Куз кириб келганига ҳам бир ойдан ошди. Ҳадемай совуқ кунлар эшик қоқади. Ота-боболаримиз айтганидек, қишга ҳозирлик қанча пухта бўлса, у шунча соз ўтади.
Совуқ мавсумда аҳолини энг кўп ташвишга соладиган масалалардан бири иситиш тизими билан боғлиқ экани ҳеч кимга сир эмас. Айни қаҳратон кунларда баъзан иситиш тармоқларидаги носозлик панд беради. Ана шундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари белгиланган режа асосида олиб борилмоқда.
Шу кунларда кўп квартирали уй-жойлар, иссиқлик корхоналари, сув, канализация обьектларини таъмирлаш, фуқароларга совуқ кунларда электр, газ таъминоти, суюлтирилган газ, кўмир етказиб беришга тайёргарлик, ижтимоий соҳа объектларини куз-қиш мавсумига ҳозирлаш ишлари давом этмоқда. Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 17 сентябрдаги “Иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ва кўп квартирали уй-жой фондини 2021/2022 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан мазкур жараёнларга 2,5 триллион сўм маблағ ажратилди.
Ишларнинг боришини назорат қилиш учун тегишли вазирлик, идора, ташкилотлар вакилларидан иборат республика комиссияси ҳамда унинг ҳудудий бўлинмаларида 24 соат давомида ишлайдиган махсус штаблар тузилган.
Уй иссиқ — кўнгил хотиржам
Республика ва маҳаллий бюджет, банк кредитлари, уй-жой мулкдорлари ширкатлари маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан 4 388 та кўп қаватли турар жойни сифатли таъмирлаш белгиланган бўлиб, ҳозирга қадар уй-жойларнинг 4 мингтаси таъмирлаб бўлинди.
Хўш, бу борада яна қандай ишлар бажарилиб, аҳолининг қайси муаммолари бартараф этиляпти?
— Юртимизда мавжуд кўп квартирали уйларнинг 19 490 таси марказий ва маҳаллий қозонхоналар, индувидуал иситиш қозонлари, контрамарка ва голланд печлари орқали иссиқлик энергияси билан таъминланган, — дейди Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири ўринбосари, республика комиссияси аъзоси Қурбон Турсунов. — Бугунга қадар 28 та марказий ва маҳаллий қозонхона, 94 та қозон ускунаси, 217,2 километр иссиқлик тармоғи мукаммал таъмирланди. Шу билан бирга, 66 та марказий ва маҳаллий қозонхона (42 та марказий, 24 та маҳаллий), 836 та қозон ускунаси, 530 километр иссиқлик тармоғи жорий таъмирдан чиқарилган.
Қозонхона иссиқлик энергияси ва иссиқ сув ишлаб чиқариш мажмуасиди бщлиб, бу ерда иссиқлик энергияси табиий газ, кўмир ва нефт маҳсулотлари, электр энергияси ва совуқ сувдан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқарилади. Маълумотларга кўра, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги тизимида 20 та иссиқлик таъминоти корхонаси ва улар таркибида 578 та қозонхона мавжуд бўлиб, шундан 500 таси ҳозирги кунда ишлаб турибди. 2021 йилда марказий ва маҳаллий қозонхоналарни ҳамда иссиқлик тармоқларини реконструкция ва модернизация қилиш учун жами 23,1 миллиард сўм миқдорида марказлашган маблағлар ажратилган.
Хусусан, Тошкент вилояти Янгийўл шаҳридаги Турон ва РК-1 марказий қозонхоналарининг реконструкция қилиниши ва таъмирланиши 77 та кўп қаватли уй ва 6 та ижтимоий соҳа объектини марказлашган иссиқ сув ва иссиқлик энергияси билан таъминлаш имконини беради.
Бу борадаги ишлар бошқа вилоятларда ҳам давом этмоқда. Самарқанд шаҳридаги РК-1 марказий қозонхонасида жами 74, 6 миллиард сўм маблағ ҳисобидан 21 МВтли 3 та автоматик тизимли қозонни ўрнатиш ҳамда 15,4 километр иссиқлик тармоғини янгилаш режалаштирилган бўлса, Наманган шаҳри Давлатобод туманидаги “Мустақиллик” ва “Халқлар дўстлиги” МФЙлар ҳудудида ҳар бирининг қуввати 60 мВтга тенг бўлган 2 та марказий қозонхона, 60 километр иссиқлик тармоғини қуриш ва 400 та индивидуал иссиқлик пунктини ўрнатиш ишларига 157,5 миллиард сўм маблағ ажратилган.
Ушбу саъй-ҳаракатлар натижасида жорий йил юртимиздаги ижтимоий соҳа объектларининг барчаси қозонхоналар билан таъминланади. Улар табиий газ бўлган вақтда газда, бошқа пайтда кўмирда ишлаш имкониятига эга. Мутасаддиларнинг таъкидлашича, бу йилги қиш мавсумида аҳолига кўмир етказиб бериш билан боғлиқ муаммолар бўлмайди. Айниқса, охирги йилларда кўмирнинг сифати ортиб бораётгани алоҳида таъкидланяпти.
Сусткашликка йўл қўйилмайди
Куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида халқаро ҳамкорликдаги лойиҳаларга ҳам эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Хоразм вилоятида иссиқлик таъминотини яхшилаш мақсадида Оролбўйи минтақасини ривожлантириш жамғармаси маблағларидан 2021 йил учун 34,4 миллиард сўм ажратилган бўлиб, 10 та қозонхона ва 11 километр иссиқлик тармоғини модернизация ва реконструкция қилиш лойиҳаларини амалга ошириш натижасида 77 та кўп квартирали уй ва 27 та ижтимоий соҳа объектини иссиқлик таъминоти билан таъминлаш назарда тутилган.
Жаҳон банки иштирокида ҳам умумий қиймати 220,7 миллион доллар бўлган йирик лойиҳа бажарилмоқда. Унинг доирасида 5 та марказий қозонхона, 136,1 километр иссиқлик тармоғини модернизация ва реконструкция қилиш, 2 056 та индивидуал иссиқлик пунктини ўрнатиш белгиланган.
Тошкент шаҳри иссиқлик таъминоти эса Франциянинг Veolia Central & Eastern Europe компаниясига 30 йилга давлат-хусусий шериклик тамойили асосида берилади ва бу бўйича Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори қабул қилинган. Бундан бир неча кун олдин Тошкентда ташкил этилган Ўзбекистон иқтисодий форумида Veolia компанияси билан Тошкент шаҳридаги марказий иситиш тизимини эксплуатация қилиш, техник хизмат кўрсатиш ва бошқариш бўйича концессия шартномаси тузилди. Унга кўра, дастлабки икки йилда Бектемир ва Сергели иситиш тизимини модернизация қилиш бўйича пилот лойиҳа амалга оширилади. Унинг якунлари асосида бутун шаҳар бўйича модернизация дастури татбиқ этилади.
— Бу каби жараёнларда тизимда ресурс тежовчи замонавий технологияларни кенг жорий этиш белгиланган, — дейди Қурбон Турсунов. —2024 йилга қадар марказлаштирилган иссиқлик таъминотини босқичма-босқич ёпиқ тизимга ўтказиш кўзда тутилган. Яъни бу йўналишда амалга оширилаётган барча лойиҳаларда фойдали иш коэффициенти 95 фоиздан юқори бўлган иситиш қозонлари ва индивидуал иссиқлик пунктлари ўрнатилади ҳамда иссиқликни сақловчи, жумладан, пенополиуретандан тайёрланган полимер изоляцияли ва ҳимоя қобиғига ўралган қувурлар ётқизилади. Мазкур янгича усул иссиқлик қопламаларидан фойдаланиш муддатини 30 йилдан зиёдроққа оширади. Иссиқлик тармоқларини реконструкция қилиш сарф-харажатларини 15 фоиз, хизмат кўрсатишда 80 фоиз, иссиқлик энергиясини етказиб беришдаги йўқотишларни 20 фоиз камайтириш, юзага келган авария ҳудудларини автоматик равишда аниқлашга имконият яратади.
Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги томонидан марказлашган ичимлик сув таъминоти етиб бормаган олис қишлоқ аҳолисини обиҳаёт билан таъминлаш мақсадида соҳага ННТларни жалб этиш бўйича ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, вазирликнинг давлат ижтимоий буюртмаси асосида “Тараққиёт” аҳоли турмуш тарзини яхшилаш маркази “2021 йилда Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларидаги чекка ҳудудларни ичимлик сув билан таъминлаш” лойиҳаси бўйича амалий ишларни бошлаб юборган. 18 мингдан ортиқ аҳолини тоза ичимлик сув билан таъминловчи, қиймати 14 миллиард сўмлик мазкур синов лойиҳа учун 6 та пудрат ҳамда 3 та лойиҳа ташкилоти жалб қилинган.
Қишга ҳозирлик ишлари аҳолининг асосий эътирозларига сабаб бўладиган электр узатиш тизимида ҳам давом этмоқда. Бугунга қадар ҳудудий электр тармоқлари корхоналари томонидан 26 202,6 километр электр узатиш тармоқлари ва 9061 дона трансформатор пункти мукаммал, 49 509,1 километр электр узатиш тармоғи ва 19 186 та трансформатор пункти жорий таъмирланди.
— 2021-2022 йил куз-қиш мавсумида истеъмолчиларга 31 598,2 миллион кВт/соат электр энергияси етказиб берилиши кутилмоқда, — дейди “Ҳудудий электр тармоқлари”АЖ бош бошқармаси мутахассиси Акмал Мирзаев. — Бу ўтган йил мавсумидагига нисбатан 3 632,8 миллион кВт.соат ёки 13,1 фоиз кўп дегани. Ҳозирги кунда барча ҳудудий корхоналаримизда 400 та махсус автотранспорт мавжуд ва улар шай ҳолатга келтирилган. Авариявий захира яратилиб, юзага келган аварияларни бартараф этиш учун тезкор таъмирловчи 439 та бригада ташкил этилган. Улар алоқа воситалари ва машиналар билан таъминланган.
Халқимиз бежиз “Сунбуладан кейин сув совуқ, мезондан кейин кун совуқ”, демаган. Бундай кунларнинг бир зумда кириб келганини баъзан сезмай ҳам қоламиз. Шундай кезда аҳолига қулайлик яратиш мақсадида бу йил олис ҳудудларда қиш мавсумида 15-20 кунга етадиган озиқ-овқат захирасини яратишга ҳам алоҳида эътибор бериляпти. Махсус штаб томонидан кам таъминланган оилаларнинг қишда қийналмаслиги учун чоралар кўрилади. Шунингдек, ишчи гуруҳ қиш давомида тармоқларда юзага келадиган барча узилиш, носозликларни назорат қилиб, тузатиб боради. Вазирлик-идораларга берилган вазифаларда сусткашликка йўл қўйган масъул ходимларга нисбатан эса қатъий чоралар белгиланган.
Жорий йил октябрь ойидан бошлаб Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги тизимида кўп квартирали уйни бошқариш органларининг электрон реестри ва бошқарувчи ташкилотлар рейтинги ишга туширилди. Унда исталган фуқаро сервис компанияларини A, B, C, D тоифаларига кўра баҳолаб, рейтинг натижаларини бевосита кузатиб бориши мумкин.
Мавзу юзасидан сўз борар экан, кўпчилик аҳолини асосий масала — иситиш мавсуми қачон бошланади ва ҳаво ҳароратининг пасайиши сабабли бу жараённи белгиланган муддатдан эртароқ амалга ошириш мумкинми, деган саволлар қизиқтириши табиий. Бу борада Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири ўринбосари Назиржон Назиров шундай дейди: “Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра, 5 кунгача об-ҳаво 8 даражадан паст бўлса, марказий иситиш тизими ишга туширилади. Шу сабабли ҳозир ўртача ҳаво ҳароратимиз 16-18 даража бўлса, кечаси 10-9 даражагача тушмоқда. Шунинг учун бу масалада, норматив меъёрлар келгандан кейин, яъни беш кун давомида кечаси ҳарорат 8 даражадан паст бўлса, қозонхоналар ҳокимларнинг махсус қарорлари билан ишга туширилади”.
Шундай қилиб, қиш тобора яқинлашмоқда. Пойтахт ҳокимлиги хабарига кўра, Тошкент шаҳридаги марказлашган иссиқлик таъминотидан фойдаланувчи истеъмолчиларни иссиқлик билан таъминлаш мақсадида 2021 йил 12 октябрдан ижтимоий соҳа объектларининг иситилиши бошланади. 14 октябрь санасидан эса кўп қаватли турар жой бинолари мунтазам иситишга ўтказилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 15 июлдаги қарори билан тасдиқланган “Кўп квартирали уйларда иссиқлик таъминоти хизматлари кўрсатиш қоидалари”нинг 13-бандига мувофиқ, хонадонларни иситиш эҳтиёжлари учун иссиқлик энергиясини бериш даври Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан белгиланган муддатларда бошланади ва тамомланади. Демак, яқин кунларда барча ҳудудларда газ, электр ва бошқа тармоқ корхоналари қишки мавсумга ўтади. Уларни 24 соатлик шай ҳолатга келтириш бўйича алоҳида топшириқлар берилган.
Ирода ТОШМАТОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири