Учрашувда иштирокчилар парламент фаолияти хусусан, қонунчилик ва қонун ижодкорлиги жараёни билан яқиндан танишиш ҳамда сенаторлар билан бўлиб ўтган жонли мулоқот натижасида сиёсий билим ва кўникмаларини янада бойитиш имкониятига эга бўлди.
Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси М.Қодирхонова бугунги кунда олиб борилаётган ислоҳотлар ва ўзгаришларда хотин-қизларнинг ўрни ва иштирокига тўхталиб ўтиб, ҳар бир амалга оширилаётган ўзгаришлар билан ёнма-ён юриш, имкониятлардан фойдаланиш муҳимлигини таъкидлади. Шунингдек, Сенат фаолиятининг ҳуқуқий асослари, ваколат ва вазифалари, қонунларни кўриб чиқиш ҳамда қабул қилиш жараёнларининг айрим жиҳатлари, парламент назоратини олиб бориш тўғрисида батафсил маълумотлар берилди.
Қайд этиш керакки, Халқ таълими вазирлиги ташаббуси билан 2019 йилдан буён Қизларжон клубида лидерлик, ижтимоий-сиёсий фаоллик, маънавий-ахлоқий тарбияни юксалтириш, касб-маҳоратини ошириш мақсадида 38 мингдан зиёд ўқувчи-қизлар қамраб олинган.
Улар орасидан 120 нафар ўқувчи-қизлар модератор сифатида фаолият юритиши ва 14 мингга яқин ўқувчи-қизлар тенгдошлик тамойили асосида турли мазмундаги учрашувларни ташкил этиб келяпти.
Самимий мулоқот давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларига батафсил жавоблар олди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.