Эътиборлиси, ушбу дастурларда 4 нафар вакилимиз финалгача етиб борди. Дастлаб рапира баҳсларида Маржона Усмонова таиландлик рақибасини ишончли ҳисобда мағлуб этди. Шпага баҳсида эса ҳамюртимиз Мейирхан Тимуров қозоғистонлик рақибига атиги 1 очко фарқи билан имкониятни бой берди.
Сабля йўналишидаги соф ўзбекча ўтган финал баҳсида ҳамюртимиз Исламбек Абдазовнинг қўли баланд келди. Алланияз Эшчанов эса кумуш медаль билан чекланди.
Қиличбозлик бўйича ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатининг иккинчи куни ҳам терма жамоамиз учун муваффақиятли ўтиб, якунда вакилларимиз битта олтин, иккитадан кумуш ва бронза медалларини қўлга киритишди.
Бугун ўсмир ёшидаги қизлар шпага ҳамда сабля, йигитлар эса рапирада куч синашишди. Унда саблячимиз Фернанда Эррера Лара барча рақибаларини мағлубиятга учратиб, олтин медалга сазовор бўлди. Аҳамиятлиси, у ҳал қилувчи баҳсда бошқа бир вакиламиз Аякоз Жумамуратова устидан ғалаба қозонди. Ушбу йўналишда бронза медали ҳам терма жамоамиз аъзосига насиб этди, Самира Шакирова шоҳсупанинг учинчи поғонасига кўтарилди.
Рапирачимиз Радмир Семёнеев финалда гонконглик рақибига имкониятни бой бериб, кумуш медаль соҳибига айланган бўлса, Азиза Ҳамидова шпага дастурида бронза медали билан тақдирланди.
Шу тариқа вакилларимиз шахсий биринчиликда 3та олтин, 4та кумуш ва 2та бронза медалини қўлга киритишди.