Унда Буюк Британия, Америка Қўшма Штатлари, Япония, Жанубий Корея, Финландия, Канада каби 10 дан ортиқ давлатлар олийгоҳларида ўқиётган, нуфузли хорижий компанияларда ишлаётган 20 га яқин қашқадарёлик ватандошларимиз иштирок этишди.

Учрашувга Қашқадарё вилояти ҳокимлиги раҳбарияти, туман (шаҳар) ҳокимлари, ташкилот ва бошқарма бошлиқлари, олий таълим муассасалари раҳбарлари, Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси вакиллари ва бошқа мутасаддилар таклиф этилди.

 Вилоят ҳокими З.Мирзаев ватандошларга сўнгги йилларда Қашқадарёда барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, эришилган натижалар ва келгусидаги режалар, шунингдек, ватандошларимиз билан ўзаро ҳамкорлик қилиш кутилаётган йўналиш ва лойиҳалар тўғрисида батафсил маълумот берди.

Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси консули Ф.Мўминов ташаббусни қўллаб-қувватлаши, ўзаро ҳамкорлик вилоят тараққиёти учун муҳим аҳамият касб этиши, глобаллашув шароитида бундай форматда иш ташкил этиш инсон ресурсларини ҳар томонлама ривожлантириш ва ўзаро тажриба алмашиш инструменти вазифасини ўташини таъкидлади.

Шундан сўнг, хориждаги ватандошларимиз бирма-бир сўз олиб, ўзлари яшаб келаётган давлатларнинг таълим тизими, соғлиқни сақлаш, иқтисод, туризм, волонтёрликни қўллаб-қувватлаш, АКТ соҳасини ривожлантириш ва бошқа бир қатор соҳалардаги илғор тажрибалар тўғрисида ўз фикр-мулохазаларини билдириб, Қашқадарёда жорий этиш мумкин бўлган лойиҳалар ва стартаплар ҳамда уларни амалга ошириш услублари тўғрисида таклифлар беришди.

Вилоят ҳокимининг туризм ва спортни ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси А.Авазов, соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Р.Туляков, Ахборот-технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш бошқармаси бошлиғи С.Арипов, ТАТУ Қарши филиали директори О.Турғуновлар иштирокчиларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб беришди. 

Учрашув ташаббус, таклиф ва тавсияларга бой, конструктив руҳда ўтди. Энг асосийси, ватандошлар томонидан билдирилган таклифлар вилоят ҳокимлиги томонидан мутахассис ва экспертлар иштирокида кўриб чиқилиб, энг муҳим ва долзарб ғояларни амалиётга татбиқ этиш, доимий равишда ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишга келишиб олинди.