Футбол бўйича тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақаси ЖЧ-2022 ўйинлари 21 ноябрь куни Доҳа шаҳридаги “Ал-Байт” стадионида бўлиб ўтадиган ўйин билан очилиб, 18 декабрь куни шу шаҳардаги “Лусаил” стадионида ўтказиладиган финал баҳси билан якунланади. Мусобақа учун араблар 8 та стадионни ҳозирлашмоқда.
Жаҳон чемпионатининг гуруҳ босқичидан ўрин олган баҳслар 2022 йилнинг 21 ноябрдан 2 декабрга қадар ўтказилади. Гуруҳ босқичида ҳар бир кунда тўрттадан ўйин бўлиб ўтиши белгиланган.
3 декабрдан бошлаб, гуруҳдан чиққан 16 терма жамоа иштирокидаги нимчорак финал ўйинларига старт берилади ва бу босқичнинг сўнгги баҳсларига 6 декабрь куни якун ясалади.
Чорак финал ўйинлари икки кунлик танаффусдан сўнг, 9 декабрь куни бошланади ва 10 декабрь куни якунланади. Ярим финал баҳслари 13-14 декабрь кунларига белгиланган.
Ярим финалда мағлуб бўлганлар 17 декабрь куни 3-ўринга ким муносиб эканлигига ойдинлик киритишса, навбатдаги жаҳон чемпионларининг ким бўлишини 18 декабрь куни билиб оламиз.