БМТ Бош Ассамблеясида бўлиб ўтган овоз бериш якунларига кўра, Қирғизистон Осиё–Тинч океани давлатлари гуруҳидан ажратилган ўрин учун рақобатда Филиппинни ортда қолдирди. Мамлакат тўртинчи турда 142 та овоз тўплаб, зарур бўлган икки уч қисмлик кўпчилик овозни қўлга киритди.
Шу тариқа, Қирғизистон Марказий Осиё давлатлари орасидан БМТ Хавфсизлик Кенгашига сайланган навбатдаги мамлакатга айланди.
Сайлов натижаларига кўра, Австрия ва Португалия Ғарбий Европа ва бошқа давлатлар гуруҳидан, Тринидад ва Тобаго Лотин Америкаси ва Кариб ҳавзаси давлатлари гуруҳидан, Зимбабве эса Африка давлатлари гуруҳидан Хавфсизлик Кенгаши таркибига сайланди.
БМТ Хавфсизлик Кенгаши 15 давлатдан иборат бўлиб, уларнинг бештаси — Буюк Британия, Хитой, Россия, АҚШ ва Франция вето ҳуқуқига эга доимий аъзолар ҳисобланади. Қолган ўнта давлат эса икки йиллик муддатга сайланади.
2026 йил охирида Греция, Дания, Покистон, Панама ва Сомалининг ваколат муддати якунланади. Уларнинг ўрнини янги сайланган давлатлар эгаллайди.
Хавфсизлик Кенгаши халқаро тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш учун асосий масъул орган ҳисобланади. Зарур ҳолатларда у санкциялар жорий этиш ёки халқаро тинчликни тиклаш мақсадида куч ишлатишга рухсат бериш ваколатига ҳам эга.