Мамлакатимизда хотин-қизларни жамиятдаги мавқеини ошириш ва иқтидорли қизларни қўллаб-қувватлаш мақсадида жорий йил республика бўйича олий таълим муассасаларга кириш учун қўшимча 4 фоизли қабул квоталари ажратилди. Бунда асосан, кам таъминланган, ота-онаси вафот этган, жисмоний имконияти чекланган, доимий уй-жойига эга бўлмаган оилаларда яшаётган, олий маълумотли хотин-қизлар билан қамраб олиш даражаси паст бўлган ҳудудларда яшовчи хотин-қизларга танлов асосида олий таълим муассасаларига киришда қўшимча квота ажратилди.
Шулар орасида республикамизнинг турли ҳудудларида яшовчи 46 нафар хотин-қиз ушбу имтиёз сабаб, Фарғона давлат университети талабаси (грант асосида) бўлишдек бахтга сазовор бўлди. Университет ректори Равшанбек Мақсудов имтиёзли ўқишга қабул қилинган бир неча талабаларнинг хонадонида бўлиб, уларни қутлади.

Фарғона шаҳри Қува кўчаси 54-уйда истиқомат қилувчи Саодатхон Ҳошимова хонадонида ҳам шодиёна ҳукмрон. У инглиз тилига жуда қизиқади. Берилган имтиёз асосида ана шу йўналиш талабаси бўлди. Университет ректори талаба қиз ва унинг онасига мамлакатимизда хотин-қизларга берилаётган шарт-шароит, имкониятлардан тўғри ва оқилона фойдалангани билан самимий муборакбод этди.
–Қизлар учун ўқиш ва ҳунар ўрганиш жуда ҳам керак, – дейди филология факультети декани Зокиржон Раҳимов. – Бу уларнинг ҳаётида жуда ас қотади. Шу боис ҳам давлатимиз раҳбари бу масалага алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Мана бу имтиёз ҳам уларнинг орзуларига катта рағбатдир.
Шунингдек, Фарғона шаҳри Муборак кўчаси 9-уйда истиқомат қилувчи ўзбек тили йўналишига қабул қилинган Юлдузхон Халилова, Бозорбоши кўчасида яшовчи тасвирий санъат йўналиши талабаси бўлган Севдорахон Қодировалар хонадонларига борилиб, уларга самимий табриклар билдирилди.
Президентимиз ташаббуси билан берилган имкониятнинг илк совриндорлари бўлган бу қизларга эсдалик совғалари топширилди. Имтиёз асосида давлат грантига Фарғона давлат университетига қабул қилинган барча қизларга ректор табрикномаси етказилди.