Сўнгги йилларда мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020 — 2030 йилларга мўлжалланган стратегияси қабул қилингани соҳани тубдан ислоҳ қилишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бинобарин, Стратегияда белгилаб берилган устувор вазифаларнинг амалга оширилиши натижасида янгидан-янги хўжалик юритувчи субъектлар ишга туширилди. Хўжалик юритишнинг замонавий услублари ва илғор шакллари, жумладан, турли ихтисослашувдаги кластерлар, қишлоқ хўжалиги бирлашмалари (кооперация) ташкил этилди. Шу билан бирга, ҳудудларда жами 51,9 минг гектар ер қайта фойдаланишга киритилди.
Аммо, бу ютуқлар билан бирга, Стратегияда белгиланган қатор тадбирларни ўз вақтида ва самарали рўёбга чиқаришга таъсир қилаётган муаммолар ҳам мавжуд. Жумладан, ерларни ўзлаштиришда давлат-хусусий шерикчилик тамойиллари тўғри йўлга қўйилмаган, соҳага хусусий инвестиция киритиш масаласига оид муаммолар тўлиқ ўз ечимини топмаган. Пахта хом-ашёсини етиштирувчи фермер хўжаликлари билан пахта-тўқимачилик кластерлари ўртасида шартномавий муносабатлар тўғри йўлга қўйилмаган.
Юртимизда бошоқли дон етиштириш учун барча шарт-шароитлар яратиб берилишига қарамасдан, республика бўйича жами 2 229 та фермер хўжалигида давлатга дон сотиш шартномавий режаси бажарилмаган. Шунингдек, Андижонда 7,5 минг, Бухорода 2,5 минг, Жиззахда
8,1 минг, Қашқадарёда 26 минг, Сирдарёда 36,8 минг, Фарғонада 15,2 минг гектар майдонларга белгиланган такрорий экинлар экилмаган. Айниқса, мойли экинлар учун такрорий майдонлар кам ажратилгани ўсимлик ёғи нархи барқарорлигига салбий таъсир қилмоқда. Натижада жорий йилнинг октябрь ойида бозорларда ўсимлик ёғи нархининг сезиларли даражада кўтарилиши кузатилди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган йиғилишда депутатлар, шунингдек, озиқ-овқат хавфсизлигининг муҳим бўғини ҳисобланган уруғчилик соҳасидаги ишлар, сабзавотчилик, полизчилик, мевачилик соҳаларида механизациялаш даражасини ошириш, айниқса, пахтани механизациялаш усулида териб олиш кўламини кенгайтириш бўйича олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар лозим даражада ташкил этилмаганини ҳам қайд этди.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, мажлисда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Шуҳрат Ғаниевга “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020 — 2030 йилларга мўлжалланган стратегиясида белгиланган устувор йўналишларни амалга ошириш бўйича олиб борилаётган ишлар тўғрисида” қонунчилик палатасининг парламент сўровини юбориш ҳақида қарор қабул қилинди.