Товар-моддий бойликларнинг мамлакат ҳудудидан яширинча олиб чиқилишига қарши курашиш доирасида Давлат хавфсизлик хизматининг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ва божхона органлари ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилди.

Маълум бўлишича, Фарғона туманида яшовчи 1996 йилда туғилган шахс бошқарувидаги “Damas” русумли автотранспорт воситаси Қирғиз Республикасига чиқиш мақсадида “Водил-авто” чегара божхона постига кириб келган вақтида текширувдан ўтказилган.

Текширув жараёнида автомашина кузов қисми ичига яширилган 4 дона ностандарт шаклдаги олтин қуйма аниқланиб, ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинди.

Экспертиза хулосасига кўра, мазкур олтин қуймаларнинг соф оғирлиги 1 килограмм 232 граммни ташкил этиб, умумий қиймати 2 миллиард 182 миллион 466 минг сўмга тенг.

Ҳолат юзасидан Давлат хавфсизлик хизматининг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси Тергов бўлими томонидан ушбу шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 182-моддаси (божхона тўғрисидаги қонунчиликни бузиш) 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

ДХХ фуқароларни бу каби қонунбузилиш ҳолатлари ҳақида 1520 қисқа рақами орқали хабар беришга чақиради. Мурожаат қилган шахснинг шахсияти сир сақланиши кафолатланади.