Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида ўзбек-қирғиз Давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги ШАРТНОМА 13 та моддадан иборат бўлиб, бунда, ўзбек-қирғиз Давлат чегарасининг 35 та участкадаги умумий узунлиги 302,29 км бўлган чизиғи белгиланди.
Ўзбекистонга 4957 гектардаги Андижон (Кампиробод) сув омбори ҳудуди ҳамда тўғонга хизмат кўрсатиш ва уни муҳофаза қилиш учун қўшимча 19,5 гектар ер майдони ўтказилади, Қирғизистонга эса компенсация тарзида 1019 гектар яйлов ерлари берилади.
Шунингдек, Қирғизистонга Андижон (Кампиробод) сув омборининг қурилмай қолган Кампиробод чап қирғоқ канали учун “Ғовасой” участкасидан 12 849 гектар ер майдони компенсация тарзида берилади.
Бунда, қирғиз томони “Ғовасой” дарёсининг табиий оқимига тўсқинлик қиладиган гидротехник ва бошқа иншоотларни қурмаслик, сувнинг техник ифлосланишига йўл қўймаслик мажбуриятини олади.
– Андижон (Кампиробод) сув омборининг сув ресурсларини биргаликда бошқариш масалаласи ва Сўх туманидаги “Чашма” булоғи жойлашган участка алоҳида шартномалар билан тартибга солиниши келишиб олинди;
– ўзбек-қирғиз Давлат чегарасининг айрим участкаларида демаркация ишлари тўла тугалланмагунча Давлат чегарасини назорат қилиш ва қўриқлаш ердан ҳақиқий фойдаланиш чегалари бўйлаб амалга оширилади.
“Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳукуматлари ўртасида Андижон (Кампиробод) сув омборининг сув ресурсларини биргаликда бошқариш тўғрисидаги БИТИМ 11 та моддадан иборат. Бунда:
– Андижон (Кампиробод) сув омбори сув ресурсларини биргаликда бошқариш бўйича Қўшма комиссия (Ўзбекистондан – сув хўжалиги вазири) тузилди ва унинг фаолияти тўғрисидаги низом тасдиқланди;
– Ўзбекистон ва Қирғизистон томонидан Битимни амалга ошириш бўйича ваколатли давлат органлари (Ўзбекистон томонидан – Сув хўжалиги вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси) ва уларнинг ўзаро ҳамкорлик қилиш тартиби белгилаб берилди;
– Андижон (Кампиробод) сув омборининг сув ресурсларини биргаликда бошқариш бўйича Битим томонларининг ўзаро мажбуриятлари акс эттирилди;
Ўзбек томони сув омборидаги сув сатҳини 900 горизонталдан юқори бўлмаган сатҳда ушлаб туриш, Қирғизистон фуқароларининг сув омбори сувига эркин кириши ва ундан фойдаланишини (ҳайвонларга сув бериш, суғориш, балиқ овлаш) таъминлаш, атрофида муҳандислик-техник иншоотларни ўрнатмаслик мажбуриятларини олган.
Қирғиз томони сувни муҳофаза қилиш зоналари ўрнатилиши, ундан фойдаланиш режимига риоя этилишини таъминлаш мажбуриятларини олган.
– Андижон (Кампиробод) сув омборининг хавфсизлигини таъминлаш бўйича Ўзбекистон ва Қирғизистон томонидан амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар келишиб олинди.
Ўзбек томони сув омборининг хавфсизлигини таъминлайди, эксплуатация қилади, техник хизмат кўрсатади, қирғиз томони билан келишилган лимитлар доирасида сув чиқаради.
Халқаро шартномаларни ратификация бўйича қонунлар Президентимиз томонидан имзоланиши натижасида:
– ўзбек-қирғиз Давлат чегарасининг умумий узунлиги 302,29 км бўлган чегара чизиғини делимитация қилиш ишларини якунига етказиш орқали қўшни мамлакатлар ўртасида барча низоли масалалар ечилишига олиб келади;
– 2,5 млн тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва 500 млн доллар миқдоридаги маҳсулотларни экспорт қилиш учун 8 мингга яқин фермер хўжаликларини сув билан узлуксиз таъминлаш имконияти яратилади;
– Андижон (Кампиробод) сув омбори сув ресурсларини биргаликда бошқаришнинг ҳуқуқий асослари яратилади.