Навоий вилояти, Нурота туманининг “Дехибаланд” МФЙ ҳудудида яшовчи фуқаро Э.Ж. хонадонига номаълум ҳайвон кириб қолганлиги тўғрисида Нурота туман Экология бўлими давлат инспекторларига мурожаат қилди.
Ўрганиш натижасида фуқаронинг уйига Ўзбекистон "Қизил китоби"га киритилган олакўзан келиб қолганлиги, ҳолати қониқарли эканлиги маълум бўлди. Олакўзан Нурота туманининг дашт ҳудудига олиб борилиб, очиқ табиатга қўйиб юборилди.
Маълумот учун, олакўзан қишлоқ хўжалиги мақсадида ерларнинг жадал ўзлаштирилиши билан боғлиқ равишда кескин камайиб кетган. Мирзачўл, Қарши чўлининг катта қисми ва Туркистон тоғининг ёнбағирларида ушбу тур жониворлар йўқолиб кетган. Мамлакатимиздаги тахминий сони – 5 мингта атрофида.
Шунингдек, Навоий шаҳрида яна бир фуқаро А.Хнинг уйига номаълум ҳайвон кириб қолганлиги тўғрисида мурожаат қилди.
Ўрганиш натижасида хонадонга Ўзбекистон Қизил китобига киритилган қирғий бургут келиб қолганлиги аниқланди. У чўл ҳудудига олиб борилиб, очиқ табиатга қўйиб юборилди.
Маълумот учун, қирғий бургут бутунлай йўқ бўлиб кетиш арафасида турган учиб ўтувчи номинал кенжа тур ҳисобланиб, ТМХИ Қизил рўйхатига киритилган. Қизилқумдаги қолдиқ тоғларда топилган саноқли уялари маълум. Каттақўрғон ва Шеробод атрофларида ҳам бўлгани тахмин қилинади. ХХ аср бошидан 60-йилларигача 20 га яқин кўчманчи зоти қайд этилган. Ҳозирда уяламай қўйган. 1980–1990-йилларда жануби-ғарбий Қизилқумда кўчиб юрувчи 4 донаси ҳисобга олинган (Бухоро ихтисослашган “Жайрон” питомниги, Қарнабчўл). Дунёдаги популяцияси қисқариб бормоқда.