танловга жалб этилиши белгиланган. Танлов натижаларига кўра Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳайъати томонидан молиялаштиришга тавсия этилган стартап лойиҳаларга ўрнатилган тартибда грант маблағларини ажратилади.
Инновацион ривожланиш вазирлиги ўз навбатида танловни ташкил этиш, ўтказиш, ғолибларни танлаб олиш ишларини амалга оширади. Техник ва молиявий-иқтисодий экспертизадан, ҳамда Илмий-техник кенгашдан муваффақиятли ўтган стартап лойиҳаларни молиялаштириш масаласини Инновация ривожланиш вазирлиги ҳайъатида кўриб чиқилади.
Стартап лойиҳалар танловларини амалга ошириш учун Инновацион ривожланиш вазирлиги 2 миллиард сўм ва Қашқадарё вилояти ҳокимлиги 2 миллиард сўм миқдорида пул маблағлари ажратади.
Вазир ва ҳоким Қашқадарё вилоятининг Нишон тумани инновацион ҳудудга айлантириш бўйича амалага оширилаётган ишларни ҳам муҳокама қилди. Бугунги кунга қадар, Қашқадарё вилоятидан умумий қиймати 11,4 миллиард сўм бўлган 12 та инновацион лойиҳа вазирликка тақдим этилган бўлиб, шундан жами қиймати 7,7 миллиард сўмлик 6 та лойиҳа вазирлик ҳайъатида молиялаштирилиши маъқулланди.
Шунингдек, 2022 йилдан Қашқадарё вилоятида қурилиши режалаштирилган Ёшлар технопарки учун жой ажратиш масаласи ҳам кўриб чиқилди.