Ҳисоб палатаси ҳайъатининг навбатдаги йиғилишида давлат молиявий назорати органлари ва ички аудит хизматлари фаолиятининг I-ярим йилликдаги натижалари ҳамда бюджет қонунчилиги бузилишининг олдини олиш юзасидан амалга оширилган ишлар самарадорлиги муҳокама қилинди. Бу ҳақида Палата ахборот хизмати хабар берди.
Ҳисобот даврида 2022 йил 1 январдан бошлаб жорий этилган “Давлат аудити” дастурий комплекси орқали текширишларни ўзаро мувофиқлаштириш натижасида 251 та такрорий ва асоссиз назорат тадбирларининг олди олингани маълум қилинди.
Масофавий ва онлайн назоратни кенг кўламда қўллаган ҳолда самарасиз назорат тадбирларини қисқартириш билан бир вақтда уларнинг сифатини ошириш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилган. Республика бўйича ўтказилган назорат тадбирларининг сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 35 фоизга камайиб, 3 639 тани ташкил этди.
Мамлакатимизда “Давлат аудити” дастурий комплекси ишга тушгани ва унинг воситасида эришилаётган ижобий натижалар ҳақида Европа Олий аудит органлари ташкилоти (ЕВРОСАИ)нинг Ахборот технологиялари бўйича махсус бюллетени ҳамда Россия Ҳисоб палатасининг “Мониторинг” нашрида қайд этилиб, юқори баҳоланди.
Шу билан бирга, Ҳайъат йиғилишида соҳада қатор тизимли камчиликларга йўл қўйилаётгани кескин танқид остига олинди.
Хусусан, Халқ таълими, Соғлиқни сақлаш, Мактабгача таълим, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари, Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат молиявий назорати Инспекцияси томонидан назорат тадбирларини “Давлат аудити” дастурий комплексида рўйхатга олиш ва уларнинг натижаларини киритиш борасида хато-камчиликларга йўл қўйилган.
Айрим ҳолатларда битта хато-камчилик 2 та назорат органи ҳисоботларида акс эттирилиб, такрорий ҳисобга олиниш ва уларнинг миқдори сунъий равишда оширилишига сабаб бўлмоқда.
Хусусан, Ҳисоб палатаси томонидан “Давлат аудити” дастурий комплекси маълумотлари асосида самарадорлиги паст назорат тадбирлари натижалари бўйича объектлар фаолияти қайта назоратдан ўтказилганда, аввалги назорат тадбирларида аниқланмай қолган молиявий ҳуқуқбузарликлар мавжудлиги маълум бўлди.
Мисол учун, Давлат молиявий назорати инспекциясининг Самарқанд вилояти бошқармаси томонидан 6 йиллик фаолияти текширилиб, 6,5 млн сўмлик молиявий ҳуқуқбузарлик аниқланган Самарқанд туман касб-ҳунар мактабининг фаолияти Ҳисоб палатаси томонидан масофавий ўрганилиб, 470,3 млн сўмлик молиявий хато-камчиликлар аниқланган.
Худди шундай, бошқарма томонидан Ургут тумани ҳокимлигининг 6 йиллик фаолияти текширилиб, 18,9 млн сўм иш ҳақи ва мукофот ортиқча тўлангани аниқлаган бўлса, Ҳисоб палатаси ўтказган назорат тадбирида 997,2 млн сўм маблағ моддий рағбатлантириш учун ортиқча сарфлангани аниқланди.
Бугунги кунда ушбу ҳолатларнинг олдини олиш юзасидан тегишли чоралар кўрилди, назорат тадбири материаллари ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқни мухофаза қилиш органларига юборилди.
Келгусида ҳам бюджет маблағларидан фойдаланилишини назорат қилишга доир вазифаларнинг давлат молиявий назорати органлари ва ички аудит хизматлари томонидан самарали бажарилиши борасида назорат тадбирлари давом эттирилади.