Наврўз байрами кунларида сумалак учун ям-яшил буғдой ниҳоллари қисқа фурсатларда ўстирилиши тажрибаси қадимдан маълум. Ўз таркибида тўйимли элементларга эга буғдой ниҳоллари айни пайтда чорва учун ўта юқори калорияли озуқа ҳамдир. Кўп ва сифатли миқдорда бу тур яшил озуқани етиштириш учун қаҳратон қиш фаслида иссиқхоналар маъқул келади.
Хоразм вилояти Хонқа тумани марказидаги Паҳлавонлар маҳалласида фаолият юритаётган “Хонқа чорва капитал” масъулияти чекланган жамияти айнан аҳоли ва чорва фермерлари эҳтиёжларини инобатга олиб, гидропоника усулида яшил озуқа ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Бу турда яшил озуқа етиштириш усули воҳада янгилик ҳисобланади.
Замонавий ускуналар Испаниядан келтирилган. Эндиликда бу ерда кунига 5 тонна яшил озуқа ишлаб чиқарилиб, мижозларга узлуксиз етказиб берилаётир.
Янги лойиҳа туфайли 4 иш ўрни ҳам яратилди.
Рўзимбой ҲАСАН,
“Янги Ўзбекистон” мухбири