— Ёшлар ҳар қандай давлатнинг эртаси, порлоқ келажагини таъминловчи улкан куч, — дейди Ёшлар ишлари агентлиги Андижон вилояти бошқармаси бошлиғи Ойбек Юлдашев. — Ана шу куч, дўстлик, ҳамкорлик алоқалари қанчалик мустаҳкамланса, юртимиз, минтақа, яъни Марказий Осиё тараққиёти янада юксалишига хизмат қилади.

Ўзбек ва қирғиз ёшларининг фаол  иштирокида ўтган  мулоқотлар, мақсадлар уйғунлигини кўрсатди. Шундан сўнг қирғизистонлик ёшлар Андижон шаҳридаги "Ёшлар технопарки" фаолияти билан танишди. Ёшларнинг IT соҳасидаги билим ва салоҳиятини юксалтириш мақсадида ташкил этилган, энг замонавий жиҳозлар билан таъминланган “Ёшлар технопарки”да қатор лойиҳалар доирасида ёшлар 3D моделлаштириш, робототехника, график дизайн ҳамда дастурлаш йўналишлари ва бошқа замонавий касбларга ўқитилмоқда.

Форум қатнашчилари бу ерда ташкил этилган  "Ишга марҳамат" мономаркази фаолияти билан ҳам яқиндан танишишди. Марказда ёшлар учун яратилган шароитлар, уларни замонавий касбларга ўқитиш, тадбиркор ёшларни қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ишлар меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

Ўзаро тажриба алмашиш, ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилаётган "Ўзбекистон – Қирғизистон" ёшлари форуми қатнашчилари юртимиздаги маҳаллабай ишлаш тизими билан танишиш, маҳаллаларда жорий этилган ёшлар етакчиси лавозими ва улар томонидан амалга оширилаётган ишлар билан танишиш мақсадида Андижон шаҳридаги “Баркамол” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлди.

Ёшлар етакчиси томонидан олиб борилаётган ишлар, тадбиркор ва  ҳунарманд ёшлар билан мулоқотлар қилишди.

Андижон шаҳридаги “Экопарк”да маданий кўнгилочар тадбирлар ўтказилди.