Андижон вилояти “Дўстлик” чегара божхона постида мартабали меҳмонларни Фарғона вилояти ҳокимининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи Муҳсинхўжа Абдураҳмонов бошчилигидаги бир гуруҳ вилоят мутасаддилари  тантанали тарзда кутиб олдилар. 

Норин вилояти маъмурияти аъзолари, шаҳар ва туманлари раҳбарлари, тадбиркорлар, санъаткорлар ва оммавий ахборот воситалари вакилларидан иборат қирғиз делегацияси аъзолари 19 мартгача Фарғона вилоятида бўлишади.

Эртага Фарғона ва Норин вилоятлари раҳбарларининг тор ва кенгайтирилган доирадаги учрашувлари бўлиб ўтади. Делегация аъзолари вилоятнинг турли ҳудудларидаги йирик ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти билан танишадилар. 

19 март куни икки вилоят ишбилармон доиралари иштирокида бизнес форум бўлиб ўтади. Меҳмонлар шунингдек Фарғонада ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмасини ҳам бориб кўришади.

Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг 11−12 март кунлари Ўзбекистонга расмий ташрифи доирасида Фарғона ва Қирғизиcтоннинг Норин ҳамда Боткен вилоятлари ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича “йўл хариталари” имзоланганди. 

Бугун бошланган ташриф икки қўшни вилоят ўртасида ҳудудлараро ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз.