“Ўзбекистон Республикасининг Давлат мус­тақиллиги асослари тўғрисида”ги қонуннинг 7-моддасида, Ўзбекистон Республикаси Давлат мус­тақиллигининг моддий асоси унинг мулкидир. Республика ҳудудидаги ер, ер ости бойликлари, сув ва ўрмонлар, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, табиий ва бошқа ресурслар Ўзбекистон Республикасининг миллий бойлиги, мулки ҳисобланади, деб белгиланган.

“Ўзбекистон Республикасининг Давлат мустақиллиги асос­лари тўғрисида”ги Қонунидаги ушбу қоидалар конституцион қоидалар ҳисобланиб, улар янги тахрирда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси  Конституциясида ўз ифода­сини топган.

Конституцияда мустаҳкамланган шахс, жамият ва дав­латнинг  ижтимоий, иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий, маданий-маъри­фий каби ижти­моий муносабатлар билан бирга ҳар бир мустақил давлатнинг муҳим белгиси саналган ерга нисбатан мулк ҳуқуқи алоҳида ердан оқилона фой­даланиш ва муҳофаза қилиш муноса­батларини тартибга солишнинг асосий шарти сифатида эътироф этилган.

Асосий Қонунимизнинг 49, 62, 66, 68, 115 ва 123-моддаларида атроф табиий мухитни мухофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда аҳолини экологик хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ ҳуқуқий қоида-талаблар мус­таҳкамланган.

Хусусан, Конституциямизнинг 49-моддасида “Ҳар ким қулай атроф-муҳитга, унинг ҳолати тўғрисидаги ишончли ахборотга эга бўлиш ҳуқуқига эга.

Давлат фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини таъминлаш ва атроф-муҳитга зарарли таъсир кўрсатилишига йўл қўймаслик мақсадида шаҳарсозлик фаолияти соҳасида жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратади. Шаҳарсозлик ҳужжатларининг лойиҳалари қонунда белгиланган тартибда жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилади. Давлат барқарор ривожланиш принципига мувофиқ, атроф-муҳитни яхшилаш, тиклаш ва муҳофаза қилиш, экологик мувозанатни сақлаш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади. Давлат Оролбўйи минтақасининг экологик тизимини муҳофаза қилиш ҳамда тиклаш, минтақани ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш юзасидан чоралар кўради” дейилган.

Шунингдек, Конституциямизнинг 62-моддасида “Фуқаролар атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга маж­бурдирлар” – деб мустаҳқамлаб қўйилган, унда атроф табиий муҳитнинг асосий ажралмас қисми ҳисобланган ер ресурсларига нисбатан фуқароларнинг мажбу­риятлари белгиланган.

Конституциянинг “Жамиятнинг иқтисодий негизлари” – деб, номланган ХII боби 66-моддасида “Мулкдор ўзига тегишли бўлган мол-мулкка ўз хоҳишича эгалик қилади, ундан фойдаланади ва уни тасарруф этади. Мол-мулкдан фойдаланиш атроф-муҳитга зарар етказмаслиги, бошқа шахсларнинг, жамият ва давлатнинг ҳуқуқларини ҳамда қонуний манфаатларини бузмаслиги керак” дейилган.

Бундан ташқари Конституциямизнинг 68-моддасида “Ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий ресурслар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир. Ер қонунда назарда тутилган ҳамда ундан оқилона фойдаланишни ва уни умуммиллий бойлик сифатида муҳофаза қилишни таъминловчи шартлар асосида ва тартибда хусусий мулк бўлиши мумкин” деб мустаҳқамлаб қўйилган.

Ушбу конституциявий қоиданинг аҳамияти шундаки, би­ринчи­дан, мустақиллигимизни моддий асосини ташкил этувчи ер ва бошқа та­биий бойликлар халқимизнинг умуммиллий бойлиги, мулки эканлиги; ик­кинчидан, ер ресурсларидан фақат оқилона фойдаланиш зарурлиги; учинчидан, ер-ҳуқуқий муносабатларни давлат томонидан кафолатланиши каби муҳим тамойилларни мустаҳкамлайди.

Шунингдек, ер қонунда назарда тутилган шартлар асосида ва тартибда хусусий мулк ҳам бўлиши белгиланган. Бироқ қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар хусусий мулк объекти бўлиши мумкин эмас.

Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг олтинчи бобида қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлари ҳақида сўз юритилган.

Қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун бериб қўйилган ёки ана шу мақсадлар учун белгиланган ерлар қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар ҳисобланади. Қишлоқ хўжалиги ерлари махсус муҳофаза қилиниши лозим.

Қишлоқ хўжалигида фойдаланиш ва суғориш учун яроқли бўлган, сув ресурслари шу ерларни суғоришни таъминлай оладиган суғориш манбаи билан боғланган доимий ёки муваққат суғориш тармоғига эга бўлган ерлар суғориладиган ерлар жумласига киради. Суғориладиган ерлар махсус муҳофаза қилиниши лозим. Ушбу ерларни ер фондининг бошқа тоифасига ёки суғорилмайдиган ерларга ўтказиш алоҳида ҳолларда, тупроқ-мелиоратив ва иқтисодий шароитлар, ерларнинг сув билан таъминланганлиги даражаси, шунингдек сув ресурсларининг мавжудлиги ҳамда уларга доир лимитлар ҳисобга олинган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг ҳамда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлигининг хулосаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармойиши билан амалга оширилади.

Тупроқ унумдорлигига кўра ўртача туман бонитет баллидан 20 фоиздан кўп бўлган суғориладиган қишлоқ хўжалиги ерлари алоҳида қимматга эга бўлган унумдор суғориладиган ерлар жумласига киради. Алоҳида қимматга эга бўлган унумдор суғориладиган ерлар махсус муҳофаза қилиниши лозим ва уларнинг суғорилмайдиган ерлар жумласига ўтказилишига йўл қўйилмайди.

Юқоридагилардан кўриниб турибдики, қишлоқ хўжалиги ерлари таркибига кирувчи суғориладиган ерлар ҳамда алоҳида қимматга эга бўлган унумдор суғориладиган ерлар махсус муҳофаза қилиниши лозимлиги, уларни суғорилмайдиган ерлар жумласига ўтказилишига йўл қўйилмаслиги таъкидлаб ўтилган.

Фикримизни давоми сифатида шуни айтишимиз мумкинки, ҳозирги кунда озиқ-овқат хавфсизлиги ҳамда дунё аҳолисининг экологик тоза қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш ҳар қачонгидан долзарб бўлиб қолмоқда.

Қишлоқ хўжалиги ерларида етиштирилаётган маҳсулотлар аҳоли моддий турмуш тарзини яхшилаш, кундалик эҳтиёжларини қондириш билан биргаликда давлат иқтисодиётининг юксалишига хизмат қилмоқда.

Фақат қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар тўғридан-тўғри қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун ишлатилади ва ишлаб чиқаришнинг ажралмас воситаси ҳисобланади.

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар ҳақли равишда ҳаётий фаолиятнинг стратегик объекти, мамлакатнинг иқтисодий ва экологик фаровонлигининг асоси ҳисобланади.

Юқорида баён этилган фикрлардан келиб чиқиб, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланишни таъминлаш мақсадида ушбу ерларни бошқа тоифаларга ўтказишга нисбатан мораторий жорий этиш масаласини кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз. Зеро, ер бошқа табиий ресурслар сингари чекланган ва ўрнини тўлдириш имконияти ниҳоятда чекланган табиий бойлик ҳисобланади. Айниқса, унумдор қишлоқ хўжалиги ерларининг йўқотилиши, деградацияга учраши, шўрланиши ва эрозияга дучор бўлиши озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш ҳажмига, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг барқарорлигига ҳамда мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Шу маънода, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар нафақат иқтисодий фаолият юритиш воситаси, балки аҳолининг озиқ-овқатга бўлган эҳтиёжларини қондириш, экологик мувозанатни сақлаш ва келажак авлодларнинг манфаатларини таъминлашнинг муҳим табиий асоси ҳамдир. Шу муносабат билан қишлоқ хўжалиги ерларини бошқа тоифаларга ўтказишни қатъий ҳуқуқий мезонлар асосида тартибга солиш, бундай ҳолатларга фақат қонунда белгиланган истисно ҳолларда йўл қўйиш, ерларнинг асоссиз равишда қишлоқ хўжалиги муомаласидан чиқарилишининг олдини олиш зарур. Бунда ерларни муҳофаза қилишга оид конституциявий принциплар, экологик хавфсизлик талаблари, озиқ-овқат хавфсизлиги манфаатлари ва барқарор ривожланиш мақсадлари ўзаро уйғунлаштирилиши лозим.

Хулоса қилиб айтганда, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларнинг ҳуқуқий муҳофазасини кучайтириш, уларни бошқа тоифаларга ўтказиш масаласини қонунчилик асосида аниқ белгилаш ер ресурсларини келажак авлодлар учун сақлаб қолишнинг муҳим кафолатларидан бири ҳисобланади.

Кенжаев Р.Х.
Тошкент давлат юридик университети
Экология ҳуқуқи кафедраси профессори