Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги соҳаси аввалгидек эмаслиги, эндиликда, у илм-фанга асосланган, замонавий йўналишлардан бирига айланиб бораётгани ҳақида кўп гапиряпмиз. Чиндан ҳам бугунги қишлоқ хўжалиги тизими бир неча йил олдингисидан тубдан фарқ қилади. Аммо бунга биргина илғор техникалар эмас, балки соҳани тубдан такомиллаштириш, ишларни ташкил этишда ресурстежамкор ва энг сўнгги инновацион технологияларни қўллаш эвазига эришилмоқда.
Илм-фан ютуқлари, олимларнинг изланиш ва тажрибаларга асосланган бу технологиялар ерга ишлов беришдан тортиб, тайёр маҳсулот олингунга қадар бўлган жараёнларни ортиқча меҳнат ва сарф-харажатларсиз, илғор техникалар, рақамлаштирилган ускуналар ёрдамида аниқ ва пухта амалга ошириш имконини беряпти. Натижада юртимизда қишлоқ хўжалиги ерларида рақамли ахборот тизимларини жорий этиш кўлами кенгайиб бормоқда.
Қишлоқ хўжалиги фаолиятини замонавий дрон технологиялари асосида рақамлаштириш илмий-амалий лойиҳаси доирасида иш олиб бораётган Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Тошкент давлат аграр университети ҳамда Солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги “Геоинновация маркази” ДУК мутахассислари ҳам мазкур йўналишда дастлабки натижаларга эриша бошлади. Лойиҳа Президентнинг 2021 йил 3 февралдаги “Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар тизими ҳамда замонавий хизматлар кўрсатишни янада ривожлантириш тўғрисида”ги Фармони ҳамда бошқа тегишли қарорлар асосида амалга оширилмоқда. Жорий йилнинг март ойида Тошкент вилояти Қибрай туманидаги 10 гектар ғалла майдони, 4 гектар узумчилик майдони ва 5 гектар шудгор қилинган ерларда ўтказилган илк тажриба-синов ишлари муваффақиятли олиб борилди. Жараёнда фойдаланилган бир дона ўзи учар дрон қурилмаси белгиланган майдонларда кузатув ишларини атиги 6 дақиқада якунлади.
Маълумот олишнинг тезкор усули
Сўнгги вақтларда учувчисиз бошқариладиган қурилма — дронлар хизматидан турли йўналишларда фойдаланиш анча оммалашиб улгурди. Замонавий технологик янгиликнинг имкониятлари одамларнинг уларга бўлган талаби тобора ортиб боришига туртки бермоқда. Масалан, илгари юқори пландан туриб тасвирга тушириш, қидирув ишлари ва шу каби жараёнларга анчагина вақт ва сарф-харажат талаб этадиган самолёт ёки вертолёт жалб қилинган бўлса, эндиликда, бу вазифани дронлар ёрдамида бемалол уддалаш мумкин. Бундан ташқари, бу турдаги қурилмалар йилдан йилга такомиллаштирилиб, уларнинг бажарадиган вазифалари, қўлланиш доираси янада кенгайиб боряпти.
Қишлоқ хўжалигида дронлардан фойдаланиш юртимиз тажрибаси учун янгилик, дейишимиз мумкин. Одатда дала майдонлари ҳолатини кузатиш ва мониторинг қилиш ишларига бир неча киши жалб қилиниб, жараёнлар кунлаб давом этади. Бу вазифаларни дронлар ёрдамида амалга ошириш орқали эса ортиқча вақт ва ишчи кучини тежаб қолиш мумкин. Мутахассислар тажриба-синов ишларини олиб бораётган илмий-амалий лойиҳанинг мақсади ҳам шундан иборат. Учувчисиз бошқариладиган қурилмалар ёрдамида қисқа вақтда экинлар ҳолатини кузатиш, уларда мавжуд касалликларни аниқлаш, экин экилган майдонлар ва дала харитасини тузиш, шунингдек, зараркунандаларни ўрганиш ва мониторинг қилиш кўзда тутилган.
— Илмий-амалий лойиҳа доирасида дрон технологиялари орқали қишлоқ хўжалигида мавжуд муаммолар ўрганилиб, уларни бартараф этиш бўйича илмий таклиф ва амалий тавсиялар ишлаб чиқилади, — деди Тошкент давлат иқтисодиёт университети Рақамли иқтисодиёт ва ахборот технологиялари кафедраси мудири Мунис Абдуллаев. — Шудгор қилинган ерлардаги тупроқнинг унумдорлиги, ғалла майдонлари, боғдорчиликда мавжуд турли хил касалликлар, зараркунанда ҳашоратлар аниқланиб, улар тўғрисида маълумотлар базаси яратилади. Яна бир аҳамиятли жиҳати, дронлар орқали олинган ва қайд қилинган амалий маълумотлар компьютер дастурлари ёрдамида қайта ишланиб, улар асосида зарурий ечимлар қабул қилинади. Бу қарорлар экинларнинг бир хилда ривожланиши ҳамда агротехник ишларда йўл қўйиладиган четланиш ва бузилишларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Компьютер экранидаги тасвирлар орқали экинларнинг касаликка учрагани, суғориш ишларидаги хатоликлар ҳамда қаерда зараркунандалар кўпайиб кетгани тўғрисидаги маълумотларни ҳам аниқлаш имкони мавжуд. Бундан ташқари, олинган маълумотлар, тасвирлар ёрдамида кучли ёмғир, дўл ва шу каби табиий офатлар етказган зарар ҳамда бўлажак ҳосил миқдорини ҳисоблаб чиқиш мумкин. Мутахассисларнинг айтишича, қайд қилинаётган маълумотлар компьютерга ҳозирча анъанавий усуллар орқали ўтказилмоқда. Аммо жараённи такомиллаштириш мақсадида олиб борилаётган илмий изланишлар келгусида қайдларни узлуксиз равишда онлайн тизим орқали компьютерга узатиб боришга шароит яратади.
Сониясига 20 метр тезлик
Тажриба-синов ишларида дастлабки жараён ер майдонлари, ўсимликларининг ҳолатини аниқлаш, шудгор қилинган ерлар, узумчилик ва ғалла майдонлари ўлчамларини белгилаб олиш ҳамда уларни кузатишдан бошланди. Иш мобайнида “DJI Phantom 4” русумли учувчисиз учар аппаратидан фойдаланилди. Оғирлиги 1,4 килограмм бўлган қурилма 500 метргача юқоридан, 3 500 метр радиусдаги майдонни кузатиш имкониятига эга. Мослама автоматик учиш ва қўниш, белгиланган нуқталарни учиб ўтиш, мўлжал олишни интеллектуал бошқариш, парвоз нуқтасига қайтиш, чекланган жойлар тўғрисида огоҳлантириш каби функцияларга эга. У “Android” ва “iOS” операцион тизимларини қўллаб-қувватлайди, “ГЛОНАСС” ва “GPS” навигация тизимида ишлайди. Аппаратнинг максимал учиш тезлиги сониясига 20 метрни ташкил этади. Қолаверса, унда спорт режими, DJI Guidance объектларини визуал аниқлаш, компас ва датчикларни такрорлаш тизимлари мавжуд.
Сўнгги русумдаги дроннинг ҳавода учиш вақти 25 дақиқа бўлиб, тасвирларни 12,4 МП камера орқали қайд этади. Экилган экин турлари, ерларнинг ҳолати, уларни ўрганиш мақсади ва қабул қилинадиган ечим аҳамиятидан келиб чиқиб, бир дона дрон ёрдамида ўртача 5000 гектар майдонни мониторинг қилиш имконияти мавжуд. Шу жиҳатдан, ўртача катталикдаги туман қишлоқ хўжалиги майдонларини тадқиқ қилиш учун камида 3 дона дрон етарли бўлади.
Келгусида дронлар ёрдамида олинган маълумотлар асосида далалар релефини таҳлил қилиш, ўсимликлар ҳолатини баҳолаш ҳамда экинларни кузатиш учун ўзи учар қурилмалардан фойдаланиш усуллари ва алгоритмларини ишлаб чиқиш кўзда тутилган. Шунингдек, ўрганилаётган объектларнинг маълумотлар базаси шакллантирилиб, дрон технологияларидан қишлоқ хўжалиги фаолиятида фойдаланишнинг илмий-техник асослари яратилади.
— Лойиҳа доирасида кейинчалик мобил телефон воситасида далалар ҳолатини кузатиш имкониятини берадиган мобил платформа, яъни қўшимча дастурий таъминот ҳам ишлаб чиқилади, — дейди Мунис Абдуллаев. — Смартфондаги илова экин экилган майдонлар устида парвоз қилувчи дронларни бошқаришга ёрдам беради. Агар фермер даланинг бирор қисмидаги ҳосилнинг етилган ёки етилмаганини билмоқчи бўлса, илова керакли жойга етиб бориш учун энг мақбул йўналишни кўрсатиб беради. Дрон орқали эса экинларнинг ўсиши кузатилади ва қай вақтда ҳосилни йиғиштиришни бошлаш кераклиги тезда аниқланади.
Тадқиқотлар ўз самарасини берадиган бўлса, келгусида республикамизнинг қишлоқ хўжалигига ихтисослашган бошқа ҳудудларида ҳам учувчисиз учар аппаратларни қўллаган ҳолда, ерлар, ўсимликлар ва зарарли ҳашоратларни кузатиш ҳамда мониторинг қилиш ишлари амалга оширилади. Ҳозирча эса тажриба-синов ишларининг кейинги босқичи Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида олиб борилиши режалаштирилган.
Ирода ТОШМАТОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири