Бу жиҳат, айниқса, республикамизда энг кўп ғалла ва пахта етиштирувчи ҳамда бир-икки йирик саноат корхонаси бўлган Қашқадарё вилоятида яққол сезиларди. Қашқадарёми, албатта, ҳудудда ғалла ва пахта етиштирилиши ҳақида, соҳа илғорлари ҳақида ёзилиши шартдек эди, гуё.

Бугун эса ким республикамиз бўйлаб сафарга чиқса борадиган манзиллару, қаҳрамонларга вақт нуқтаи назаридан улгурмай қолиш аниқ.  Чунки ҳудудларда ўзгаришлар катта, одамлар ҳаёти бошқа-ча, саноатнинг турли тармоқлари ривожламоқда, табиркорлар инновацияга интилмоқда. Хуллас, ёзаман, деганга мавзу кўп, қаҳрамон кўп.  Кечаги хаёлларимиз, тасаввурларимиз эскириб, кўз ўнгимизда янги Ўзбекистон ўзгаришлари рўй бермоқда.  Бунга яқинда бир гуруҳ ижодкорлар  Қашқадарё вилоятига  қилган сафаримиз давомида яна бир карра гувоҳ бўлдик.

Юртимизнинг қадимий ҳудудларидан бўлган кўҳна Қашқадарё воҳаси она диёримизнинг шонли тарихидан сўзловчи қадим масканлардан бири. Кўплаб алломаларга бешик бўлган бу диёрнинг бугунги қиёфаси ва имкониятлари ҳам залворли. Айтиб ўтганимиздек, йўналишлар, дастур бойлиги туфайли тўрт гуруҳга бўлинган ҳолда Қарши, Ғузор, Миришкор, Китоб  ва Шаҳрисабз туманларида бўлиб, у ерда кейинги пайтларда амалга оширилаётган кенг бунёдкорлик ҳамда янгиланишлар, шунингдек, ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий соҳа объектлари, тадбиркорлик субъектлари фаолияти, маҳаллаларда олиб борилаётган  кенг кўламли ишлар билан яқиндан танишдик. Хусусан, Қарши шаҳрида яқинда фаолият бошлаган 250 ўринли кўп тармоқли “Жавоҳир” номли тиббиёт маркази, ойига 12 мингта телевизор ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган “Smart” заводи ҳамда Қарши шаҳри марказида жойлашган «SULTON TEX GROUP» тикувчилик фабрикаси,  шунингдек, Ғузор туманида газни қайта ишлашга ихтисослашган  “Uzbekistan GTL” заводида бўлишди. Қарши давлат университети,  Абдулла Орипов ижод мактаби ва бошқа умумтаълим мактабларида ва Шаҳризабздаги Мақом марказида бўлиб, ёшлар билан маърифий учрашувлар ўтказилди. Вилоятнинг тарихий туризм имкониятлари билан ҳам яқиндан танишишди. Жумладан, Қарши туманидаги Абул Муин Насафий мажмуасини зиёрат қилинди.  Шунингдек, Шаҳрисабз шаҳридаги Оқсарой мажмуаси ва у ердаги обидалар зиёрат қилинди.

Биргина Қарши шаҳридаги "Буюк Турон" кичик саноат ҳудудида жойлашган "Smart" телевизорлари ишлаб чиқарувчи корхонасини олайлик.            Энг илғор ускуналар билан жиҳозланган замонавий заводда шу заминнинг юздан зиёд фарзандлари меҳнат қилмқода. Корхонада, шунингдек, яқин вақт ичида  совутгич, кир ювиш машинаси каби маҳсулотлар ҳам ишлаб чиқарилиши режалаштирилган. Эътиборлиси, маҳсулотнинг асосий қисми экспортга мўлжалланган.

  Ёки бўлмаса, Ғузор туманидаги “Uzbekistan GTL” заводида нефть-газ-кимё соҳаси учун тайёрланаётган маҳсулотлар жаҳон бозорида ҳам харидоргир. Ушбу заводда 3,6 миллиард куб метр тозаланган табиий газ (метан) қайта ишланади. 1,5 миллион тонна юқори сифатли синтетик суюқ ёқилғи, жумладан, 307 минг тоннадан ортиқ авиакеросин, 724 минг тонна дизель ёқилғиси, 437 минг тонна нефть, кимё соҳаси учун хомашё бўлган нафта, 53 минг тонна суюлтирилган газ ишлаб чиқарилади.

Заводда илгари ҳам бўлганмиз, фаолияти билан танишганмиз. Лекин эътиборга молик, қалбни ғурурга тўлдирадиган жиҳати бундай ноёб корхона дунёда саноқли. Саноқлилардан бири Ўзбекистонда, Қашқадарёда.   

Ғузор туманининг Мустаққиллик маҳалласида “Янги Ўзбекистон” массивида қад ростлаётган уйлар эса қишлоқ одамлари турмуши тобора фаровонлашиб бораётганига яна бир мисол  бўлади.  Ўттиз бешта беш қаватли уйларнинг ҳар бири 20 хонадондан иборат. Бу яқин вақт ичида 700 оила ўз уйига эга бўлади, дегани.

Сафар давомида адабиётшунос олимлар, шоирлар, ёзувчилар, журналист ва санъаткорлар Шаҳрисабз туманидаги “Мираки” туризм маҳалласида “Маърифатли ёшлар – юрт келажаги” шиори остида ижодий учрашувда иштирок этдик. Вилоят ҳокими билан ўтказилган мулоқот чоғида Қашқадарёда бугунги кунда амалга оширилаётган ишлар, режалаштирилаётган лойиҳалар ҳақида маълумот берилиб, кўп сонли қашқадарёлик ижодкорлар, журналистлар, фан, санъат ва адабиёт соҳаси фидойиларининг ушбу жараёндаги фаол иштироки муҳим эканлиги алоҳида қайд этилди.

 Шунингдек, учрашувда халқ фаровонлигини таъминлаш, муаммо ва камчиликларни биргаликда бартараф этиш, узоқ туман ва қишлоқларда кутубхоналар очиш ва уларни адабиётлар билан таъминлаш, шунингдек, ижодкор ёшларни қўллаб-қуватлаш, ватанимиз тарихи, адабиёти, туризми, мусиқа ва санъатини янада ривожлантиришни қўлллаб-қувватлаш хусусида атрофлича мулоҳазалар билдирилди. Учрашувда вилоят ҳокими зиёлиларнинг ҳаётий таржиба ва билимларидан самарали фойдаланган ҳолда воҳа ривожи ҳамда ёшлар таълим-тарбияси йўлида бирлашиш борасида алоҳида тўхталиб ўтди.

Сафаримиз нафақат Ўзбекистон балки бутун дунёга машҳур бўлган Шаҳрисабз шаҳрида бобомиз қурдирган Оқсарой мажмуаси ва унинг атрофидаги тарихий обидаларни зиёрат қилиш билан давом этди. Мажмуада маҳаллий зиёратчилардан ташқари, хорижлик сайёҳларни кўп учратдик. Улар бугун олти асрдан зиёд вақт  аввал барпо этилган биноларимизга ҳайрат билан боқишмоқда. Бугун янги Ўзбекистонда рўй бераётган ислоҳотларга, бунёдкорлик ишларига гувоҳ бўлишмоқда.    

Шу маънода айтиш мумкинки, бугун Қашқадарёда амалга оширилаётган ишлар кўлами кенг. Ўзгаришлар катта. Буюк бобомиз таъбири билан айтганда, бунга шубҳа қилганлар келиб ўз кўзлари билан кўришлари мумкин.

Ортга Шаҳрисабздан автобусда  Чироқчи ва Кўкдала тумани орқали қайтдик. Ҳудудда қилинаётган ишлар эътиборга молик, албатта. Лекин Чироқчидан Кўкдала тумани маркази Еттитомгача масофадаги йўл анчагина таъмирталаб бўлиб қолгани ҳам эътиборимизни тортди. Ҳудудга сайёҳларни, инвесторларни чорлаётган эканмиз, одамларга қулай турмуш шароити яратишни мақсад қилган эканмиз йўллар соз бўлиши ҳам керак.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,

Шуҳрат ҲАЙИТОВ