Бу ҳақда Энергетика вазирлиги маълум қилди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 11-15 январь кунлари Абу-Даби шаҳрида ўтказилган «Abu Dhabi Sustainability Week 2026» халқаро ҳафталиги бўлиб ўтди.
Ҳафталик доирасида Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида қуввати 300 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станцияси ҳамда 75 МВт·соатли энергия сақлаш тизими (BESS)ни ўз ичига олган лойиҳа бўйича молиялаштириш масалалари юзасидан келишув имзоланди.
Маросимда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев, энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов, Бирлашган Араб Амирликлари Энергетика ва инфратузилма вазири Суҳайл Муҳаммад ал-Мазруий ҳамда “Masdar” компанияси бош ижрочи директори Муҳаммад Жамил Ал Рамаҳий иштирок этди.
Мазкур лойиҳа БААнинг «Masdar» компанияси иштирокида ДХШ асосида амалга оширилади.
Лойиҳани амалга оширишда Европа тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Осиё тараққиёт банки томонидан молиявий ресурслар жалб этилади. Шунингдек, молиялаштириш пакетида Канада ва Финляндия ҳукуматлари маблағлари, Япония билан ҳамкорлик жамғармаси доирасидаги ресурслар ҳамда банк инструментлари назарда тутилган.
Таъкидланишича, лойиҳа ишга туширилгандан сўнг атмосферага йилига 280 минг тонна зарарли моддалар чиқишининг олди олинади, 231 млн куб метр табиий газ тежалади, шунингдек, 280 мингтага яқин хонадонни электр энергияси билан таъминлаш имконияти яратилади.
Ғузор лойиҳаси «Masdar» компаниясининг Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия манбалари соҳасида амалга оширилаётган лойиҳалар доирасида бўлиб, ушбу лойиҳаларнинг умумий қуввати тахминан 2 ГВтни ташкил этади.
Мазкур йўналишда жалб этилган инвестисиялар ҳажми 2 миллиард АҚШ долларидан ортди.