Қашқадарё вилоятининг Муборак туманида «Ижобат» газ конденсатли кони очилди. Янги коннинг очилиши сўнгги бир неча ой давомида олиб борилган геология-қидирув ишлари натижаси ҳисобланади.
«Қашқадарё ҳудудида ҳар йили 25 миллиард кубдан ортиқ газ қазиб чиқарилган бўлса, атиги 4-5 миллиард куб атрофида захира яратиларди. Жорий йилда ўнта структурада иш олиб боряпмиз, ҳудуднинг ўзида камида 20 миллиард куб захира яратишни мақсад қилганмиз. Бунинг учун барча имкониятларимиз етарли ва бу борада соҳада етакчи бўлган давлатлар билан самарали ҳамкорлик қилиб келяпмиз», – деди «Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев.
Жорий йилнинг 19 март ҳолатига кўра, «Ижобат-1» қудуғи 2021 метр чуқурликкача бурғиланди ва ушбу жараёнда маҳсулдор қатламнинг 2021-1708 метр чуқурлик оралиғидан саноат миқёсидаги табиий газ оқими олинди.
Қудуқдан олинган табиий газнинг дастлабки эркин кунлик дебити 200 минг метр кубни ташкил этади.
Маълумот ўрнида айтиш мумкин, «Ижобат» майдонининг ўлчами 10,5 квадрат/километрни ташкил этиб, табиий газ ресурси 5 миллиард 632 миллион/м3 ва конденсат ресурси эса 248 минг тоннани ташкил этади.
Жорий йил якунига қадар, «Ижобат» конида «Ўзбекнефтгаз» АЖ бўйича 2021 йилга мўлжалланган углеводород хомашё базасини ривожлантириш ва қайта ҳосил қилиш дастури доирасида яна иккита излов қудуқларида бурғилаш ишларини олиб бориш режалаштириляпти.
Истиқболли ҳудудлардаги 19 та янги майдонда бурғилаш ишлари олиб борилиши режалаштирилган бўлиб, шундан Муборак нефть газ қазиб чиқариш бошқармаси ҳудудларида жорий йилнинг бугунги ҳолатида ушбу майдонлардан учтасида бурғилаш («Ижобат», «Раззоқбобо», «Чорбоғ»), биттасида («Истиқбол») бурғилаш дастгоҳининг монтаж ишлари олиб бориляпти, деб хабар беради Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.