Бугунги ривожланган даврда биз ёшларга қаратилган эътибор бениҳоя чексиздир. Ҳар бир ёш авлод ўқиши, изланиши ва билим олиши учун турли хил танловлар ва мунозарали баҳслар ўтказиб келинмоқда. Буларнинг ҳаммаси, албатта, биз учун. Лекин биз шундай замонда яшамоқдамизки, рағбатлантиришмаса, ўқиганимизга яраша жавоб қайтаришмаса ўз устимизда ишлашни сусайтириб қўймоқдамиз.

Биламизки, ўтмишда ҳеч қандай техника, электр энергияси бўлмаган. Ота-боболаримиз охиратни ўйлаб, илмни миллати учун омонат сифатида ўрганишган. Биздаги вазият уларникидан минг чандон яхшироқку. Уларга қимматбаҳо совғалар, автомобиллар беришмаса ҳам ўз устида тинимсиз ишлаганлар-ку. Буларнинг барчаси бугунги кун ёшлари учун ачинарли, албатта. Аждодларимизда китоб етишмовчилиги кузатилса ҳам улар тўхташмаган. Биз эса, рағбатлантиришмаса, қўллаб-қувватлашишмаса, ўқи, излан деб таъкидлаб туришмаса ўқимайдиган даражагача келдик. Балки буларга сабаб ижтимоий тармоқлар ёки ота-оналарнинг ўз фарзандларига етарлича эътибор қаратишмаганлигидадир. Бугунги кундаги тизим сифат билан эмас, аксинча рақамлар билан ишламоқда. Бу эса ачинарли ҳолат.

Яна бир жиҳатга эътибор қаратадиган бўлсак, оилаларда ўғил фарзанд дунёга келса, “катта бўлсанг министр, прокурор, президент бўласан, буюк инсон бўлишинг керак”, деб мотивация берилади. Қизларимизга эса “Ўқиб олим бўлармидинг”, “Қиз болага ўқишни ким қўйибди”, “Ўқиб шаҳар олиб берармидинг” деган мазмундаги гапларни бот-бот айтишади. Қайсидир маънода улғайиб келаётган қизлар шу қарашлар остида улғайишади ёки ҳаракат қилишади. Ота-оналар қизлар йигирма, йигирма бир ёшга тўлишлари билан эрга беришга тушади. Тўғри, қиз бола учун биринчи ўринда оила, унинг шаъни туради. Лекин ўқиган, таълим олган қиз бола ҳеч қачон оиласини кўчага қўйиб, ўзи бекорчи вақт ўтказиб юрмайди. Қиз бола ҳам инсон, у ҳам орзу қилишга ва мақсади учун курашишга ҳаққи бор. Бундан ташқари, фарзандлар тарбияси билан, асосан, оналар шуғулланишади. Бўлажак оналарни тарбиялашимиз керак, улар учун имконият яратишимиз керак. Европада ёшларнинг онгини ривожлантириш, тўғри мақсад қўйиш, катта лойиҳаларни амалга оширишлари учун “Биг пиcтуре” деган тизим қўлланилади. Бу қанақа тизим? Бу тизим ёшларнинг мақсад ва орзуларини аниқлаштириб олишда жуда фойдали тизим ҳисоблананди. Масалан, мактабда болалардан катта бўлсанг ким бўласан, нимани хоҳлайсан, улғайганингда нимани бажарсанг мазза қиласан, роҳатланасан деб сўралади ва шу тарзда унинг мақсади аниқланади. Мақсади аниқланганидан кейин “Биг Пиcтуре”да унга йўл харитаси чизиб берилади. Бундан ташқари, бу тизим доирасига болаларга ёшлигидан мотивациялар берилиб борилади. Масалан, ўнта беш олсанг пул бераман деб рағбатлантириш керак эмас. Аксинча, болага ўн биринчи синфни беш баҳолар билан битирсанг, яхши ўқиб, намунали хулққа эга бўлсанг, мана шу лицейга ёки мана шу олий ўқув юртига киришингга рухсат бераман. Агар яхши ўқимасанг, жамият учун фойдасиз инсонга айланиб қоласан, бошқа ишлар қилиб юрасан деб тушунтиришлар берилади. Мазкур тизимни болага ўз ота-онаси ва унга синф раҳбар сифатида бириктириб қўйилган ўқитувчи боланинг қизиқишларига қараб тузиб бериши керак. Битта синф раҳбар ўттизта болага бириктирилган бўлса, у ўттиз кун давомида бўлса ҳам ҳар бир бола билан индивидуал шуғулланиши йўлга қўйилиши керак. Энг муҳими, бола ўз мақсадларини аниқлаштириб, шу мақсад сари дадил қадам ташлайди. Бу усул болани биринчи даражадан иккинчи даражага қандай чиқиши кераклигини ўргатади. Қизиқ жиҳати, ушбу усул пастдан тепага эмас, тепадан пастга тузиб чиқилади. Яъни олий мақсад белгиланиб, унга элтувчи кичик қадамлар аниқлаштириб олинади ва бола босқичма-босқич пастдан тепага чиқади.

 Тўғри, Президентимиз, мутасадди ташкилотлар таълимни ривожлантиришда жонбозлик кўрсатяпти. Лекин бу ривожланиш фақат шаҳарлар, марказ жойлар билан чекланиб қолган. Ҳолбуки, қишлоқ ва чекка жойларни шароитини ўрганадиган бўлсак, минг афсуски, ачинарли вазиятларни кўришимиз мумкин. Вилоятлардаги олийгоҳларда, таълим муассасаларида аҳвол сира яхши эмас. Биргина мисол, ўзим улғайган Жиззах вилояти Зафаробод туманида жойлашган Чимқўрғон ҚФЙ доирасини оладиган бўлсак, у ерда ёшлар таълими, ривожланиши, соғлом ҳаёт кечириши, ёшлар вақтини унумли ва мароқли ўтказиши учун етарли шароитлар яратилмаган. Яъни, кутубхоналар, спорт масканлари, кўнгилочар боғлар, умуман йўқ. Яна бир ачинарли ҳолат шуки, ўқитувчиларнинг етишмаслиги, бор ўқитувчилар ҳам ўзларининг мутахассислигидан келиб чиқиб эмас, балки бошқа турдош фанлар доирасига дарс олиб боришлари кўнгилни хира қилади. Мисол учун, кимё ўқитувчиси мусиқадан, меҳнат ўқитувчиси эса тарихдан дарс бериши хамир учидан патир. Булар етмаганидек, қўшни қишлоқ мактабларида ҳам бу ҳолат учраб тургани, ҳаттоки ўқитувчилар етишмаслиги ва бунинг натижасида бизнинг устозлар ҳафтасига икки-уч кун бориб дарс ўтиб келишлари кузатилади.

Статистикаларга кўра, юртимиздаги 2019-йилда 100 фоиз абитурентларнинг атига 20 фоизи сал кўпроғи талаба бўлиш бахтига эришган бўлса, 2020-йилда эса бу кўрсатгич 27 фоизга яқинлашган. Бу эса МДХ давлатлари орасида энг кам кўрсаткич. Бунинг натижаси ўлароқ, ўқишга киролмаган абитурентлар хорижга топширишларига тўғри келади. Бу эса Ўзбекистон эмас, балки чет эл ўқишларига талабнинг ортиб боришига туртки бўлади.

Илм-фан ва таълим тарбияни ривожлантириш ва талабаларнинг ўзини ўзи бошқариш қўмитасини ташкиллаштириш ва бу тизимни ҳар битта олий таълим муассасасаларида ректорлар бошчилигида амалга оширилиши ўйлайманки, талабаларнинг ўсиши учун айни муддао бўларди. Сабаби, ёшлар ўзларини ўзлари тушунишади ҳамда нима хоҳлашларини аниқ билишади. Фақат уларга имкон яратиш керак.

Президентимиз биз, ёшларга кўплаб имкониятлар яратяпти. Аммо қачонгача бизга имконият яратишади. Жамиятимизда фойдаланилмаётган имкониятлар жудаям кўп. Фақат уларни бир жойга, бир мақсад асосида йиғиш вақти келди. Мақсадни аниқ олиб, бу йўлда қийинчилик ва тўсиқларга учрасак ҳам ўрнимиздан туриб, йўлимизни давом этишимиз керак. Зеро, жамият ҳаёти, юртнинг тинчлиги ва фаравонлиги, буюк келажак бизнинг қўлимизда!

Муниса Абдуваҳобова,

Тошкент давлат юридик университети Халқаро ҳуқуқ ва қиёсий ҳуқуқшунослик факультети талабаси