Дунёда охирги йиллардаги геосиёсий вазият билан боғлиқ ҳолат озиқ-овқат хавфсизлиги учун ҳам етарли таҳдидлар пайдо қилди. Айниқса, Африка қитъасидаги очарчилик ҳолати йилдан-йилга ёмонлашиб бормоқда.
Инсоният бугун барча соҳа ривожланган ХХI асрда яшаяпти. Лекин озиқ-овқат муаммоси, аграр соҳа масалалари янги асрда ҳам долзарблигича қолган. Дунё аҳолисини очарчилик, тўйиб овқатланмаслик, ичимлик сув каби муаммолар тобора кенг қамраб олмоқда. Мутахассисларнинг таъкидлашича, ушбу инқироз кўплаб можаролар, иқлим ўзгариши, қурғоқчилик ва иқтисодий ҳисоб-китоблардаги хатоликлар натижасида анча вақтдан бери етилиб келаётир.
Қолаверса, COVID-19 пандемияси ҳамда дунё мамлакатларининг бир-бирига озиқ-овқат ва бошқа турдаги санкцияларни тартибсиз жорий қилиши ҳам масалани янада мураккаблаштириб юборди. Бу эса, ўз навбатида, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нархининг кескин ошишига сабаб бўлмоқда. Маълумотларга қараганда, 2030 йилга бориб, озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи 35 фоизгача қимматлашади. Шу сабабли, охирги йилларда БМТ ва бошқа йирик жаҳон тузилмаларида озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш бўйича йирик конференция ҳамда бошқа тадбирлар ўтказиб келинмоқда.
Бундай маҳсулотлар етиштириш юртимизда ҳам долзарб аҳамият касб этиб келган. Зеро, Ўзбекистон ҳам қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчи ва экспорт қилувчи давлатлардан бири саналади. Сентябрь ойида Самарқанд шаҳрида озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича ўтказилган халқаро конференция фикримиз тасдиғидир. Ўзбекистон Республикаси ва БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг техник кўмагида ташкил этилган мазкур анжуманда 30 дан ортиқ давлатдан 2 мингдан зиёд мутахассис иштирок этди. Мазкур форумда мамлакатимизнинг аграр салоҳияти яққол намоён бўлди.
Тадбирда қатнашган 26 мамлакатдан келган 100 дан зиёд компания вакиллари Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги имконияти билан яқиндан танишиб, ҳамкорлик ўрнатишга катта қизиқиш билдирди. Мамлакатимиздаги қатор олий таълим муассасалари раҳбарлари ва профессор-ўқитувчилари билан бирга Термиз агротехнологиялар ва инновацион ривожланиш институти масъуллари ҳам анжуманда қатнашиб, Финляндия, Польша, Литва, Малайзия каби мамлакатларнинг соҳага ихтисослашган ОТМлари билан ҳамкорлик шартномалари имзолашга
эришди. Бу келгусида қишлоқ хўжалигига инновацияларни жорий этадиган малакали мутахассисларни тайёрлаш учун янги имкониятлар очади. Ҳозир жаҳон озиқ-овқат хавфсизлиги мўътадил ёки ўткир бўлмаган шароитда 2,3 миллиард инсон яшаяпти. Шундан 556 миллиони (25 фоизи) Осиё қитъасида. Дунёда охирги йиллардаги геосиёсий вазият билан боғлиқ ҳолат озиқ-овқат хавфсизлиги учун ҳам етарли таҳдидлар пайдо қилди.
Айниқса, Африка қитъасидаги очарчилик ҳолати йилдан-йилга ёмонлашиб бормоқда. Албатта, бу хавф-хатарларнинг барчаси ҳам Ўзбекистон учун хос эмас. Масалан, юртимизга очарчилик хавф солаётгани йўқ. Лекин ернинг шўрланиши, суғориш учун сув ресурслари камайиб бораётгани, чўлланиш, қурғоқчилик каби таҳдидлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришдаги асосий муаммоларга айланмоқда.
Охирги йилларда юртимизда қишлоқ хўжалигига янгича ёндашув тизими жорий қилинди. Яқин-яқингача сақланиб келган пахта яккаҳокимлигига барҳам берилиб, ердан самарали фойдаланишга эътибор қаратилди. Биринчи марта давлат қишлоқ хўжалиги ери аҳолига узоқ йиллик ижара асосида бўлиб берилмоқда. Пахта ва ғалла кластерлари ташкил этилиб, юқори ҳосилдорлик ва натижадорликка эришилмоқда. Хусусан, бу йил биринчи марта ғалладан 8 миллион тоннадан зиёд ҳосил олинди.
Деҳқон ва фермерларнинг манфаатдорлиги ошиши ҳисобига ерга муносабат ўзгаряпти. Натижада ернинг мелиоратив ҳолати яхшиланмоқда. Томчилаб суғориш тизими кенг жорий этилмоқда. Ерга агротехник ишлов бериш учун хориждан замонавий техникалар олиб келинаётганидан ҳам хабардормиз. Деҳқон-фермерлар етиштирган маҳсулотларини ўзи хорижга экспорт қилмоқда. Уларга божхона ва карантин хизматлари кўрсатиш тизими тубдан ўзгарган. Экспортда транспорт харажатининг бир қисмини қоплаб бериш амалиёти жорий қилинди.
Бир сўз билан айтганда, уларга қулай шароитлар яратиб бериляпти. Сурхондарё қулай географик жойлашуви, унумдор тупроғи, сув захиралари мавжудлиги билан алоҳида аҳамиятга эга. Аграр соҳадаги кенг ислоҳотлар вилоят қишлоқ хўжалигига ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда. Чунончи, янги турдаги деҳқон-фермер хўжаликлари ташкил этилиб, экин турлари бозор муносабатлари асосида етиштириляпти. Маҳсулотлар тури кўпайиб боряпти. Бу эса ички бозорни сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш ва хорижга ҳам экспорт қилишга йўл очади.
Воҳа деҳқонлари аллақачон экспортбоп маҳсулот етиштиришнинг ҳадисини олган. Бунда давлат томонидан логистика, божхона, карантин соҳасида деҳқон-фермерларга яратиб берилаётган катта имкониятлар муҳим омил бўлаётир. Шунингдек, камбағалликни қисқартириш мақсадида кам таъминланган оилаларга ер ажратиб бериляпти. Улар ердан унумли фойдаланиб, икки-уч мартагача ҳосил оляпти. Бундан ташқари, ҳудудда такрорий экин экишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган.
Хусусан, вилоятда 2023 йилда ғалладан бўшаган ернинг 90 минг 800 гектарига такрорий экин экилди. Шундан кластер ва фермер хўжалиги ўз эҳтиёжи учун 31 минг 191 гектарга, фермер хўжалиги аъзолари 49 минг 550 гектарга, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”да рўйхатда турганлар 1 минг 21 гектарга такрорий экин эккан. Сурхондарё вилоятида 2023 йилда 390 минг 141 тонна озиқ-овқат маҳсулоти реализация қилиш режалаштирилган.
Бунда ички истеъмол учун 134 минг 599 тонна, экспорт учун 60 минг 472 тонна, қайта ишлаш корхоналарига 79 минг 979 тонна, захирага 79 минг 589 тонна, Тошкент шаҳри ва бошқа ярмаркаларга юбориш учун 35 минг 503 тонна озиқ-овқат маҳсулоти етиштириш кўзда тутилган. Воҳанинг иқлими деҳқончилик учун жуда қулай, маҳсулотлари эрта пишади. Шу боис, сўнгги беш йилда мева-сабзавот асосий экин майдони 2,5 баробар кенгайтирилди. Бу йил аҳоли учун яна 8 минг 500 гектар ер ажратилмоқда.
Деҳқонларга шароит яратиб, сув таъминотини яхшилаб, озиқ-овқат маҳсулотлари ҳажмини 2 баробар ошириш ва экспорт қийматини 250 миллион долларга етказиш мақсад қилинган. Бу йўналишда, айниқса, 2021 йилдан бошлаб Сурхондарё тажрибаси асосида ёшларга 30 сотихдан ер ажратиб берилаётгани жуда катта воқеа бўлди. Вилоятда 2023 йилда ҳам “Ёшлар дафтари”да турган 2 минг 802 нафар фуқарога E-AUKSION электрон савдо платформаси орқали 1008,44 гектар ер майдони ажратиб берилди. Ҳозир ёшлар етиштирилган ҳосилни йиғиштириш билан банд.
Абдуғаффор ЖЎРAЕВ,
иқтисодиёт фанлари доктори, профессор