Давлат хавфсизлик хизмати маълумотларига кўра, ана шундай шахслардан бири — ўзини «Умму Муҳаммад» деб атаган, 1986 йилда Андижон вилоятининг Пахтаобод туманида туғилган Абубакирова Мироҗихон Азизуллаевна. Унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 244¹²-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган ва қидирув эълон қилинган.
Қайд этилишича, Мироҗихон Абубакирова Сурияда террорчилар сафида жанговар тайёргарликдан ўтган ва ҳозирда қидирувда бўлган, 1979 йилда Андижон вилоятининг Пахтаобод туманида туғилган Абубакиров Сарварбек Усмонжонович билан турмуш қурган. Унинг таъсирида экстремистик ғояларни қўллаб-қувватлай бошлаган.
Таъкидланишича, Абубакирова Telegram мессенжерида «Охират ҳовлиси», «Толиб илм безаги» ва бошқа канал ҳамда ёпиқ гуруҳларни ташкил этиб, ўзбекзабон хотин-қизларга онлайн диний сабоқлар берган.
Расмий маълумотда айтилишича, ушбу фаолият давомида аёлларга мутаассиблик ва экстремистик ғоялар сингдирилган, улар ҳижрат қилишга чақирилган ҳамда Сурия ва Афғонистондаги террорчилик ташкилотларига жалб этилган.
Материалда Мироҗихон Абубакированинг аудио ва видеоматериалларда ҳижрат ҳамда жиҳод мавзуларида радикал қарашларни тарғиб қилгани ҳақида ҳам маълумот берилган.
Расмий маълумотга кўра, унинг таъсирига тушиб, Ўзбекистондан хориждаги террорчилар сафига бориб қўшилган ёки турмуш ўртоғини «кофир» деб эълон қилиб, у билан ажрашиши оқибатида фарзандлари етим қолган аёллар ҳам бор.
Қайд этилишича, юқорида тилга олинган Telegram каналлари Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан интернет тармоғидаги диний экстремистик, террорчилик ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган манба ва контентлар рўйхатига киритилган.
Мазкур интернет-ресурсларга аъзо бўлиш, улардаги материалларни сақлаш, улардан фойдаланиш ва тарқатиш қонунчиликда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фуқароларни интернетдаги шубҳали диний-экстремистик контентлардан эҳтиёт бўлишга чақирмоқда.
Агар Мироҗихон Абубакирова ёки Сарварбек Абубакиров ҳақида маълумотга эга бўлсангиз, Давлат хавфсизлик хизматининг 1520 ҳамда Ички ишлар вазирлигининг 1102 ишонч телефонларига хабар бериш сўралган.