Ушбу янги топшириқлар ҳамда иқтисодиёт тармоқлари тараққиёти учун белгиланган мақсадлар нафақат рақамлар ва кўрсаткичлардан иборат, балки улар ортида халқимизнинг фаровонлиги, фермер ва тадбиркорлар учун яратилган янги имкониятлар ҳамда замонавий технологияларнинг амалиётга татбиқини кўриш мумкин.
Аграр соҳа шунчаки иқтисодиёт тармоғи эмас, аксинча, ҳаёт томири, юртнинг ризқ-рўзи, халқ фаровонлигининг мустаҳкам таянчидир. Шу маънода, бугун қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотларни замон билан ҳамнафас тараққиёт сари қўйилган жасоратли қадамлар, десак хато бўлмайди. Бинобарин, мазкур соҳага тегишли ҳар бир қарор, ҳар бир янги ташаббус далаларда унган ҳосил каби келажакка ишончни янада мустаҳкамламоқда.
Қишлоқ хўжалигининг 2026 йил учун ўсиш прогнози 4,2 фоиз этиб белгиланган эди. Бироқ қўшимча имконият ва ресурслар чуқур таҳлил қилиниб, ҳозирги салоҳият қайта сарҳисоб қилинди. Натижада жорий йилда соҳадаги ўсиш суръатини 6 фоизга етказиш белгиланди. Бу 571 триллион сўмлик ялпи маҳсулот ҳажми, қўшимча 32 триллион сўмлик ўсиш демакдир.
Албатта, бунга эришиш ўз-ўзидан бўлмайди. Бунинг ортида минглаб фидойи фермерлар, заҳматкаш деҳқонларнинг тинимсиз меҳнати, соҳадаги олим ва тадқиқотчиларнинг янги навлар селекцияси, инновацион ишланмалар, замонавий технологияларни амалиётга жорий этиш, ривожланган давлатлар тажрибасини ўзлаштириш ҳамда илмий ёндашувларни амалиётга жорий этишдек қатъий ислоҳотлар турибди. Бироқ бугунги аграр ислоҳотлар ерга муносабатни ўзгартирмоқда, деҳқон меҳнатига янги мазмун бағишламоқда. Илм-фан ютуқлари, рақамли технологиялар, замонавий техника ва инновацион ёндашувлар қишлоқ хўжалигини мутлақо янги босқичга олиб чиқмоқда. Дала ва лаборатория, фермер ва олим, анъана ва инновация — барчаси ягона мақсад йўлида бирлашяпти.
Ҳар бир соҳада забт этилиши лозим бўлган чўққига чиқиб бориш, янги марраларни эгаллашда ҳудудлардаги шароитлар, ички ва фойдаланилмаган имкониятларини эътиборга олиш муҳим. Шу боис, ишлаб чиқилган прогнозларда ҳар бир ҳудуднинг “ўсиш нуқталари”, фойдаланилмаган имкониятлари ва қўшимча манбаларини инобатга олишга алоҳида эътибор қаратилди.
Йўналишлар бўйича оладиган бўлсак, жорий йилда деҳқончилик маҳсулотлари 262,8 триллион сўмни, чорвачилик маҳсулотлари 275,9 триллион сўмни ташкил этиши кўзда тутилган. Асосий турдаги маҳсулотлар бўйича юқори марралар белгиланган. Жумладан, бу йил 11 миллион тонна донли экин, 4,5 миллион тонна пахта, 14,7 миллион тонна сабзавот, 4,5 миллион тонна картошка, 3,5 миллион тонна полиз маҳсулотлари, 3,8 миллион тонна мева етиштириш режалаштирилган.
Бу кўрсаткичлар юртимизда озиқ-овқат хавфсизлигини янада мустаҳкамлаш, ички бозорда аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз ва барқарор таъминлаш ҳамда экспорт салоҳиятини кенгайтиришга хизмат қилади.
Биринчи чорак — йил тақдирини ҳал қилувчи давр
Аграр соҳада йилнинг биринчи чораги шунчаки уч ой эмас. Бу давр бободеҳқонлар йилнинг қандай келишини табиатдаги уйғониш жараёнлари ва турли ҳисоб-китоблар орқали аниқлаб, тадоригини кўрадиган, шунга қараб яхши ният билан ерга барака уруғи қадаладиган, ҳар бир қарич ерда меҳнат ва умид уйғунлиги намоён бўладиган вақтдир. Шу боис, бу давр — бутун йил тақдирини белгилайдиган, режаларни амалиётга айлантирадиган, ғояларни ҳосилга айлантиришга тайёрлайдиган ҳал қилувчи босқич.
Бу даврдаги ҳар бир фидойи ҳаракат, ҳар бир илғор технология ва ҳар бир фермернинг интилиши нафақат ҳосилдорликни ошириш, балки мамлакат фаровонлиги ва халқ ҳаётида барқарор тараққиёт учун мустаҳкам пойдевор яратишга хизмат қилади. Шу билан бирга, йилнинг биринчи чорагида самарасини яққол кўрсатади.
Шу сабабли жорий йилнинг биринчи чорагида 55,8 триллион сўмлик қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш (хизматлари кўрсатиш) кўзда тутилган. Булар йиллик 6 фоизли ўсиш марраси сари дадил қадам бўлади.
Чорвачилик аҳолининг кундалик эҳтиёжини таъминлайдиган энг муҳим тармоқлардан. Бугун мазкур соҳада наслчиликни яхшилаш, озуқа базасини мустаҳкамлаш ва саноатлашган фермерликни ривожлантириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар самара бермоқда. Айнан чорвачилик маҳсулотлари (гўшт, сут, тухум) етиштиришдаги ўсиш аҳоли истеъмолидаги асосий эҳтиёжларни қондиришга хизмат қилади.
Сабзавот ва мева етиштириш ҳажмининг ошиши эса баҳор ойларида бозорда маҳсулотлар танқислигининг олдини олади.
Бугун ғўзачиликдаги ислоҳотлар пахтани хомашё сифатида етиштиришдан тортиб, юқори қўшимча қийматли маҳсулотга айлантиришгача бўлган бутун занжирни қамраб олмоқда. Интенсив усуллар, замонавий техника ва илмий ёндашувлар туфайли пахтачилик мутлақо янги босқичга кўтарилмоқда. Бу ўзгаришлар нафақат ҳосилдорликни ошириш, балки юртимизнинг жаҳон бозоридаги рақобатбардошлигини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади.
Ҳозир 888 минг гектар ғўза майдонларида интенсив экиш схемаларини жорий этишга тайёргарлик кўрилмоқда. Шундан 500 минг гектарда юқори ҳосилли, шўр ва сувсизликка чидамли хорижий навлар экиш режалаштирилган. Шунингдек, Шинжон тажрибаси асосида 300 минг гектарда чигит экиш ишлари ташкил этилмоқда. Механизациялаш даражасини ошириш учун 800 та пахта териш машинаси, 450 та кўп функцияли сеялка ва 2000 та бошқа агрегатларни харид қилиш ишлари бошланди.
Интенсив боғдорчилик — юқори қийматли маҳсулотлар манбаи
30 минг гектар янги интенсив боғ ва токзор барпо этиш, 15 минг гектарини реконструкция қилиш режаси доирасида биринчи чоракда ер танлаш, лойиҳалаш ва инфратузилма тайёргарлиги ишлари бажарилади.
Резавор мевалар — малина, маймунжон, голубика ва қулупнай етиштириш майдонларини 1500 гектарга етказиш бўйича амалий қадамлар қўйилди. Зеро, бу маҳсулотлар экспортбоплиги ва юқори қиймати билан алоҳида аҳамиятга эга.
Ўз ўрнида қишлоқ хўжалиги саноати экспортини 4 миллиард долларга етказиш мақсади доирасида биринчи чоракда ташқи бозорлар билан шартномалар тузиш, сертификатлаш жараёнлари тезлаштирилади. 555 миллион долларлик 16 та лойиҳани амалга ошириш бўйича инвестиция келишувлари босқичма-босқич ҳаётга татбиқ этилади.
Рақамли технологиялар изчиллиги
Рақамлаштириш — бошқарув маданияти ва фикрлаш тарзи янгиланишидир. Сунъий интеллект, дронлар, электрон платформалар ва маълумотлар таҳлили орқали ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш имконияти кенгаймоқда. Энди ҳар бир қарор ҳиссиёт эмас, аниқ рақам ва таҳлилларга таянади. Бу эса хатоларни камайтириш, самарадорликни ошириш, вақтни тежашга ёрдам беради. Шу маънода, рақамли қишлоқ хўжалиги бугунги кун воқелигидир. У далани лабораторияга, фермерни эса замонавий менежерга айлантирмоқда.
Биринчи чоракда “Рақамли қишлоқ хўжалиги” ягона интеграция платформаси ишга туширилиши натижасида 100 дан ортиқ хизмат ва 30 дан зиёд ахборот тизими ягона нуқтада бирлаштирилади. Шу билан бирга, сунъий интеллект асосида маълумотларни таҳлил қилиш, ер ва сув ресурсларини бошқариш, экинларни оқилона жойлаштириш бўйича амалий ишлар бошланди.
Дрон хизматлари йўлга қўйилиб, 600 минг гектар майдонда агротехник тадбирларни дронлар орқали амалга оширишга замин яратилади. Бу эса вақт ва ресурс тежамкорлигини таъминлайди.
Белгиланган устувор вазифалардан кўзланган асосий мақсад ишлаб чиқариш суръати ва ҳосилдорликни ошириш ҳамда имкониятларни тўлиқ ишга солишдир. Бу нафақат янги ерларни ўзлаштириш ёки ҳажмни кўпайтириш, балки ҳар бир қарич ердан самарали фойдаланиш, замонавий ёндашув ва аниқ режа асосида иш юритиш демакдир.
Ҳозир ҳисоб-китоб тизимини такомиллаштириш, қуйи бўғинларда етиштирилаётган маҳсулот ҳажмини тўғри ва шаффоф акс эттириш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада Миллий статистика қўмитаси билан ҳамкорликда маълумотлар аниқлиги ва ишончлилигини таъминлаш бўйича тизимли ишлар бажарилмоқда. Чораклик вазифаларни вертикал бошқарув тизими асосида, масъул шахсларни аниқ бириктирган ҳолда амалга ошириш тизими йўлга қўйилди. Ҳудудлардаги бухгалтерия марказларини қайта ўқитиш эса ҳисоб юритиш маданиятини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Энг муҳими, аграр соҳада яширин иқтисодиётни бартараф этиш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар кўрилмоқда. Бу орқали ишлаб чиқаришнинг ҳақиқий ҳажми, ресурслар ҳаракати ва даромадлар очиқ-ойдин кўринади. Жорий йилда мамлакатимизда аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш жараёнлари ўтказилиши эса соҳа учун янги имконият эшикларини очди. Бу нафақат ўсиш суръатини табиий таъминлаш, балки аниқ ва пухта ҳисоб-китоб асосида стратегик режалар тузишга мустаҳкам замин яратди.
Бир сўз билан айтганда, жорий йил учун белгиланган марралар халқ фаровонлигига қаратилган улкан дастурдир. 6 фоизли ўсишни таъминлаш йилни қишлоқ хўжалиги соҳасида туб бурилиш даврига айлантиради. Бинобарин, бугун юртимиз далаларида фақат экин эмас, балки янги тафаккур, янги ёндашув, янги давр кайфияти ҳукмрон. Энг муҳими, бу ислоҳотлар ортида инсон манфаати турибди. Ҳар бир шароит, ҳар бир янги имконият бу — фермернинг даромади, аҳолининг дастурхонидаги барака, ёшларнинг қишлоқда қолиб, замонавий шароитда меҳнат қилиши учун яратилган пойдевордир. Аграр соҳадаги ўзгаришлар қишлоқ қиёфасини, турмуш тарзини ва иқтисодий муҳитни тубдан янгиламоқда.
Иброҳим АБДУРАҲМОНОВ,
қишлоқ хўжалиги вазири