Осори атиқаларга бой диёримиз сайёҳлик салоҳияти ва имкониятлари борасида дунёда ўзининг муносиб ўрнига эга. Қадимий шаҳарларимизни кўриш, бетакрор меъморий обидалар, табаррук қадамжоларни зиёрат қилиш, нодир табиат гўзалликларидан баҳраманд бўлиш, азалий анъана ва қадриятларимиз билан танишиш истагидаги сайёҳлар сони йилдан-йилга ортмоқда.

Туризм хизматлари сифатини яхшилаш ва саёҳатчилар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, хизмат турларини кўпайтириш, меҳмон уйлари, туризм қишлоқларининг барпо этилаё­тгани соҳа ривожидан далолат. Қашқадарё вилоят туризмни ривожлантириш ҳудудий бошқармаси ва Ёшлар ишлари агентлигининг вилоят бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган учрашувда айни мавзуга эътибор қаратилди. 

Учрашувда асосан пандемия давридан кейин Қашқадарёда сайёҳларни қабул қилиш имкониятлари, туристик манзиллар, шунингдек, ёшлар тадбиркорлик қилиши мумкин бўлган  ўрмонлар, тоғли жойлар ҳақида сўз юритилди. Вилоятда ёшлар туризмини ривожлантириш, нафақат ички туризм, балки, хорижлик сайёҳларни ҳам жалб қилиш имкониятлари муҳокама этилди.