Биз киноижодкорлар ҳамиша қалбан Ўзбекистоннинг ҳар бир бурчагидамиз, бугун техника ривожланган, интернет асрида нафақат юртимиз, балки дунёнинг ҳар бир бурчагида яшаяпмиз, десам хато бўлмайди. Олис Қорақалпоғистоннинг бирор овулида кимдир «Илҳақ»ни кўрар экан мен ҳам қалбан ўша жойдаман, кимдир уммон ортида, майли телефонда бўлсин бирор ўзбек фильмини томоша қиларкан биз ҳам ўша томонларда яшаётгандек бўламиз.

Бугун «Кинокарвон» Сирдарё вилоятида катта тадбирда иштирок этяпти. Сирдарёликларга кўплаб янги-янги фильмлар намойиш этяпмиз. «Кинокарвон» деган номнинг ўзиёқ бу тадбирнинг ҳақиқий санъат, маърифат, маданият тантанаси эканидан далолат беради. Ва бу лойиҳанинг айни шу кунларда бутун мамлакатда ташкил этилгани ҳам қувонарли ҳол. Серқуёш, саховатпеша диёримизнинг ҳар гўшасида ризқ-барака, тўкинлик, тўю шодиёна бўлаётган бир паллада биз киноижодкорлар ҳам халқимизнинг ҳурмат-эътиборига «лаббай» деб жавоб бериб, туманларда, маҳаллаларда ташкил этилаётган ижодий учрашувларда иштирок этяпмиз.

“Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” шиори остида таниқли актёр, актрисалар, ёш киноижодкорлар бирлашиб, бутун мамлакат бўйлаб Янги Ўзбекистонимиздаги ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, эришилаётган ютуқлар, халқ фаровонлиги учун ҳар биримиз бурчли эканмиз, санъат, маданият ҳақида давра суҳбатлари ташкил этилиб, халқ билан жонли мулоқот қиляпмиз. Қолаверса концерт дастурлари, фильм намойишлари ҳам юртдошларимиз учун манзур бўляпти. Гувоҳи бўляпманки, ижодкорларни ҳамма жойда ҳурмат билан, қизиқиш билан кутиб олишяпти. Байрамлар шукроналик шукуҳида, юқори кайфиятда ўтяпти."

Кинематография агентлиги Ахборот хизмати