Вилоятда аҳоли сони тобора кўпаймоқда. Ҳозирда бу рақам 3,3 млндан ошган. Маълумотларга кўра, жами аҳолининг учдан икки қисмидан кўпроғи мобиль (фаол, ҳаракатчан) қатлам сирасига киради. Яъни ушбу тоифа у ёки бу транспорт туридан доимий фойдаланади. Ишга, ўқишга, бозор-учар, бирор юмуш билан кўчага чиқадиган кўп.
Салмоқ ортиши сайин воҳада жамоат транспортига эҳтиёж ҳам табиий равишда ошмоқда. Ўз навбатида мазкур ҳолат соҳада қатор ўзгаришлар қилишни тақозо этмоқда.
Айни вақтда вилоятда жамоат транспорти билан боғлиқ ҳақиқий аҳвол қандай?! Бу саволга жавоб беришдан аввал жамоат транспорти имкониятини баҳолаш керак.
Бугунги кунда Қашқадарё вилояти жамоат транспортида автобус йўналиши, йўналишли такси ва йўналишсиз такси асосий ўрин тутади. Ҳисоб-китобларга кўра, ижтимоий фаол аҳолининг 45 фоизи улардан мунтазам фойдаланмоқда.
Йўловчи ташишда қулай ва нисбатан хавфсиз транспорт воситаси сифатида автобус кўрилади. Вилоятда ҳозирги вақтда жами 101 та автобус йўналиши мавжуд. Уларда 370 дан ортиқ автобус ҳаракатланмоқда. Мобиль аҳоли қатламининг 12 фоизи асосан автобусларда ташилмоқда. Кунига бу кўрсаткич 108,7 минг кишини ташкил этаяпти. Йўловчиларнинг 20 фоизи йўналишли (Дамас), 13 фоизи эса йўналишсиз таксига мурожаат қилмоқда.
Қайд этиш керак, бугун вилоятда жамоат транспорти кириб бормаган ҳудуд деярли йўқ. Автобус қатнови ташкил этилмаган жойларда эса йўналишли ва йўналишсиз такси аҳолига хизмат кўрсатаяпти.
Албатта, йўналиш ташкил этишда ижтимоий соҳа объектлари жойлашуви алоҳида эътиборга олинган. Аҳоли тез-тез иши тушадиган тиббиёт ва таълим муассасалари транспорт билан қамраб олинган. Мисол учун вилоятда 1100 дан ортиқ мактаб, 1200 дан ортиқ мактабгача таълим муассасаси мавжуд бўлиб, уларга бориш учун аҳолининг жамоат транспорти у ёки бу туридан фойдаланиш имконияти таъминланган.
Асосийси, келгусида жамоат транспорти қамровини янада ошириш, тадбиркорларни жалб қилиб, замонавий автобус ва микроавтобус олиб келиш бўйича зарур ишлар олиб борилаяпти.