Ўзбекистонлик халқаро гроссмейстерлар сафи яна биттага кўпайди. Тошкентда давом этаётган Георгий Аъзамов хотира турнирида муваффақиятли иштирок этаётган Абдумалик Абдусалимов рейтинг балини 2500 дан ошириб, халқаро гроссмейстер талабини бажарди.
Ақл гимнастикасида кўплаб ютуқларга эришган Абдумалик Абдусалимов - 2002 йил 3 март куни Яккабоғ туманида туғилган. Ҳозирги кунда Қарши муҳандислик иқтисодиёт институтида таҳсил олади. Талаба йигит болалигидан шахматда бир қатор ютуқларни қўлга киритган. Асосий вақтини шахмат доскаси ёнида ўтказиши натижасида айни кунда бу ўйиннинг устасига айлангани кўриш мумкин.
"FIDE" устаси (FM, 2015), Халқаро тоифадаги спорт устаси (IM, 2019) ва 2018 йил «Мард ўғлон» давлат мукофоти соҳиби бўлган Абдумаликнинг биринчи бор шахматдаги маҳоратини ошириб, сирларидан воқиф қилишда мураббийи Абдураҳмон Нодиржоновнинг ўрни катта.