Ҳужжат лойиҳасига кўра, Ўзбекистон, Ҳиндистон ва Туркия ҳамкорлигида Қарши шаҳрида нодавлат таълим хизматларини кўрсатувчи Қарши халқаро тиббиёт университети ташкил этилади.

Университетда таълим фаолияти 2022/2023-ўқув йилидан бошланади. 2022/2023-ўқув йили учун университетга бакалавриат дастури бўйича "Даволаш иши", "Педиатрия иши", "Стоматология", "Фармация иши" таълим йўналишларига тўлов-шартнома асосида 400 киши қабул қилинади. Бакалавриатни тамомлаган талабалар Қашқадарё вилоятидаги тиббиёт кадрлари танқис бўлган тиббиёт муассасаларида беш йил ишлаб бериши мажбурий ҳисобланади.

Университет ўз имкониятларидан келиб чиқиб, белгиланадиган тартибда ўтказиладиган суҳбат натижасига кўра, маҳаллий ва хорижий фуқароларни тўлов-шартнома шартлари асосида ўқишга қабул қилиши мумкин. Университет битирувчиларига Ўзбекистонда олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган университет дипломи берилади.