Қишлоқ хўжалиги ерларида етиштирилаётган маҳсулотлар аҳоли моддий турмуш тарзини яхшилаш, кундалик эҳтиёжларини қондириш билан биргаликда давлат иқтисодиётининг юксалишига замин бўлмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги Фармонида қишлоқ хўжалигини илмий асосда интенсив ривожлантириш орқали деҳқон ва фермерлар даромадини камида 2 баравар ошириш, қишлоқ хўжалигининг йиллик ўсишини камида 5 фоизга етказиш, қишлоқ хўжалигида давлат томонидан қўллаб-қувватлаш кўламини кенгайтириш ва суғурталашнинг янги механизмларини амалга ошириш, шунингдек тупроқ унумдорлигини ошириш ва муҳофаза қилиш масалалари белгилаб ўтилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасининг тўртинчи йўналиши экология, сув масалаларига бағишланганлини айтиб ўтишимиз мумкин. Ушбу мурожаатномада қишлоқ хўжалигида ислоҳотлар давом этаётганлиги, шу йилнинг ўзида 100 минг гектар экин ерини аҳолига деҳқончилик қилиш учун бўлиб берилганлиги ҳамда бунинг ҳисобидан 1,5 миллион тонна қўшимча озиқ-овқат етиштирилганлиги таъкидлаб ўтилган.

Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудуди бўйича умумий ер майдони 44892,4 минг гектарни ташкил этмоқда. 2022 йилнинг 1 январь ҳолатига Республикада фаолият юритаётган қишлоқ хўжалиги корхоналари ва бошқа ташкилотлар ҳамда фуқароларнинг фойдаланишидаги ерлар 27148,5 минг гектарни, қишлоқ хўжалиги ерлари майдони 22116,1 минг гектарни, шундан суғоришга мўлжалланган ерлар 3694,9 минг гектарни ташкил қилади.

Ўзбекистон Республикасида мавжуд бўлган ер тоифалари орасидан қишлоқ хўжалиги мақсадлари учун мўлжалланган ерларга ҳам ҳудуди, ҳам аҳамияти жиҳатидан катта устунлик берилган. 2022 йил 1 январь ҳолатига кўра, Ўзбекистон Республикасида қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар умумий ҳудуднинг 60.48 фоизини эгаллаган ва доимий фойдаланишда бўлиб келмоқда.

Ҳудудларда ер қонунчилигига риоя қилмаслик, ер участкаларидан мақсадсиз фойдаланиш, жумладан ноқонуний қурилмалар қуриш, шунингдек, ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳамда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар талон-торож қилинишининг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 21.02.2022 й. ПҚ-138-сон "Ер участкаларидан фойдаланишда давлат назорати самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори қабул қилинди. Қарорга мувофиқ, Бош прокуратура таркибида Ер ресурслари талон-торож қилинишининг олдини олиш бошқармаси ҳамда Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳар прокуратураларида Ер ресурслари талон-торож қилинишининг олдини олиш бўлимлари ҳамда ИИВ Тезкор-қидирув департаментида эса Ер ресурслари талон-торож қилинишига қарши курашиш бўлимлари ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Кишлоҳ хўжалиги вазирлиги ҳамкорликда Тошкент вилоятининг Қибрай, Юқори Чирчиқ, Ўрта Чирчиқ, Қуйи Чирчиқ, Янгийўл ва Зангиота туманларидаги ерлар хатловдан ўтказилганда Қибрай туманида 76 та ҳолатда 8б,01 гектар, Юқори Чирчиқ туманида 11 та ҳолатда 36,9 гектар, Ўрта Чирчиқ туманида 7 та холатда 8,08 гектар, Қуйи Чирчиқ туманида 18 та холатда 34,7 гектар ва Зангиота туманида 69 та холатда128,94 гектар, жами 181 та ҳолатда 294,63 гектар қишлоқ хўжалиги ерларида ноқонуний ҳолатлар мавжудлиги аникланди, жумладан:

-77 та холатда 88,81 гектар майдонда ноконуний уй-жой қурилган;

- 83 та холатда 183,04 гектар майдонда нотурар жой қурилган;

- 6 та холатда 5,13 гектар майдонда иссикхона курилган;

- 2 та холатда 0,8 гектар майдонда ер участкаси каръер сифатида ковланган;

- З та холатда б,81 гектар экин ер майдони яроксиз ҳолга келтирилган;

-10 та ҳолатда 10,04 гектар ер участкаси ўзбошимчалик билан (девор билан ўралган) эгаллаб олинган.

Амалдаги қонунчиликларда ҳам ер қонунчилигини бузганлик учун Жиноят, Фуқаролик, Меҳнат, “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодекслардан ташқари Ўзбекистон Республикаси Ер кодекси, “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда ҳам жавобгарликлар белгилаб ўтилган.  Юқоридагилардан кўриниб турибдики, ер қонунчилигини бузганлик учун жавобгарлик белгиланганлигига қарамасдан амалиётда қонунбузарлик ҳолатлари ҳамон учраб турганлиги ачинарли ҳолат.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, қуйидаги фикрларни билдириб ўтишимиз мумкин:

Биринчидан, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни бошқа тоифага ўтказишга қатъий чекловлар қўйиш;

Иккинчидан, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни муҳофаза қилиш чора-тадбирларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашни таъминлаш;

Учинчидан, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан оқилона фойдалаётган субъектларни иқтисодий рағбатлантириш;

Тўртинчидан, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан фойдаланиш ва уларни мухофаза қилиш қоида талабларини бузганлик учун жавобгарликни кучайтириш.

Фикримизни якунида шуни айтишимиз мумкинки, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар давлатимиз учун жуда катта ахамият эга. Шундай экан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни ҳозирги ва келажак авлодлар манфаатларини кўзлаган ҳолда сақлаб қолиш ҳамда унумдорлигини оширишга қаратилган қонунчилик нормаларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш, уни самарали ижросини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш зарур.

 

Кенжаев Р.Х.

Тошкент давлат юридик университети

Экология ҳуқуқи кафедраси профессор в.б.