Давлат экология қўмитаси тасарруфидаги "Нурота" давлат қўриқхонаси ҳудудига ўрнатилган фотоқопқонларга Қизилқум архарларининг бир суруви суратга олинди.
Халқаро Қизил Китобга киритилган Қизилқум архари (Северцов қўйи) Ўзбекистондаги эндемик тур ҳисобланиб, ўтган асрни 60-70 йилларида батамом йўқолиш хавфи остида қолган. Маълумотларга қараганда, ўтган асрда Нурота тоғларида 100-150 бош архарлар қолган эди. "Нурота" давлат қўриқхонаси ташкил этилгандан кейин архарларнинг популяцияси қўриқхона ҳудудида сақлаб қолинди.
Қўриқхона ҳудудида илмий ходимлар ва нозирлар томонидан ҳар йили баҳорги ва кузги саноқ олиб борилади. Охирги саноқ натижаларига кўра уларнинг сони ўртача 1400 тага етганлиги маълум бўлди.
Олиб борилаётган доимий муҳофаза чоралари натижасида қўриқхонада архарларнинг сони барқарорлашган.